Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:47

Сурхондарёда милиция "Дамас"ларни текширмоқда, аҳоли ваҳимада


Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида милиция ходимлари “Дамас” микроавтобусларини бирма-бир тўхтатиб, текширмоқда. Чоршанба кунидан барча йўналишдаги “Дамас” таксилари ҳаракатлари вақтинча тўхтаган.

Сурхондарёлик ҳайдовчиларнинг Озодликка айтишича, текширувлар сабаб шаҳарга кираверишдаги постларда тиқилинч юзага келган:

– Ҳозир “Дамас”ларни облава қилишаяпти. Ҳамма постда тўхтатаяпти. “Капотини оч”, дейди, кабинани ичини текширади. Ҳужжатларни кўради. Текширувлар сабаби ҳақида ҳеч нарса айтмайди. Йўллар тиқилинч бўлиб кетган, - дейди исми сир қолишини истаган сурхондарёлик “Дамас” ҳайдовчиси.

Текширув сабаблари ҳақида аҳолига аниқ маълумот берилмаётгани шаҳарда террорчилар бош кўтаргани ҳақидаги ваҳимали гап-сўзларнинг тарқалишига сабаб бўлмоқда¸ дейди Озодлик гаплашган термизликлардан бири:

- Ҳар-хил гап-сўз. Нима бўлганини айтишмаяпти. Шаҳарда террорчиларни ушлашаяпти, террорчи “Дамас”га бомба қўйиб, шаҳарга кирмоқчи бўлган, дейишаяпти. Кўчага чиқишга ҳам қўрқаяпмиз, - дейди Ўзбекистоннинг Афғонистонга туташ энг жанубий вилоятида яшовчилардан бири.

Вилоят ҳуқуқ-тартибот идораларидаги Озодлик манбаси “Дамас” микроавтобусларини ёппасига текшириш амалиёти Сурхондарё вилояти бўйича ўтказилаётганини тасдиқлади, лекин бу текширувлар террорчиларни ушлаш бўйича ўтказилаётганини рад этди:

- “Дамас”да йўловчини уриб юбориб, воқеа жойидан қочган шахс қидирилмоқда. Йўловчи ўлган, “Дамас” ҳайдовчиси қочиб юрибди. Ҳозир барча постларга “Дамас” микроавтобусларини тўхтатиб, текшириш айтилган. Йўналишдаги “Дамас” таксилари ҳаракати тўхтатилган. Буни террорчиликка ҳеч алоқаси йўқ, - деди Озодлик манбаси.

Аввалроқ, Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида ўтказилган бу каби текширувлар аҳоли орасида террорчилик хуружлари борасидаги турли миш-мишларни келтириб чиқарган эди.

Ўтган йили Сурхондарё вилоятининг Афғонистонга чегарадош ҳудудида қўшни давлатдан "эҳтимолий террор ҳужуми"ни қайтариш бўйича машқлар ўтказилган ва бу аҳоли орасида ваҳимали гап-сўзлар тарқалишига сабаб бўлган эди.

XS
SM
MD
LG