Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:26

ЕИ ва Туркия муҳожирларни алмашиш битими борасида музокара қилмоқда


Туркия Бош вазири Аҳмад Довудўғли, Германия Канцлери Ангела Меркель ва бошқа мулозимлар.
Туркия Бош вазири Аҳмад Довудўғли, Германия Канцлери Ангела Меркель ва бошқа мулозимлар.

Туркия билан Европа Иттифоқи минглаб муҳожирларни Туркияга қайтариш бўйича эҳтимолий битим шартлари бўйича келишиб олишди. Лекин мазкур режа БМТ ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари танқидига учради.

7 март куни Брюсселда бўлиб ўтган музокараларда Туркия таклиф этган режага кўра, Европа Иттифоқи қабул қилиб олган ҳар бир қочқин эвазига Туркия Грециядан бир нафар нолегал муҳожирни қайтариб олиб кетиши назарда тутилган. ЕИ етакчилари мазкур таклифни якуний битимнинг асоси бўлишига умид қилишларини билдиришди.

“Очиғини айтганда, Туркия саммитга жуда жозибадор таклифлар билан келди. Ўйлашимча, бундан кўпчилик мамнун қолди”, деди Греция Бош вазири Алексис Ципрас.

Германия Канцлери Ангела Маркель, Европа Комиссияси Раиси Жан-Клод Юнкер, Британия Бош вазири Дэвид Кэмерон ва ЕИ Раиси Дональд Туск Туркия илгари сурган таклифни “ҳақиқий натижа”, дея эътироф этишди, лекин бу режани такомиллаштириш учун вақт талаб этилишини билдиришди.

Туркия билан битим шартлари борасида музокара қилиш вазифасини ўз зиммасига олган Туск “Европага палапартиш миграция даври тугади”, дея баён қилди.

Нолегал муҳожирларни қочқинларга бирга-бир алмаштириш таклифи эвазига Туркия ўз ҳудудидаги суриялик қочқинлар учун ЕИдан 3 миллиард еврога тенг ёрдамни икки баробарга кўпайтириш ҳамда Туркиянинг ЕИга аъзолиги борасидаги музокаралар ва ўз фуқаролари учун визанинг бекор қилиниши жараёнини тезлаштиришни талаб қилди.

Европа етакчилари ёрдамни кўпайтиришга рози бўлди, лекин қанча пул берилишини аниқлшатиришмади. Бундан ташқари Туркия фуқаролари ЕИга визасиз сафар қилиш имконини жорий йил июнь ойи охирига қадар қўлга киритишлари ваъда қилинди. Бунинг учун Анқарадан айрим шартларни бажариши, жумладан, мусулмон мамлакатларга виза жорий қилиш ва қалбакилаштириш қийин бўлган биометрик паспортни муамалага киритиши керак бўлади.

Лекин БМТнинг қочқинлар масаласи бўйича идораси муҳожирларни оммавий тарзда чиқариб юбориш халқаро қонунларга кўра тақиқланганини айтмоқда.

Қочиқнлар идорасининг Европа бюроси раҳбари Винсан Кошетел Грецияга келаётган қочқинларнинг 91 фоизи Ироқ, Сурия ва Афғонистон каби урушдан азият чекаётган мамлакатлардан эканини эслатиб, “палапартиш муҳожирлар тўғрисидаги гап-сўзлардан чарчадим”, дея баён қилди.

Amnesty International халқаро ташкилоти таклиф этилаётган битимни кескин танқид қилди. “ЕИ ва Туркия етакчилари бугун янада паст кетишди, дунёнинг энг заиф ва ҳимояланмаган одамлар ҳуқуқлари ва қадр-қиммати устида чайқовчилар каби савдолашмоқда”, дея баён қилди ташкилотнинг Брюсселдаги ваколатхонаси раҳбари Иверна МакГован.

Ҳуқуқ фаоллари ЕИ-Туркия эҳтимолий битимини "пасткашлик", дея баҳолади
Ҳуқуқ фаоллари ЕИ-Туркия эҳтимолий битимини "пасткашлик", дея баҳолади

Туркия Бош вазири Аҳмад Довудўғли муҳожирларни алмаштириш таклифини “вазиятни ўзгартирувчи” восита, дея атаб, режа Европага ноқонуний миграцияни қайтаришга ҳисса қўшиши, одамлар ҳаётини сақлаб қолиши ва одамларни ноқонуний тарзда Еровпага ташиётганларга зарба беришини таъкидлади.

“Биз Туркиядан Грецияга кетаётган нолегал муҳожирларни, уларнинг келиб чиқишидан, қайси мамлакатдан эканидан қатъий назар, қабул қилиб олиш орқали жасур қарор олдик”, деди Довудўғли. “Биз уларни қабул қилиб олар эканмиз, Туркия Греция оролларидан қайтариб олаётган ҳар бир суриялик учун бошқа бир суриялик Европада паноҳ топади”, дея қўшимча қилди у.

Айни пайтда, НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг 7 март куни Брюсселда Довудўғли билан музокаралардан кейин НАТО кемалари Эгей денгизида одам савдосини тўхтатиш мақсадида Греция ва Туркия сув ҳавзаларини кузата бошлаганини билдирди.

Брюссел саммити Европада Иккинчи Жаҳон урушидан бери қочқинлар билан боғлиқ энг йирик бўҳронга юз тутган бир пайтда вазиятни назоратга олишга қаратилган навбатдаги дипломатик ҳаракатдир. Муҳожирлар бўҳрони ЕИга аъзо мамлакатлар орасида парокандалик юзага келиши таҳликасини туғдирди ва бир неча ўн йилдан бери барпо қилинган визасиз Шенген ҳудуди ғоясини шубҳа остига қўйди.

Ўтган йилдан бери Туркиядан Греция ва Македония орқали Сербияга ўтиб, у ердан Ғарбий Европага 880 мингдан ошиқ муҳожир кириб келган.

Оқим жорий йилда янада кўпайди, 2016 йилнинг дастлабки икки ойи давомида Туркиядан Грецияга 132 минг қочқин ўтди.

XS
SM
MD
LG