Линклар

logo-print

Фарғона вилояти Бешариқ тумани Ички ишлар бўлимининг катта лейтенанти маҳаллий тадбиркорни отиб ўлдирганликда гумонланиб ҳибсга олинди. Тергов маълумотларига кўра, исми ошкор қилинмаётган 29 яшар милиция ходими жиноятини яшириш мақсадида тадбиркорнинг мурдасини майда бўлакларга бўлиб сувга оқизиб юборган.

Бешариқ туман ИИБнинг жиноят қидирув бўлими ходими, асли қўқонлик 29 яшар милиция зобити 6 март куни ҳибсга олинган.

Фарғонадаги ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотларига кўра, милиционер йигит Ўзбекистон жиноят-процессуал кодексининг 221-модасига кўра ҳибсга олинган:

“Катта лейтенент жиноят содир этилган куни қўлга олинди. Уни 221-моддага кўра, ҳибсда ушлаб туриши учун асослари бўлгани учун ушлашди. Гувоҳлар уни жиноятни содир этган шахс сифатида кўрсатишган”, деди ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манба исмини очиқламаслик шарти билан.

Тафсилотлардан хабардор бешариқлик манбанинг Озодликка берган маълумотларига кўра, қўқонликмилиционер хизмат вазифасини бажараётган пайтда жиноятни содир этгани аниқланган:

“Шу куни милиция зобити навбатчиликка тушган. Унга ПМ яъни Макаров пистолети - 5.45 ммли ўқ отар жанговар қуроли 16 дона ўқ билан берилган. У 6 март куни тадбиркор билан учрашган пайти ёнида шу қурол бўлган. Улар автомашинада жанжаллашиб қолишади. Ўзаро жанжал оқибатида жиноят қидирув ходими, катта лейтенант ёнидаги ўқ отар қуролидан тадбиркорга қарата бир неча марта ўқ узади”, деди тафсилотлардан хабардор манба.

Манбага кўра, дастлабки тергов жараёнида қўқонлик милиция зобити жиноятини яшириш мақсадида тадбиркорнинг мурдасини бўлаклаб, бир қисмини ёқиб юборгани, қолган қисмини сувга оқизгани аниқланган:

“Тадбиркор мурдасини яшириб, таг-туги билан йўқ қилиб юбориш мақсадида Бешариқ туманидаги дала майдонига олиб боради. У тадбиркорнинг бош мия қисмини кесиб олиб, селофан пакетга солиб, тез оқар дарё ирмоғига олиб бориб ташлайди. Мурданинг қолган қисмини ёқиб юборади ва ёнгандан қолган қисмини даланинг овлоқ жойига олиб бориб кўмади. Бу ишларни қилаётганда у милиция кийимида бўлади”, дейди тафсилотлардан хабардор манба.

Манбанинг Озодликка йўллаган маълумотларига кўра, қўқонлик милиционер жиноят содир этилган жойдан қайтаётган пайти уни кўриб қолган бир деҳқоннинг гувоҳлиги асосида у ушланган:

“Катта лейтенант далада ишлаётган деҳқонни “Ҳовлимда боқаётган қўйим ўлиб қолганди, шуни кўмиб қайтаяпман”, деб алдаган. Кейин ростдан ҳам тирик қўйини уйдан олиб келиб, ўлдириб, тадбиркорнинг кўмилган мурдаси бўлакларини чиқариб олиб, унинг ўрнига қўйнинг жасадини кўмади. Тадбиркорнинг мурдаси бўлакларини олиб, дарё ирмоғига ташлайди”, дейди воқеа тафсилотларидан яхши хабардор Озодлик манбаси.

Фарғонадаги ҳуқуқ-тартибот идораларидан олинган маълумотга кўра, ҳозирча ўлдирилган тадбиркорнинг мурдаси бўлаклари топилмаган, қидирув ишлари давом этаяпти.

Ўзбекистонда милиция ходимлари томонидан жиноят содир этиш ҳоллари кам бўлсада, учраб туради.

Жумладан, ўтган йил охирида Қаршида 13 нафар милиция ходими пора олиш, қийноқ ва асоссиз равишда ҳибсда ушлаб туриш каби 11та жиноятда айбдор деб топилиб, узоқ йиллик қамоқ муддатларига ҳукм қилинди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG