Линклар

logo-print

Савченко билан ҳибсхонада Украина консуллари учрашди


Надежда Савченко

Надежда Савченко

Бугун Украина консуллиги ходимлари тўрт кундан буён ҳибсхонада очлик қилаётган учувчи Надежда Савченко билан учрашди.

Консуллик ходимларига кўра, Савченко ўзини яхши ҳис қилаяпти, бироқ очлик ўз асоратларини кўрсата бошлаган.

Савченкони консуллик ходимлари очликни тўхтатишга кўндиришга уринишган, бироқ у охиригача очликни тўхтатмаслигини айтган.

Ҳибсхона ходимлари Савченкони куч билан овқатлантиришга ҳаракат қилиш ҳолатлари кузатилмагани айтилаяпти.

Якшанба куни Россия президентининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Элла Памфилова Савченко оиласи билан боғланиб, учувчи аёлнинг соғлиги қониқарли аҳволда эканини маълум қилди.

Савченко ўзини Россия шифокорлари текширишидан бош тортганидан сўнг Украина Ташқи ишлар вазирлиги украиналик шифокорларни ҳибсхонага киришига рухсат сўради. Бироқ ҳозирча бу сўровга Россия томонидан бирор жавоб бўлмади.

Якшанба куни Киевда юзлаб норозилар Россия элчихонаси олдида митинг ўтказиб, Савченко озод этилишини талаб қилди.

Намойишчилар Россия элчихонаси биносига тош ва тухум отиб, бир нечта ойналарни синдирди, шундан сўнг бир автомашинани вайрон қилиб, Россия байроғига ўт қўйди.

Надежда Савченко 2014 йил июлида Украина ҳудудидан ўғиринча равишда Россияга олиб чиқиб кетилган эди. Россияда учувчи аёл Украинадаги фуқаролар урушини ёритаётган икки рус журналистининг ўлимида айбланмоқда.

Савченкога 9 март куни ҳукм ўқилиши мумкин. Прокурор украин учувчисига 23 йиллик қамоқ жазоси сўрамоқда. Савченко ўзига билдирилган айбловни тан олмаган.

Суд Савченкони сўнгги сўздан маҳрум қилганидан сўнг учувчи аёл 10 кунлик очлик эълон қилган.

XS
SM
MD
LG