Линклар

8 мартдан 8 мартгача энг кўп тилга олинган Етти Ўзбек Аёли (Аёллар ўқисин)

  • Сарвар Усмон

Байрам - ғалвирни кўтарадиган дам. Ғалвиримизни Интернетга солдик. Ўқиб-ўрганиб, кўтариб олдик.

Сўнгги бир йил ичида шов-шув бўлган, тармоқларда, сайтларда энг кўп тилга олинган ўзбек қиз-жувонлар “ғалвирда” қолди. Қолганлари жойида қолди.

Жойида қолганлар кўп. Ғалвирга илинганлари Етти.

Еттинчиси камроқ, Биринчиси кўпроқ тилга олинди.

Бирма-бир санашга ўтиш олдидан тилларда достон бўлган еттовлон учун муштарак бўлган жиҳатни айтайлик.

Ёқса ўқинг, ёқмаса қайтайлик?!

Жиҳатки, мучалари бўлди Етти қиз-жувонни интернетхонлар тилига туширган: бирови оп-очиқ кураги билан, бирови нимочиқ кўкраги билан, яна бирови яланғоч... (Ҳе, одам уяладиям айтишга :))

Бошладиге!

7- ўринда Юлдуз Усмонова

Татусини кўз-кўзлаганига анча бўлиб қолган юлдуз Юлдуз опа Чеченистонда Руслан Чагаевга қувват бўлиб “боксга тушар” экан, ўзини анча сипо тутди. Ҳар қалай Рамзан Қодировнинг сири босган бўлса керакда! Лекин ютқазиб қўйган бўлса ҳам Чагаев иккаласи миллатни анча қувонтирди. Юлдуз Юлдуз опанинг “Серқуёш...”ни айтгани, “Ҳеч кимга бермаймиз сени...” деб "таҳдид" қилганидан кўнгиллар яйради. Шунақа “таҳдид”ларига барака, деймиз.

6- ўринда Наргиз Зокирова

Юлдуз Юлдузнинг татусини эсладигу юлдуз Наргизнинг татусиям эсга тушиб кетди. Кўпчиликка ёқмади, баъзилар тақирбошга узукка кўз қўйилгандай ярашибди, деди. Лекин Наргиз боғлиқ бу йилги шов-шув унинг татуси билан боғлиқ эмас. Бу йил у Москвада ксенофоблар тажовузига учради. Ҳатто енгил жароҳат олди. Наргизнинг бошига тушган иш тушунган одамга дарс бўлди: Россияликлар Амриқодан келган ғарбона аёлгаки шундай муносабат қилишдики, туяни шамол учирса, эчкини осмонда кўр дейишдан бошқа иложимиз йўқ.

5- ўринда Лола

“Орқаси очиқ кўйлакни чиқармаям ўл”, дедими-йўқми, билмадик. Лекин хонанда Лола кураклари кўриниб турадиган ўша орқаси очиқ кўйлаги қурбони бўлгани бор гап ва бу қурбонлик жамоатчилик оғзида анча вақт чайналди. Бу ўринда ўзбекнинг “чидаганга чиқарган”, деган писандаси ёдга тушади. Шоу-бизнеснинг ўз қонун-қоидалари бор, демаганига хайрон қолади киши ўша бизнесни назорат қилаётган идоранинг. Нима бўлсаям, Лоланинг кўйлакка қилган ҳаражати қопланди ўша жанжал билан. Ахир шоу-бизнес иборасидаги асосий сўз “шоу” – томоша эмасми?

4- ўринда Нилуфар Усмонова

Юлдуз Юлдузнинг қизи юлдуз Нилуфарнинг ёқаси сал чуқурроқ ўйилган кўйлакда тушган сурати ижтимоий тармоқларда пайдо бўлдию бошланиб кетди жанжал! Ана бўлди жанжал, мана бўлди жанжал. Миллат номуси посбонлари Нилуфар қизни олиб бориб, олиб келди. Нимаймиш, кўксини икки симметрик бўлакка бўлиб турган чизиқ кўриниб қолганмиш. Шу қадар майда гап кўриндики бу гаплар, Озодлик ҳатто ўзига эп кўрмади унга аралашишни. Нилуфар Усмоновага маслаҳат: бундан буён совут кийиб юринг уйда ҳам, саҳнада ҳам, тўйда ҳам. “Тўйлардаги ярим яланғоч хотинларчи, уларга майлими?” деманг. Эрларининг уларга тиши ўтмайди. Сиз турибсизку ахир, тергайдиган!

3- ўринда Лола Каримова

Президентнинг иккинчи қизи куни кеча АҚШ Киноакадемиясининг Оскар мукофотларини топшириш маросимида турмуш ўртоғи билан VIP меҳмон бўлганларини мақтаниб, ўша издиҳомда тушгани суратларини ўзининг Инстаграмига қўйди. Лола хонимнинг кўйлагига қиёсланса, Нилуфар Усмонованинг жанжалга сабаб бўлган кўйлаги ўрта аср рицарларининг темир совутию бир аср олдинги ўзбек аёлининг паранжиси бўлиб кўринади. “Домланинг айтганини қил, қилганини қилма”, деймиз холос. Ҳар қалай, Отасининг ҳурмати бор.

2- ўринда Тамила

Мучаларининг ихтиёр-беихтиёр намойиши масаласида хонанда Тамила ҳамкасблари Лолани ҳам, Нилуфарни ҳам чангда қолдириб кетди. Ўтирадиган жойини кўрсатган аёл, балки Тамила эмасдир. Ҳар ҳолда у кишининг ўзи кейин “мен эмасдим” деб баёнот ҳам берди. Эмас, бўлса, эмасдир. Лекин бу жанжал бошқа бир муҳим масалани сув юзига чиқариб берди. Одамларнинг боши ижтимоий тармоқлардан чиқмай қолган бир шароитда ҳар бир киши ўзига ўзи қоровул бўлиши, энг муҳими “шахсий жунни давлатнинг жунига” аралаштирмаслиги кераклигини доимо ёдда сақлаши лозимлигини уқтирди. Тамилами, Тамила эмасми, нима бўлса ҳам шу дарсни уқадиган одамга ўқитгани учун раҳмат.

Мана энди, ҳазил-пазилни мутлақо йиғиштирамиз.

Ҳазил-пазилни мутлақо йиғиштирамиз, деяпман.

1- ўринда Гулчеҳра Бобоқулова

Москвада ўзи қараётган қизчани ўлдирган самарқандлик аёлни гапирган ҳам гапирди, гапирмаган ҳам, ёзган ҳам ёзди, ёзмаган ҳам, кўрсатган ҳам кўрсатди, кўрсатмаган ҳам. Ўзбекистон деган мамлакат борлиги етти ухлаб тушига кирмаган ҳам Википедиядан Uzbekistan деб излади. Ҳаммага танитди Ўзбекистонни Гулчеҳра Бобоқулова. “Танитмай ҳар бало бўл!” дегинг келади. Деёлмайсан. Туриб-туриб раҳминг ҳам келади бу хаста аёлга. Руҳиятда юз берадиган бундай авариялардан Ўзинг сақла, деб дуо қилишдан бошқа иложимиз йўқ.

2017 8 мартида кўришгунча!

Аривидерчи!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG