Линклар

Британиядаги Sky News телеканали ихтиëрига "Исломий давлат" жангариларидан 22 минг нафарига оид махфий маълумотлар келиб тушди.

ИШИД сафидан қочган норози жиҳодчилардан бири томонидан тақдим этилган ҳужжатлардан 22 минг одамнинг исм-шарифи¸ яшаб келган манзиллари¸ телефон рақамлари ва оила-аъзоларига оид маълумотлар жой олган.

Айтилишича¸ ИШИД ички хавфсизлик хизмати раҳбари томонидан компютерда тўпланган бу махфий маълумотлар ўзини Абу Ҳамид деб таништирган жангари томонидан ўғирланган ва флэш хотирада Sky News мухбирига тақдим этилган.

51 давлат фуқароларига оид бу маълумотлар ҳозирда Британия хавфсизлик кучларига тақдим этилган. Ҳозирча Британия расмийлари бу маълумотларга муносабат билдирмади.

Sky News томонидан кўрсатилган ҳужжат нусхаларида ИШИД сафига ëлланмоқчи бўлганлар тўлдириши шарт бўлган сўровнома жой олган. Бу саволлар орасида қон гуруҳи¸ онасининг исми¸ шариатдан хабардорлик даражаси¸ жангарини ИШИДга қаўшилишга ким тавсия қилгани ва қуролли кураш тажрибасига оид саволлар бор.

Разведка хизматлари учун “олтин кони” деб баҳоланаëтган ушбу ҳужжатларни тақдим қилган Озод Сурия армиясидан ИШИДга ўтган собиқ жангари¸ “Исломий давлат”нинг исломга алоқаси йўқлиги¸ унинг тўлиғича Ироқдаги собиқ Баас партияси вакиллари қўлига ўтганини билдирган.

У шунингдек¸ кучайиб бораëтган ҳаво ҳужумларидан сўнг ИШИД бошқарувчилари Раққани тарк этиб¸ Ироқ чўлларига кўчаëтганини ҳам маълум қилган.

XS
SM
MD
LG