Линклар

Тожикистон Олий суди диндор мухолифатчилар қийноққа солинганини рад этмоқда


Тожикистон Ислом уйғониш партиясининг қўлга олинган ва судланаётган аъзолари.

Тожикистон Ислом уйғониш партиясининг қўлга олинган ва судланаётган аъзолари.

Исми ошкор қилинмаслиги шарти билан Озодликнинг тожик хизматига интервью берган Олий суд судьяси иддаосича, Тожикистон Ислом уйғониш партиясининг ҳибсда сақланаётган аъзоларига нисбатан қийноқ қўлланилаётгани ҳақидаги гаплар асоссиздир.

Судья партиянинг 13 аъзоси устидан ўтказилаётган маҳкама жараёни ҳуқуқ-тартибот идораларининг энг юқори лавозимли мутасаддилари назорати остида экани ва шунинг учун ҳам уларга нисбатан куч ишлатилмаслигини таъкидлаган.

Шунингдек, у партия аъзолари устидан суд давом этаётгани, айбланувчилар суд залига олиб келинаётгани ҳамда маҳкамада уларнинг адвокатлари ҳам иштирок этаётганини маълум қилди.

Судьяга кўра, маҳкама талаби билан жараёнда айбланувчиларнинг яқинлари ҳам қатнашмоқда.

“Агар куч ишлатилганда ва қийноқ қўлланилганда, улар сезган бўлардилар”, деди Тожикистон Олий суди судьяси.

Судья тергов изоляторида Ислом уйғониш партияси аъзоси Ҳикматулло Сайфуллозодага нисбатан қийноқ қўлланилганига оид иддаони ҳам рад этди.

7 март куни Freedom House халқаро ташкилоти Тожикистон Ислом уйғониш партиясига қарашли “Нажот” газетаси бош муҳаррири Сайфуллозода ҳибсхонада қийноққа тутилаётгани юзасидан хавотир изҳор қилганди.

Партиянинг 13 нафар аъзоси давлат идораларига қуролли босқинда айбланган мудофаа вазири ўринбосари Абдуҳалим Назарзодага қарши амалиёти тугаши биланоқ, аниқроғи, ўтган йилнинг 16-17 сентябрь кунлари ҳибсга олинганлар.

Тожик расмийлари Ислом уйғониш партияси раҳбарияти ва аъзоларини, хусусан, ҳозирда хорижда юрган партия лидери Муҳиддин Кабирийни бу қуролли исёнга алоқадорликда айблаганлар.

2015 йил 29 сентябрида Тожикистон Олий суди бу партияни террористик ва экстремистик ташкилот, деб эълон қилган ҳамда унинг мамлакатда фаолият юритишини тақиқлаб қўйган. Бироқ партия вакиллари, жумладан, унинг лидери Кабирий мазкур “исён” партия фаолиятига чек қўйиш учун баҳона бўлганини айтиб, бу айбловларни рад этмоқда.

Аввалроқ халқаро ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотлари сўнгги ойларда Тожикистон Ислом уйғониш партиясининг 200 га яқин аъзоси қўлга олинганини, уларнинг айримларига нисбатан ғайриинсоний муносабатда бўлинаётганини билдириб чиққандилар.

Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси маълумотларига кўра, ҳозиргача партиянинг 8 аъзоси 4 йилдан 18 йилгача қамалган. Бу партияга аъзо бўлган 6 киши бедарак кетган. Бошқа ўнлаб аъзо, шу жумладан, партия раиси Муҳиддин Кабирий қидирувга берилган.

Ўтган ой Human Rights Watch ва Норвегия Ҳелсинки қўмитаси каби халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари Тожикистон расмийларидан мамлакатдаги барча сиёсий маҳбусларни озод қилишни талаб қилиб чиққанди.

Бу икки ташкилот вакилларига кўра, Марказий Осиё минтақасида ягона бўлган исломий партия ўтган йил сентябрида тақиқланганидан кейин Тожикистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият янада ёмонлашган.

XS
SM
MD
LG