Линклар

Украина дипломатлари тергов изоляторидаги Надежда Савченкони бориб кўришди


Надежда Савченко

Надежда Савченко

Россия қамоғида қолаётган Надежда Савченкони қўллаб-қувватлаб якшанба куни Киев ва хориждаги қатор шаҳарларда намойишлар ўтказилди. Жумладан Киевдаги намойиш пайтида, норозилар Россия элчихонасини тошбўрон қилишди. Украина ҳарбий пилоти Надежда Савченко ўзининг дарҳол озод этилишини талаб қилиб, очлик эълон қилди.

Украина консуллик хизмати ходимлари душанба куни Новочеркасск шаҳридаги 3-сонли тергов изоляторида сақланаётган ва тўрт кундан бери тўлиқ очлик сақлаётган, яъни на сув ва на овқат еяётган Савченкони бориб кўришди.

Бош консул Виталий Москаленконинг сўзларига кўра, Савченконинг аҳволи қониқарли, лекин очлик асоратлари аллақачон кўрина бошлаган.

“Тўла очликда бўлган одамнинг аҳволи қандай бўлиши мумкин? Табиийки, тахикардия, териси қуриб қолган, кўзлари чақнаб турибди, оёқларида шишлар пайдо бўлган. Қон босими пасайган – 100га 60. Ва аҳволи ёмонлашишда давом этмоқда”, дея билдирди Москаленко Озодлик рус хизматига.

“Биз уни ўз қароридан қайтаришга ҳаракат қилдик, у аллақачон ғалаба қилгани ва шунинг учун ҳаётини сақлаб қолиши лозимлигини унга тушунтирмоқчи бўлдик. Ҳеч бўлмаса сув ичишга кўндиришга ҳаракат қилдик, лекин у кескин рад қилди. Охиригача кураш ниятида экани ва охиригача очликни сақлашини билдирди”, деди бош консул.


Москаленконинг яна қайд этишича, жисмоний ҳолатининг мунтазам ёмонлашиб бораётганига қарамасдан, Савченко ўз фикри ва ҳаракатларини назорат қилмоқда.

Тергов изолятори ходимлари Севченкони зўрлаб озиқлантириш ҳаракатларини амалга оширмагани айтилмоқда. Бундан ташқари якшанба куни унинг олдига Россиянинг инсон ҳуқуқлари масаласи бўйича фавқулодда вакили Элла Памфилованинг ходими келиб кўриб кетган.

Украина ҳарбий пилоти Савченко ўзининг россиялик врачлар тарафидан кўрикдан ўтказилишини тақақлаб қўйган. Украина Ташқи ишлар вазирлиги россиялик ҳамкасбларидан Новочеркасск тергов изоляторига украин врачларининг киритилишига рухсат этиш тўғрисида сўровнома жўнатди. Лекин ҳозирча бу сўровга жавоб бўлгани йўқ.

Озодлик рус хизмати ихтиёрида Савченко тергов изоляторида ёзган мурожаатномаси мавжуд. Украиналик ҳарбий аёл ўзининг озод этилишига ҳисса қўшиши мумкин бўлган кишилардан бунинг учун барча воситаларни ишга солишни илтимос қилди.

“Мен мавҳумликда кутиб ўтиришни истамайман. Энди мен қамоқхонадан ўз шартларим билан чиқаман. Россияни “бўйсиндириш мумкинлигини” бутун дунёга кўрсатмоқчиман. Мен каби қўрқмасангиз ва синмасангиз, бунинг уддасидан чиқиш мумкин. Тирик қолманми ё ўламанми, мен аллақачон ғалаба қилдим. Украина юрагимда”, дея ёзди Савченко.

У 9 март кунги суд маҳкамасида гапиришга ҳоли бўлса, сўнгги сўз билан чиқиш қилиш ниятида.

“У жуда бунга умид қилмоқда ва буни амалга ошириш учун барча кучини сафарбар қилмоқчи”, деди Москаленко.

Бош консул Савченкога сўнгги сўз имкони берилган тақдирда ва ҳукм чиқишини бир неча кундан ортик ктишга тўғри келмаса, сув ичишга розилик бериши мумкин, дея тахмин қилди.

Надежда Савченконинг озод этилиши эҳтимолиги изоҳлаган Москаленко, унинг мавқеидан келиб чиқиб, гап Савченкони кимгадир алмаштириш ёки қандайдир савдо ҳақида бориши мумкин эмас.

“Уни шунчаки озод этиб Украинага қайтаришлари керак. Бу авф шаклида бўладими ёки оқловми, буниси менга қоронғу. Мантиқан уни оқлашлари тўғри бўлади. Чунки у айбланаётган жиноятни у содир этмаган. Буни ҳамма бўлиб турибди, прокурорлар ҳам, судья ҳам. Лекин бу судлов сиёсий бўлгани боис, ҳеч ким унинг айбдор, деб топилишига шубҳа қилмаяпти”, дея қўшимча қилди консул.

Якшанба куни Киев, Прага, Тбилиси ва дунёнинг бошқа шаҳарларида Надежда Савченкони қўллаб-қувватлаб намойишлар ўтказилди. Интернетда “Европа етакчиларига очиқ хат” остига имзолар тўпланмоқда. Унда Савченкони “дарҳол ва шартсиз озод қилиш бўйича қатъий чоралар кўриш” чақириғи битилган.

XS
SM
MD
LG