Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:35

Тожик-афғон чегарасида террорчиларга қарши амалиёт ўтмоқда


Афғонистон билан чегара ҳудудида Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг Чегара қўшинлари бошқармаси қўшни давлатдан ўтган террор гуруҳига қарши амалиёт ўтказмоқда. Ўзаро отишма чоғида ҳар икки тарафдан бир нафардан одам ҳалок бўлган.

Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара қўшинлари бошқармаси маълумотига кўра, 7 март куни эрталаб тожик-афғон чегарасининг бир неча жойида қуролланган террорчиларга қарши амалиёт давом этган.

Чегара қўшинлари бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Муҳаммад Улуғхўжаев душанба куни Озодликнинг тожик хизматига 5 март куни Тожикистон чегарасини бузиб ўтган қуролли гуруҳни йўқ қилиши бўйича амалиёт ҳали ҳам давом этаётгани, тожик аскарлари Панж дарёси бўйлаб жойлашган оролчаларда тозалаш амалиётини олиб бораётганини маълум қилди.

Унга кўра, ҳозиргача қуролли гуруҳнинг фақат бир аъзоси - Фасҳиддин валади Қурбон ўлдирилган, гуруҳнинг икки ёки уч аъзоси қўлга олинган.

Улуғхўжаев отишма чоғида тожикистонлик тўрт чегарачи ўлганига оид мишмишларни рад этди. Мулозимнинг айтишича, жанг чоғида прапоршчик Суҳроб Сафолов ҳалок бўлган.

Афғонистонлик маҳаллий расмийлар шанба куни “Панж” чегара отряди ҳудудида тожик чегарачилари билан жангга киришган қуролли гуруҳ Толибон экстремистик ҳаракатига мансублигини айтмоқдалар.

Имом Соҳиб ноҳия маъмурияти раҳбари Амонуддин Қурайший 6 март куни Озодликнинг тожик хизматига берган суҳбатида бу қуролли гуруҳ Толибон ҳаракатига киришини, 9 жангаридан иборат гуруҳ етакчиси бўлган Мирафзал валади Арбоб эса ўтмишда контрабандист бўлиб, кейинчалик толибларга қўшилганини айтганди.

Қурайший Афғонистоннинг Имом Соҳиб ноҳияси ҳудудидаги Тожикистон билан чегараси Толибон ҳаракати жангарилари назорати остида эканини қайд этган. Унга кўра, ҳозирда толиблар Қундуз вилоятига қарашли Имом Соҳиб ноҳияси ҳудудининг 30 фоизини ўз назоратига тутиб турибдилар.

Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара қўшинлари бошқармасининг жамоатчилик билан алоқалар маркази шанба куни эрталаб соат 9.30 да “Панж” чегара маскани ҳудудида чегарани қўриқлаётган аскар ва зобитлар Афғонистон Ислом Республикаси фуқароси Мирафзал валади Арбоб Шерафзал бошчилигидаги 9 кишидан иборат қуролли гуруҳнинг чегарани ноқонуний равишда кесиб ўтишининг олдини олгани ҳақида хабар тарқатганди.

Чегара қўшинлари бошқармаси маълумотига кўра, ҳозирда “бу жиноятга алоқадор одамлар шахси аниқланган ва уларга нисбатан Тожикистон Республикаси қонунчилиги талаблари асосида кескин чоралар кўрилади”.

XS
SM
MD
LG