Линклар

Ўзбекистонда дарахтларини кесиш давом этмоқда. Самарқанд ва Бухородан Озодликка мурожаат қилган муштарийларимизнинг ёзишича, кейинги кунлар ичида иккала шаҳар марказларида юзлаб дарахт йўқ қилинган. Расмийлар бу ҳолатни қайта қуриш ва ободонлаштириш ишлари билан изоҳламоқда. Самарқанд вилояти ҳокимилигидаги манбанинг айтишича, шаҳар марказидаги иккита кўчада йўллар кенгайтирилаётгани боис, нафақат дарахтлар, уйлар ҳам бузиб ташланмоқда. Бухорода ҳам қурилиш ишлари боис дарахтлар кесилаётгани маълум бўлди.

Самарқандликлардан келаётган хабарларга кўра, ҳозирда шаҳар марказидаги кўчаларда дарахтлар битта қўймасдан кесиб ташланмоқда.

“Чинорларни кесиш навбати энди Самарқандга келди. Собиқ А.Икромов, ҳозирги Буюк Ипак Йўли кўчасида вилоят ҳокимининг буйруғига биноан 100 йиллик чинорлар кесиляпти”, дея ёзди самарқандлик муштарийларимиз.

Хабарда яна айтилишича, Тошкентда асосан чинорлар йўқ қилинган бўлса, қадимий пойтахт марказида чинорларга қўшиб, арча ва мевали дарахтлар ҳам таг туги билан йўқ қилинмоқда.

Озодликнинг Самарқанд вилоят ҳокимлигидаги манбаси бу хабарни тасдиқлади. Унинг айтишича, шаҳар марказидаги иккита кўчада режали қайта қуриш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилаётгани туфайли дарахтларни кесишдан ташқари, йўл бўйидаги уйлар ҳам бузиб ташланмоқда.

“Шаҳар марказидаги Буюк Ипак Йўли ва бир томонлама ҳаракатланувчи Орзу Маҳмудова кўчаларида умумий реконструкция ишлари режага кўра олиб бориляпти. Иккала кўча кенгайтириляпти шунинг учун бу кўчалардаги барча дарахтлар, ҳақиқатан кесиб ташланмоқда. Бундан ташқари бу кўчаларда жойлашган бинолар, жумладан турар жой уйлари бузиб ташланиб, қайтадан 2-3 қаватлик қилиб қуриш режалаштирилган”, дейди ҳокимлик мулозими.

Самарқанд маразидаги Маҳмуд Қошғарий кўчасида ҳам қайта қуриш важи билан дарахтлар кесиб ташланган

Самарқанд маразидаги Маҳмуд Қошғарий кўчасида ҳам қайта қуриш важи билан дарахтлар кесиб ташланган

Унинг айтишича, иккала кўчанинг икки тарафида ўсган жами 200 тупга яқин дарахт кесиб ташланган. Лекин уларнинг ўрнига қрим қарағайи, каштан ва арча каби дарахтлар экилади, дея ишонтирди мулозим.

Озодликнинг Самарқанддаги мобил мухбирининг айтишича, нафақат Буюк Ипак Йўли ва Орзу Маҳмудова кўчалари, балки шаҳар маразидаги Маҳмуд Қошғарий кўчасида ҳам қайта қуриш важи билан дарахтлар кесиб ташланган.

Дарахтлар кесилаётгани тўғрисидаги хабар Бухордан ҳам келди. Бухоролик муштариймиз ўз хабарига электр арра ёрдамида кесилаётган дарахтлар тасвири туширилган видеони ҳам илова қилди. Унда эман ва арчага ўхшаш дарахтлар кесилаётагнини кўриш мумкин.

Бухоро вилояти ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими, бутун шаҳар бўйлаб арча дарахтлари кесилаётгани, бунга дарахтларга касаллик тушгани сабаб бўлганини билдирди.

“Бухорода можжевельник дарахтлари кесиб ташланаяпти, чунки уларга касаллик тушган. Грибок (замбуруғ) касали тушди. Вилоят ҳокими, карантин хизматининг хулосаси бор, кесиб ташлансин, деган. Чунки бошқа дарахтларга ҳам ўтиб кетиши мумкин. Фақат можжевельник кесиляпти. Эман, чинор кесилмаяпти. Бизда чинорлар қолмаган, аллақачон кесиб ташланган. Марказда фақат можжевельник кесиляпти. Айрим микрорайонларда қурилиш ишлари кетяпти, у ерда атроф мухит идораси рухсати билан кесилаётган бўлиши мумкин”, деди мулозим.

Ўзбекистон шаҳар ва қишлоқларида кейинги бир неча йил давомида қайта қуриш ва ободонлаштириш баҳонасида бир неча юз йиллик чинор ва бошқа дарахтлар оммавий тарзда кесилмоқда. Бу ҳолат ўзбекистонликлар эътирозига сабаб бўлмоқда. Айниқса, сўнгги бир неча ой ичида Тошкентнинг бир неча даҳасида чинорзорларнинг йўқ қилинишига қарши маҳаллий аҳоли кескин нророзилик билдирди.

Январь ойида тошкентликлар шаҳарда чинорларнинг кесилишига қарши Ўзбекистон ҳукуматига петиция билан мурожаат қилган бўлса, ўтган ойда Чилонзор туманидаги кўп қаватли уйлар ўртасидаги чинорларнинг кесилишига қарши маҳаллий аҳоли кўчага чиқди.

Мазкур ҳолат ижтиомий тармоқлар ҳамда Озодликда ёритилиши натижасида, Чилонзорда дарахтларнинг йўқ қилиниши ортида “Murаd Buildings” девелоперлик ширкати тургани фош бўлди. Шундан кейин мазкур ширкат раҳбари Мурод Назаров ҳар бир кесилган чинор учун товон пули тўлашга тайёрлигини баён қилди. Ижтимойи тармоқларда пайдо бўлган иддаоларга кўра, “Murаd Buildings” эгаси шу кунларда кесилган дарахтлар ўрнига янгиларини экмоқда.

Ўтган ҳафта Тошкент шаҳрида ўтказилган мебель кўргазмасида чинордан ясалган анжомларнинг қўйилгани, кесилган дарахтлардан кимлардир фойда кўрмоқда, деган тахминларга сабаб бўлди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG