Линклар

logo-print

Россиянинг Донецк шаҳрида ўтаётган судда украиналик Надежда Савченко охирги сўз билан чиқиб, очлик акциясини давом эттиришини билдирди.

Cуд ўз ҳукмини 21 ва 22 март кунлари эълон қилишини билдириб, Савченкога қариндошлари, Украина консули ва шифокорлар билан учрашишни тақиқлади.

Европа парламенти депутатлари Надежда Савченко иши билан боғлиқ ноқонуний ҳаракатларни амалга оширган, деб 28 рус амалдори, хусусан Владимир Путинга нисбатан янги санкциялар жорий этишни таклиф этди.

Чоршанба эрталаб 10 ларда бошланган суд мажлисига олиб келинган Надежда Савченкони кўриш истагида бўлган Украина депутатлари ва журналистларини маҳаллий полиция тўхтатишга уринди.

Озодлик Радиоси мухбирлари ҳам суд залига киритилмади.

Хабар қилинишича, ичкарига фақат “Биринчи канал”, “Россия” ва “Звезда” телеканаллари журналистлари киритилди. Қолганлар Савченконинг нутқини алоҳида хонада телеэкрандан эшитди.

Надежда Савченко 3 март куни очлик эълон қилган ва ўша куни “Радио Свобода” сайтида унинг судда ўқимоқчи бўлган охирги сўзи матни эълон қилинган эди.

Нутқ матнида Савченко ўзига билдирилган айбловни, судни ва суд чиқарадиган ҳукмни тан олмаслигини айтган.

Савченко, шунингдек, суд ҳукм чиқарганидан сўнг ҳам очликни 10 кун давом эттиришини ёзган. “Шундан сўнг Россия мени ўғирлаб келишган Украинага қайтариш учун 10 кунлик муддатга эга бўлади”,деб ёзади Савченко.

“Суд менинг яна бир ҳафта умримни ўғирлади ва сизда ҳукмни ўқишга яна бир ҳафта вақтингиз қолди. Балки мен ҳукм чиққунга қадар тирик бўлмасман. Сиз ўз хатоингизни тан олишингиз мумкин, лекин бунга ишончим йўқ. Ўз кучингизни кўрсатмоқчи бўлсангиз – кўрсатаверинг. Аммо эсда тутинг: менинг ҳаётим билан ўйнашаябсиз, менда йўқотадиган ҳеч нарсам қолмади. Ҳукм бир ҳафтадан кечга қолдирилса, қуруқ очликни давом эттираман. Ҳукмни кутиб ўтирмайман... Мен учун олди-берди давом этгунча, ҳаёт мени тарк этади ва Россия мени барибир Украинага қайтаради – тирик ё ўлик ҳолда, аммо қайтаради!”, деб ёзди Надежда Савченко.

Надя Савченко судда

Надя Савченко судда

Охирги сўзини айтаётган асира бирдан курси устига чиқиб, судьяларга ўрта бармоғини кўрсатиб “Мана сизга менинг охирги сўзим!”, деди.

Адвокат Марк Фейгин суд маҳкамасидан кейин журналистлар билан суҳбатда рус ҳукумати учун бундай вазиятда Савченкони озод қилиш ягона оқилона ҳаракат эканини билдирди. У Надеждани “Украинага жазони ижро этиш учун жўнатиш” мумкинлигини ҳам эслатиб қўйди.

- Агарда Россия ҳукумати уни ўз ватанига қайтарилишига ишонтира олса, у очликни тўхтатиши мумкинлигига шанс катта. Акс ҳолда – ҳукм чиқарилишига икки ҳафта бор, қуруқ очликда одам бунча яшай олмайди. Савченко ё мажбуран овқатлантирилади, ё ўлади, деди ҳимоячи Николай Полозов.

Кейинроқ Полозов суд 21 мартга қадар Надежданинг онаси ва синглисига ҳамда украин шифокорлари ва консулларига учрашишга рухсат бермаганини айтди.

Савченко ҳимоясига намойишлар ўтмоқда

Айни пайтда дунёнинг кўплаб мамлакатларида украиналик учувчи аёл ҳимоясига оммавий намойишлар ва пикетлар давом этмоқда.

Россиянинг Киевдаги элчихонаси олдидаги бугунги аҳвол

Россиянинг Киевдаги элчихонаси олдидаги бугунги аҳвол

Киевдаги Россия элчихонаси олдида бир неча кундирки маҳаллий фуқаролар акциялари давом этмоқда. 6 март куни Россия прокуратураси томонидан 23 йилга қамалиши сўралганидан ғазабга келган киевликлар дипломатик ваколатхонага тухум отди, бир нечта машинасини вайрон қилди. Бу каби намойишлар Одесса ва Украинанинг бошқа шаҳарларида бўлиб ўтмоқда.

Россия ичкарисида қатор жамоатчилик намояндаларининг Владимир Путинга мурожаатлари эълон қилинди. Россия халқ артисти Владимир Назаров Савченкони офицер сифатида, аёл сифатида ҳурмат қилишни талаб қилди. Айни видеомурожаат билан таниқли грузин актёри Вахтанг Кикабидзе ҳам чиқди.

Москва шаҳридаги Савченко ҳимоясига ўтказилган пикет дарҳол полиция ходимлари томонидан тарқатиб юборилди.

8 март куни Европа Парламенти депутатлари шахсан Владимир Путин ва Надежда Савченко ишига алоқадор деб топилган яна 28 нафар амалдорга нисбатан санкциялар жорий қилиш талаби билан чиқди. 57 нафар евродепутат имзолаган бу талаб ЕИнинг Ташқи сиёсат бўйича Олий комиссари Федерико Могеринига юборилди.

“Биз, Европа парламенти депутатлари ЕИ халқаро ҳуқуқ ва Минск келишувларининг Россия томонидан қўпол бузилиши давом этаётганига зудлик билан жавоб қайтариши кераклигига ишончимиз комил”, - дейилади Озодлик таҳририятига келиб тушган мурожаатномада.

(Грузияда Н.Савченко ҳимоясига жонли ҳалқа уюштирилди)

Владимир Путиндан ташқари санкциялар рўйхатига Россия ФСБси раҳбари Александр Бортников, Тергов қўмита бошлиғи Александр Бастрикин ва унинг ходимлари, Думанинг Халқаро масалалар бўйича қўмита раҳбари Алексей Пушковни, Савченкони ўғирлашда ва жиноий ишини сохталаштиришда айбланган қатор суд ва тергов ходимлари киритилган.

Қилинган бу баёнотларга жавобан Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков чоршанба куни “суд маҳкамасига аралашиш мумкин эмаслиги”ни билдирди.

Айни пайтда, 11 минг кишидан зиёд одам имзолаган “Европа етакчиларига очиқ хат”да Савченконинг дарҳол озод этилиши талаб қилинган.

Савченконинг айтишича, у 2014 йил июнь ойида бир кун давом этган жанг пайтида қўлга олинган ва айирмачилар томонидан Россияга яширин тарзда олиб ўтилган.

Унинг адвокатлари икки журналист ўлдирилган пайтда Савченко аллақачон айирмачилар қўлида тутқинликда бўлганини исботловчи далилларни қўлга киритганларини айтмоқда.

34 ёшли аёлнинг тутқинликда бошдан кечирганлари ва намойиш қилган матонати уни Украинада миллий қаҳрамон мақомига кўтарди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG