Линклар

Туризм бўйича "ITB Berlin – 2016" кўргазмасида Ўзбекистон ҳам иштирок этмоқда


Бу ҳақда хабар қилган ЎзА ахборот агентлигига кўра, “ITB Berlin” кўргазмасида дунёнинг турли мамлакатларидан юзлаб фирма ва компания иштирок этяпти. Мазкур форум сайёҳлик саноатининг кўплаб замонавий йўналишларини ўзида мужассам этган бўлиб, унда оилавий саёҳат, ёшлар туризми, сайёҳлик технологияси, экотуризм, бадиий ва маданий сайёҳлик, сайёҳлик бизнеси, ахборот технологиялари, круиз, меҳмонхона ва ресторан сервиси, авиаташув каби йўналишларга оид ўнлаб бўлимлар ишлаб турибди.

“Ўзбектуризм” миллий компаниясига кўра, мазкур халқаро ярмаркада “Ўзбектуризм”, “Ўзбекистон ҳаво йўллари”, “Ўзбекистон темир йўллари” ҳамда ўндан зиёд хусусий компания иштирок этмоқда.

“Ўзбектуризм” ўтган йилнинг ёзида Ўзбекистонга дунёнинг 70 мамлакатидан йил сайин камида 2 миллион сайёҳ келаётгани ҳақида хабар берган эди.

Расмий маълумотга қараганда, Ўзбекистонда сайёҳлик хизматининг йиллик даромади 615 миллион долларни ташкил қилади. Сайёҳлик соҳасининг ички ялпи маҳсулотдаги улуши эса 2 фоизга етган.

Ўзбекистонда 500 туроператор, меҳмонхона, мотел ва кемпинглар сайёҳларга хизмат кўрсатмоқда.

Қиёслаш учун Озодлик аниқлашга муваффақ бўлган маълумот: 2014 йилда Қирғизистон ҳукуматининг билдиришича, мамлакатга 4 миллион сайёҳ келган, Тожикистон расмийлари 213 минг 265 сайёҳ келгани ҳақида маълумот берган. Қозоғистон ҳукумати эса 2014 йилда мамлакатга 5 миллион киши сайёҳ қаторида ташриф қилганини билдирган.

XS
SM
MD
LG