Линклар

logo-print

Россиялик машҳур теннисчи Мария Шарапова январь ойида допинг синовидан ўтолмагани ҳақида эълон қилиши ортидан Porsche ширкати спортчи билан ҳомийлик шартномаларини тўхтатди. Бундан аввал Nike, TAG Heuer каби ширкатлар ҳам Шарапова билан реклама шартномаларини тўхтатиб туришга қарор берганди.

7 март куни Мария Шарапова сўнгги 10 йил давомида WADA -аксилдопинг ташкилоти тақиқлаган милдронат дорисини қабул қилиб келгани ва шу боис "Катта шлем" турнирида қатнашиш учун допинг текширувидан ўтолмаганини тан олди.

Лос Анжелесда ўтказилган матбуот анжуманида россиялик теннисчи милдронат дорисини 2006 йилдан бунё ўз шифокори тавсиясига кўра қабул қилиб келгани, бу дорини 1 январдан WADA тақиқлагани ҳақда эса билмаганини айтди.

- Бу дорини мен сўнгги 10 йил давомида қабул қилиб келдим ва бу қонунга зид эмас эди. 1 январдан милдронат тақиқланган экан ва бу ҳақда мен билмагандим, - деди Шарапова.

Айни пайтда Халқаро теннис федерацияси "вазият ойдинлашгунга қадар" Мария Шараповани мусобоқалардан четлатди.

Шарапованинг бош хомийлари бўлмиш Германиянинг Porsche автомобиль ширкати ва АҚШнинг спорт кийимлари ишлаб чиқарувчи Nike ширкати допинг можароси атрофидаги текширув якунига етгунга қадар у билан ҳамкорликни вақтинча тўхтатган.

Швейцариянинг “TAG Heuer” соат ишлаб чиқарувчи ширкати эса Мария Шарапова билан шартномаси ўтган йилнинг охиригача бўлгани ва уни давом эттириш ниятида эмаслигини билдирди.

Шунингдек, Evian, Cole Haan, Head, Samsung ширкатлари ҳам россиялик теннисчининг хомийлари саналади. Ҳозирча бу ширкатлар бирон баёнот билан чиққан эмас.

Милдронат дориси, асосан, юрак хасталиклари ва асаб тизими билан боғлиқ касалликлар учун тавсия қилинади. Спортчилар уни руҳий мувозанат ва концентрацияни кучайтирувчи дори сифатида истеъмол қиладилар. Бу модда спортчилар орасида оммалашиши ортидан аксилдоппинг агентлиги уни тақиқлаб қўйди.

Лос-Анжелесдаги матбуот анжуманида Мария Шарапова катта хато қилгани, лекин спорт карьераси шундай якун топишини истамаётганини айтди.

- Мен катта хато қилдим, мухлисларим, тўрт ёшлигимдан шуғулланиб келган спорт олдида уятга қолдим. Лекин, мен спортчилик карерамни бу шаклда тўхтатмоқчи эмасман ва менга теннисда қолишим учун яна бир имконият берилади, деб умид қиляпман, - деди Мария Шарапова.

Шарапованинг теннисдан йиллик даромади 30 миллион АҚШ долларини ташкил қилган ва сўнгги 11 йил мобайнида у энг кўп даромад кўриб келган аёл спортчи бўлиб келаётганди.

XS
SM
MD
LG