Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:15

Вилоятдан келганларнинг Тошкентда рухсатномасиз ишлаши тақиқланди


Бундан буён Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан келган Ўзбекистон фуқаролари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида махсус рухсатномасиз ишлаётганда қўлга тушиб қолса, доимий яшаш жойига мажбуран чиқариб юборилади.

Вилоятлардан келганларнинг пойтахтда ва Тошкент вилоятида ҳисобдан ўтмай 5 кундан ортиқ яшашини ва рухсатномасиз ишлашини тақиқловчи ҳужжат – Вазирлар Маҳкамасининг 54- қарори 2016 йил, 26 февралда қабул қилинган.

9 март куни эса, қарор ва унга тиркалган илова Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўпламига киритилди, яъни кучга кирди.

Мазкур янгилик ҳар бир ўзбекистонлик учун муҳим бўлгани учун пайдо бўлиши мумкин саволларга ҳукумат қароридан керакли жавобларни топишга уриндик.

Демак, дастлабки савол:

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ҳисобда туриш учун қандай ҳужжат тақдим этилади?

Илгари кўзда тутилган ҳужжатлардан ташқари 5 кун муддатда ўзининг вақтинча турган жойи бўйича милиция таянч пунктига турар жойнинг ёхуд унинг бир қисмининг ижара (текин фойдаланиш) шартномасининг нотариал тасдиқланган нусхасини тақдим қилиши керак.

Юқоридаги ва қуйидаги меъёрлар олдинги таҳрирда қандай бўлганини мана бу иловадан билишингиз мумкин.

Тошкентлик қариндошиникида турадиганлар ҳам ижара (текин фойдаланиш) шартномасининг нотариал тасдиқланган нусхасини тақдим қилиши керакми?

Агар ҳисобда туриш учун мурожаат қилган фуқаро турар-жой мулкдорининг (мулкдорларнинг) яқин қариндоши бўлса, шартноманинг нусхаси талаб этилмайди. Бу ҳолатда фуқаронинг ва турар жой мулкдорининг (мулкдорларнинг) қариндошлиги даражасини тасдиқлайдиган ҳужжатлар тақдим этилиши керак.

Қанча муддатга ҳисобда туриш мумкин Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида?

Бу ҳақда аниқ гап айтилмаган. Бироқ қарорнинг вақтинчалик бир марталик иш учун гувоҳномага оид меъёридан бу муддат амалда 6 ойдан узоққа чўзилмаслиги тушунилади.

Ҳисобга олиш қандай қилиб қайта расмийлаштирилади?

Охирги ҳисобга олиш расмийлаштирилган пайтдан бошлаб бир йил мобайнида ҳисобга олишни қайта расмийлаштириш масалаларини кўриб чиқиш тартиби ўзгартирилди. Эндиликда бу фуқаро вақтинча турган жойи бўйича ХЧКваФРБда амалга оширилади. Бунинг учун фуқаро ҳисобга олиш муддати тамом бўлишидан 15 кун олдин Хорижга чиқиш, кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига ҳужжатларни тақдим этади.

Қайта ҳисобга олинмаган фуқаро Тошкентда яшайвериши мумкинми?

Мумкин эмас. Ариза рўйхатдан ўтказилгандан, шунингдек тақдим этилган ҳужжатлар ўрганиб чиқилган ва расмийлаштирилгандан кейин Хорижга чиқиш, кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига 15 кун мобайнида ҳисобга олишни қайта расмийлаштиришга рухсат бериш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади. Ижобий қарор қабул қилинганда ХЧКваФРБ фуқарога ҳисобга олиш тўғрисидаги қайд варағини такроран беради, салбий қарор қабул қилинганда эса - ушбу қарорни ариза берувчига етказади ҳамда уни ИИБ томонидан белгиланган муддатда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидан чиқиб кетиш мажбурияти тўғрисида огоҳлантиради.

Қай ҳолатларда фуқарони Тошкентда қайта ҳисобга олмайдилар?

Қуйидагилар ҳисобга олишни қайта расмийлаштириш рад этилиши учун асос ҳисобланади:

мунтазам равишда ҳуқуқни бузишлар содир этилиши;

шахснинг Тошкент шаҳрида ёки Тошкент вилоятида бундан буён бўлиши жамоат тартиби бузилиши учун шарт-шароитлар яратиши тўғрисидаги маълумотларнинг мавжудлиги;

ҳужжатларда нотўғри маълумотларнинг мавжудлиги.

Қайта ҳисобда туриш рад этилган тақдирда ХЧКваФРБ инспектори томонидан хулоса тузилади, ушбу хулоса ХЧКваФРБ бошлиғи томонидан тасдиқланади, унда рад этишнинг аниқ асослари кўрсатилган бўлиши керак.

Ҳисобда туришни қайта расмийлаштириш рад этилиши устидан суд тартибида шикоят қилиш мумкин.

"Вақтинчалик бир марталик иш учун гувоҳнома" қаердан пайдо бўлди?

Вазирлар Маҳкамасининг “Паспорт-виза режимига риоя қилиш тартиби мустаҳкамланганлиги ва уй-жой фондидан фойдаланиш тартибга солиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қароридан бундан буён Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида бошқа жойлардан келганлар учун вақтинчалик бир марталик иш учун гувоҳнома жорий этилиши маълум бўлди.

Вақтинчалик бир марталик иш учун гувоҳномани ким беради?

Вақтинчалик бир марталик иш билан таъминлаш маркази беради.

Вақтинчалик бир марталик иш учун гувоҳнома қанча муддатга берилади?

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида вақтинча ҳисобга олиш муддатига берилади, бироқ 6 ойдан ортиқ бўлиши мумкин эмас.

Вақтинчалик бир марталик иш учун гувоҳномани олиш учун нима қилиш керак?

Бунинг учун Вақтинчалик бир марталик иш билан таъминлаш марказига ариза ёзасиз, асл нусхасини кўрсатган ҳолда паспортингизнинг нусхасини, 3 x 4 см ўлчамли тўртта фотосурат ҳамда тасвирини чапда эълон қилганимиз сўровномани тўлдириб топширасиз:

Шунингдек:

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига республиканинг бошқа минтақаларидан келадиган ва вақтинчалик бир марталик ишларга ёлланадиган фуқаролар турган жойи бўйича ҳисобга олиш тўғрисидаги қайд варағини ҳам тақдим қилишлари керак.

Вақтинчалик бир марталик иш учун гувоҳнома қуйидаги шаклда бўлади:

Вақтинчалик бир марталик иш учун гувоҳнома неча кунда берилади?

Барча зарур ҳужжатлар тақдим этилгандан кейин икки иш куни мобайнида берилади.

Юқоридаги талаб Тошкентда доимий асосда ишлаётган фуқароларга ҳам тааллуқлими?

Қабул қилинган ўзгартиришлар фақат вақтинчалик бир марталик ишлар билан банд шахсларга (масалан, мардикорларга) татбиқ этилади ҳамда доимий асосда ишлаётган фуқароларга тааллуқли эмас.

“Ёпиқ” шаҳар

Маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва қатор халқаро ташкилотлар, хусусан Хьюман Райтс Вотч ташкилоти Ўзбекистонда Совет ҳукумати ихтироси бўлган прописка тизими Ўзбекистонда ҳануз сақланиб қолганини, Тошкент амалда мамлакатнинг ўз фуқаролари учун деярли ёпиқ шаҳарга айлантирилганини мунтазам танқид қилиб келар эди.

Вазирлар Маҳкамасининг бугун ўрганганимиз қарори бу соҳадаги вазиятнинг янада абгорлашганидан далолатдир.

Материални тайёрлашда Озодлик мавзуга қонун ҳужжатларидан ҳамда norma.uz сайтининг шарҳидан фойдаланди.

XS
SM
MD
LG