Линклар

Кремль Путинга қарши санкциялар эълон қилиш чақириғига муносабат билдирди


Надежда Савченко иши туфайли Владимир Путинга нисбатан санкциялар жорий этилишини қабул қилиб бўлмайди, деб баёнот берди Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков.

Унинг фикрича, украиналик ҳарбий устидан суд Россия қонунларига қатъий риоя қилган ҳолда олиб борилмоқда ва унга аралашиш мумкин эмас.

Европарламент депутатлари Украина фуқароси, ҳарбий учувчи ва Украина парламенти депутати Надежда Савченкога нисбатан ғайриқонуний ҳаракатларга алоқадорликда айблаб Европа Иттифоқини Владимир Путин ҳамда россиялик 28 мулозимга нисбатан санкциялар жорий этишга чақирди.

АҚШ ва Европа Иттифоқи вакиллари Надежда Савченкони озод қилиш чақириғи билан бир неча бор Россия ҳукуматига мурожаат қилган. Хусусан, АҚШ вице-президенти Жозеф Байден 8 март куни Россияни Савченкога қарши эълон қилинган барча айбловларни бекор қилишга ва уни зудлик билан озод қилишга чақирди.

Ростов области Донецк шаҳар суди украиналик ҳарбий хизматчи Надежда Савченко устидан чиқариладиган ҳукмини 21 мартда ўқиб эшиттиражагини эълон қилди.

Суднинг бу баёнотига жавобан Савченко аввалроқ эълон қилгани қуруқ очликни давом эттиришини билдирди ва суд залида Украина давлат мадҳияси айтди.

XS
SM
MD
LG