Линклар

OzodNazarBlog: Савченко ва сиёсий садомазохизм

  • Сарвар Усмон

Зигмунд Фрейд (1856-1939)

Зигмунд Фрейд (1856-1939)

Суднинг кечаги мажлисида судьяга беш бармоғидан энг узунини кўрсатган, нон емай, сув ичмай ҳукмни кутиб қамоқда ётган украин қиз билан боғлиқ гапларни гаплашай, деб на Россиядан, на Украинадан бир холис билгич топдим.

Сиёсатшунослар бир-бирини кўролмас, қўққис кўриб қолса чидаб туролмас бўлиб қолганига икки сана бўлди: “Кримнашист”лар бир томон, “Майдан”чилар бир томон.

Касби (ҳарбий учувчи) гўзал чеҳрасию қадди-бастига номонанд Надежданинг 20 ойдан бери давом этаётган кўргиликларини ўйларкан, баъзи рамзларни кўрдимки, уларни тушунмоқ истаги билан психоанализ фани отаси Фрейд (Зигмунд Фрейд – 1856-1939) оқсоқолни OzodNazarга ғойибона таклиф қилдим.

- Зигмунд ака, Надежда Савченкога сўнгги сўз айтиб олиш имконини 8 мартни мўлжаллаб, 9 мартда берганларида қандайдир рамз кўраяпман. Ҳатто, агар 8 март – иш куни бўлганида Надеждага охирги сўзини айнан шу кунда айттирармидилар, деб ўйладим. Ё мен йўқ жойдан маъно излаяпманми?

- Тўғри илғабсиз. Ўйлаётганингиз ҳолатни янада яққолроқ тушунишингиз учун бошқа нарсани айтиб ўтай. Эътибор беринг: 20 ойдан бери “Савченко - Россия суди” зиддияти эмас, балки “Савченко - Путин” зиддияти давом этмоқда. Бир томонда сурати ҳар қандай ялтироқ журнал муқовасини безаши мумкин фавқулодда аттрактив, фавқулодда секси Надежда, иккинчи томонда брутал Путин.

- Айтмоқчисизки, аввал-бошданоқ асирликка украиналик эркак ҳарбий эмас, айнан аёл ҳарбий, аёл бўлганда ҳам гўзал аёл танланган?

- Воқеалар ривожи шуни кўрсатиб турибди. Бу танловнинг Путин учун яна бир муҳим ньюанси бор: у Надежда Савченкони Украина рамзи қилиб кўрсатмоқчи. Яъни Украина аёл, заифа; Ўзини эса, Путин, Россия деб билади. Шундан келиб чиқадиган эркак-аёл муносабатларини назарда тутаяпманки, у бутун дунёга “Кўринглар, Украинани, унинг Надеждасини нима қилаяпман”, демоқчи.

- Тушунарли. Келинг, Надежданинг суддаги охирги сўзини айтиб олиши учун 9 март танланганига қайтайлик...

- Буни тушуниш учун мендай психоаналитик бўлиш шарт эмас. Бунинг учун постсовет мамлакатларда фавқулодда тантана билан байрам қилинадиган Хотин-қизлар кунининг эртаси танланиши Путиннинг садизмга мойиллигини кўрсатиб турибди. Боя ўзингиз тахмин қилгандай, агар 8 март иш куни бўлганида суд мажлисини шу куни ўтказган бўлар эди.

- Эътибор берган бўлсангиз, Надежда охирги сўзини айтар экан, уят қилиқ қилди...

- Ҳа, кўрдим, ўрта бармоғини кўрсатди.

- Биз ўзбекларда уни ўртақўл дейди...

- Шундайми? Ҳа у ўртақўлини кўрсатди.

- Шундай қилиши мумкинлигини ўйламаганми Путин?

- Мана шу жойда психоанализни бошлаш мумкин. Менимча, бундай қилиқ бўлишини Путин сезган. Ҳатто кутган бўлиши ҳам мумкин. Ахир судьяга кўрсатилган ўртақўл, аслида Путинга кўрсатилган ўртақўлдир. Агар унинг онгсоти титкиланса, ўйлайманки, мазохизм аломатларини ҳам топиш мумкин. Агар шундай тадқиқот ўтказилсаю Путин - садист, айни пайтда мазохист, бир сўз билан айтганда садомазохист, деган фикрга келинса, мен ҳеч ҳайрон бўлмайман.

- Савченко устидан ҳукмнинг 21, 22 мартга қолдирилганида қандай синоат бўлиши мумкин?

- Бу саволни психоаналитикка эмас, астрологга берсангиз тўғри бўларди. Менимча, бу - яхшилик аломати. Ахир сиз айтаётган кунларда тун қисқариб, кун узая бошлайди. Демак, Надежда Савченко учун ёруғ кунлар бошланади.

- Ҳа, украинлар ўзлариям Надiя помирае останьою дейдиларку?!

- Бу нима дегани?

- Надiя - Надежда - Умид дегани. Жон чиқаётган сонияда ҳам умид қолади, ўладиган энг охирги нарса умиддир, дегани.

- Яхши гап экан.

- Суҳбат учун раҳмат, Зигмунд ака!

- Сизга ҳам раҳмат, тингловчиларингизга саломларимни етказинг.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG