Линклар

Суриядан қайтган косоволик бу урушни Ислом эмас, ҳудуд учун уруш, деб қоралади


Суриядан қайтган косоволик 27 яшар Арбен у ердаги урушни Суриядаги мусулмонларни зулмдан қутқариш учун эмас, балки бир неча гуруҳнинг ўша ҳудудда ҳукмдорликни қўлга киритиш учун қилаётган ўзаро жангидир, деб таърифлади. Озодлик билан суҳбатда Арбен Сурия ва Ироқ ҳудудида ўзи каби хавфсаласи пир бўлганлар кўп эканини айтмоқда.

Озодликнинг Болқон хизматига интервью берган 27 яшар Арбен косоволик албан (исми ўзгартирилган - таҳр.) Сурияга бомбалар остида қолаётган мусулмонларни ҳимоя қилиш учун борганини айтади.

У косоволик бир имомнинг набираси, Сурияда қарийб 10 ой бўлиб қайтган.

Унинг айтишича, Сурияда президент Башар Ассад зулми остида қолган мусулмонлар акс этган видеоларни кўриб, 2013 йилнинг май ойида у ёққа кетишга қарор қилган. Аммо, орадан ҳеч қанча ўтмай, Суриядаги уруш Ассад режимига қарши кураш эмас, балки бу ҳудуддаги жангарилар гуруҳлар қўмондонларининг ўзаро уруши эканини англаб етган.

"Уларнинг ҳар бири ўз ҳудудида эга бўлишни истайди. Бу йўлда аёллар ва болаларга раҳм йўқ. Ҳамма хатарда", дейди Арбен.

Арбен Суриянинг қаерда бўлгани ва қайси гуруҳ сафида бўлганини очиқламаётир. У фақат Ҳалаб шаҳри яқинида бўлганини айтмоқда. Бу ҳудудда Сурия озодлиги армияси, "Ал-Қойда"га алоқадор "Жабҳатан Нусра" ва "Исломий давлат" террор гуруҳи бўлинмалари борлиги айтилади.

Арбеннинг айтишича, бу террорчи гуруҳлар орасида энг золимлари "Жабҳатан Нусра" ва "Исломий давлат" гуруҳларидир.

"Жабҳатан Нусра" жангарилари уларга қарши жанг қилганларнинг хотинларини асир олади, уларнинг уйларини талайди", дейди Арбен.

У бу каби ҳақсизликлардан хасталанганини ҳам айтади. Айни пайтда бундай ҳаракатлар тинч аҳоли вакилларини қўрқитаётгани, аҳоли борган сари хориждан бораётган волонтёрлардан ҳам қўрқа бошлаганини айтади.

"Бошида мен Сурияга борганимда ҳамма бизни хуш қарши олган эди. Кейинчалик улар хорижликларга бошқача қарайдиган бўла бошлади. Улар биздан қўрқа бошлади", дея хотирлайди Арбен.

Арбенга ўхшаб, 2-3 йил муқаддам Ассад режимига қарши урушда иштирок этиш учун Сурияга кетган косоволиклар оз эмас. Арбен Сурияга кетиш истагининг асл сабабларини 1998-90 йилларда ўз ватанида кечган урушдан қидиради. Ўшанда ҳокимиятда бўлган Слободан Милошевич минглаб этник албанларни Косоводан қувғин қилганига гувоҳ бўлганини айтган Арбен шундай дейди:

"Мен болалигимда уруш нималигини кўрдим. Шунинг учун Суриядаги ёш болалар ва аёлларга ёрдам беришни истадим".

Сурияга борган илк кезларида Арбен ҳақиқатда ҳам қочқинлар лагерлари, мактабларда ишлаганини хотирлайди. Аммо, кейинчалик кўнгилли ёрдамчилар ҳар тонг ҳарбий машғулотлар олишни бошлаган ва аста-секин AK-47 автоматидан фойдаланишни ўрганган.

"Мен машғулотларда қатнашдим, аммо жанг ҳаракатларида қатнашмадим", дейди Арбен.

Унинг айтишича, янги боргани ва ҳарбий машғулотларни тўлиқ ўзлаштирмагани учун уни Сурияда кутиб олган гуруҳ жанг майдонига чиқармаган. Аммо, у ўзаро рақобат қилаётган жангари гуруҳларнинг тинч аҳолини қўрқитиш ва маълум бир ҳудуддан рақибларини сиқиб чиқариш учун қилган ўзаро бомбалашлари, худкушлик ҳужумларига кўп бор гувоҳ бўлганини айтади.

Арбен 10 ойдан кейин Суриядан қочиб чиқишга муваффақ бўлгани учун қувонмоқда. Унинг таъкидича, Суриядаги раҳбарларини ота-онам қаттиқ касал, мендан бошқа қаровчиси йўқ, деган гап билан алдашга муваффақ бўлган.

Косовога қайтгач, Арбен Сурия билан алоқаларини тўлиқ узган ва ҳеч қачон қайтмоқчимас:

"Ҳеч қачон. Мен у ерда бўлганимдан ич-ичимдан афсусдаман. Мен Сурия ҳақида эшитишни ҳам истамайман, у ердан олинган видеоларни кўришни ҳам истамайман. Ҳозир ҳам бу жангга қўшилмоқчи бўлганлар, ҳатто, аёллар борлигига ҳайронман. Бу урушнинг Исломга умуман алоқаси йўқ", дея хулоса қилади Арбен.

XS
SM
MD
LG