Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:01

Жиззах кексалари туя сўйиб ҳудкушликнинг олдини олишмоқчи


Рассом Эдуард Маненинг "Ҳудкуш" асари
Рассом Эдуард Маненинг "Ҳудкуш" асари

Жиззахнинг Пахтакор туманидаги ëш йигит-қизлар ўртасида ўз жонига қасд қилганлар кўпайгани айтилаяпти. Бу хабарни текшириш асносида 10 минг киши истиқомат қиладиган Пахтакор туманида январь охири ва февраль бошидаги 15 кунлик муддатда бир йигит ва қиз ўзини осишга урингани маълум бўлди.

Аниқланишича¸ бу иккала ҳолатда ҳам ўзини осганлар охирги дақиқада қутқарилиб, туман касалхонасининг жонлантириш бўлимига олиб кетилган.

Озодликнинг Жиззах вилоят прокуратурасидаги манбасига кўра¸ хозирги кунда бу икки ҳодиса юзасидан текширув олиб борилмоқда:

- Битта тумандаги ëш йигит-қизлар ўртасида ўзини ўлдиришга уринишлар кўпайгани боис коллежларда тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. 9 мингдан сал кўп аҳоли яшайдиган жойда 15 кун ичида иккита ўзини ўлдиришга уриниш ҳодисаси юз берди. Бу хавотирли сигнал. Жорий йилнинг 24 январида 23 яшар Омонов Обид Шамсиевич бўйнига сиртмоқ солиб ўзини осган пайтда отаси етиб келиб қутқарган. Омонов осилиш оқибатида олинган жароҳат ташҳиси билан касалхонада даволанмоқда. Февраль бошида айни воқеа айни туманда такрорланяпти. 23 яшар Қиличева Камола Шокир қизи кечқурун ошхона томидаги ëғоч тўсинга арқон билан ўзини осган. Бу ҳолатда ҳам уни онаси қутқариб қоляпти. Қиз касалхонанинг жонлантириш бўлимида ўзига келган. Айни пайтда Қиличева Камола касалхонада қолмоқда¸ дейди манба.

Facebookда тарқалган хабарларда “Жиззахнинг Пахтакор туманида йил бошидан бери 20-25 ëшлардаги 8 йигит-қизнинг ўзини осгани” иддао қилинди.

Хабарда “Туя сўйиб қурбонлик қилиш эвазига ўзини ўлдириш муаммосини бартараф” қилиш учун пул йиғилаётгани айтилган.

Озодликнинг Пахтакор туманидаги манбаси¸ "Ҳазрати Билол" ва "Қорамирзо ота" масжидларидаги жума ҳутбаларида “ўз жонига қасд қилишнинг гуноҳи азим эканлиги” борасида ваъз қилинганини аниқлади:

-Туманда 5 масжид бор¸ Ҳазрати Билол ва Қорамирзо ота масжидидаги имомлар ўзини ўлдирган кишига жаноза буюрмайди¸ у кофир қаторида саналишини айтиб насиҳат қилди. Орифжон домла ҳам ҳар сафар айтади (Таҳр: Қорамирзо ота жомеъ масжиди имоми) Туя масаласида ташаббус имомдан чиқмади. Шунақа ирим бор экан. Маҳалла кексалари шу иримни қилмоқчи. Бу гап жумадан кейинги йиғилишда кексалар ўртасида бўлди¸ дейди суҳбатдош.

Манбанинг айтишича¸ кўп холларда гап –сўз бўлмасин деб, ўзини ўлдирганлар “ўзи ўлди дея расмийлаштирилгани”ни айтди:

- Масалан яқинда 25- совхозда бир қиз ўзини осиб ўлдирди. Одам тўпланди. Ҳамма кўрди шуни. Лекин қизни –ота-онаси бу гап овоза бўлишини исташмади. Ўзи ўлди, эпилептик эди деб доктордан қоғоз тўғирлаб "свидетельство о смерти" олишди¸ деди Озодлик манбаси.

Айни пайтда расмий идоралар жорий йилнинг январь-февраль ойларида саккизта суицид ҳолати рўй берганини тасдиқламади.

Расмийларга кўра¸ “Оилавий-маиший сабаблар боис ëшлар орасида ўз жонига қасд қилиш уринишлари“ кўпайган ва “Бунинг олдини олиш учун коллежларда тушунтириш ишлари” олиб борилмоқда.

Озодлик мухбири билан ижтимоий тармоқда ëзишган тошкентлик руҳшунос врач Гўзал Алижоновага кўра¸ суицидга интилиш аксар ҳолларда руҳий хасталар аломатидир:

- Суицид руҳий ëрдам кўрсатилмаган пайтда¸ профилактик ишлар олиб борилмаган пайтда учраши мумкин. Суицидни ҳеч қачон норма деб айтиб бўлмайди¸ дея таъкидлаган руҳшуносга кўра¸ ўз жонига қасд қилиш ниятида бўлганларга ўз вақтида керакли ëрдам кўрсатилса¸ исталмаган оқибатлар олди олиниши мумкин.

Википедиядаги маълумотга кўра 2012 йили Ўзбекистонда 2184 киши ўз жонига қасд қилган.

Ўзбекистонда ўқувчи ёшлар орасида турли сабабларга кўра ўз жонига суиқасд қилиш ҳолатлари учраб туради.

Бундан уч ой муқаддам Тошкент шаҳри, Чилонзор туманидаги Тиббиёт коллежининг 3-курс ўқувчиси Севара Облоқулова ўз ҳовлисининг иккинчи қаватидаги зинапоя панжарасига осилган ҳолда топилган эди.

Ўтган йилнинг 31 июль куни Самарқанднинг Пайариқ тумани Бурхут фуқаролар йиғини Аювча қишлоғида яшовчи 17 яшар ўқувчи қиз 63 яшар ҳамқишлоғи томонидан жинсий зўрланганидан сўнг молхона айвонининг тўсинига ўзини осган эди.

Май ойида Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидаги 93-мактабнинг 7- синфида ўқиган ўқувчи қиз ҳам ўз жонига қасд қилди.

Озодлик манбалари иддаосига кўра, мактаб директори қизнинг телефонидан беҳаё расмларни топиб олиб, уни синфдошлари орасида масхара қилган ва уятга қолган қиз уйида ўзини осган.

11 апрель куни эса¸ Жиззах шаҳридаги 5-умумтаълим мактабининг еттинчи синф ўқувчиси ўз жонига қасд қилди. Озодлик манбаларига кўра, 14 яшар қиз мактабда ўқитувчиси томонидан таҳқирлангандан сўнг ўзини осган.

XS
SM
MD
LG