Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:38

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф вафотига бир йил тўлди


Ўзбекистонда танилган уламо шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф вафотидан бир йил ўтди. Ўзбекистоннинг сўнгги 30 йиллик тарихида сезиларли из қолдирган бу шахсдан қолган каттагина илмий мерос ҳануз зиддиятли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

"Ислом ва мусулмонлар" эшиттиришида шайх вафотидан кейинги бир йилга назар ташлаган суҳбатдошлар у кишидан қолган мерос, мактаб ва у кишининг эҳтимолий вориси ҳақида суҳбатлашдилар.

Шайх ҳазратларининг ёнида 16 йил таълим олганини айтган ўзбекистонлик ёш аҳли илм Аброр Мухтор Алий Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф яратган мактаб айни шаклда фаолиятини давом эттираётганини айтди.

Аброр Мухтор Алийга кўра, шогирдлардан иборат алоҳида бир гуруҳ у кишининг ҳаётлигида жуда оммабоп бўлган "Зикр аҳлидан сўранг" рукнини давом эттириб, жамоатдан тушган саволларга жавоб бермоқда. Шайх ҳаётлигида ёзган, аммо чоп этишга улгурмаган китоблар чоп этилмоқда.

Шайхнинг шогирди ворис масаласидаги саволларга ҳам жавоб бераркан, шу кунда Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ўрнини босадиган киши кўринмаётгани, аммо олимларнинг янги авлоди етишиб чиқаётганини айтди. Гап орасида Аброр Мухтор Алий шайхнинг ўғли ҳақидаги саволларга ҳам жавоб берди.

Давра суҳбатида иштирок этган яна бир ўзбекистонлик олим - шу кунда Швецияда бўлган Муҳиддин Ширинов шайхдан қолган мактаб ва илмий меросга муносабат билдирди. У кишининг майдонга чиқишини тарихий шароит билан боғлаган Ширинов ҳам ҳозирда шайх каби бир дин пешвосининг Ўзбекистонда пайдо бўлишига эҳтимол бермади.

Ширинов фикрича, ҳам мавжуд тарихий зарурат ва айни пайтда Ўзбекистонда ҳукмрон сиёсий режим талабларига усталик билан жавоб бера оладиган яна бир дин пешвосининг ҳозир пайдо бўлиши имконсиз.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳақида қатор мақолалар ёзиб, ижтимоий тармоқлар ва ўз блогида эълон қилиб келаётган ўзбекистонлик имом - ҳозир Швецияда бўлган Муҳаммадсолиҳ Обутов эса сўнгги бир йил ичида ҳеч қандай ижобий ўзгариш бўлмагани ва бу ҳол Ўзбекистонда сиёсий режим ўзгармагунича давом этади, деган хулосасини тилга олди.

Обутов фикрича, аслида Ўзбекистонда ва хорижда илм чуқур бўлган ва шайх билан бемалол тенглаша оладиган аҳли илмлар бор. Аммо, уларга сиёсий эркинликлар берилмаган, турли диний жамоаларга тенг ҳуқуқ берилмаган.

"Ислом ва мусулмонлар" эшиттиришини қуйида тинглашингиз мумкин:

Ислом ва мусулмонлар: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф вафотига 1 йил тўлди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:48:19 0:00
Бевосита линк

Шайх билан видолашув

Шайх Ўзбекистоннинг сўнгги 30 йиллик тарихида чуқур из қолдирган ва зиддиятли шахс сифатида тарихга кирган йирик дин пешвосидир. ​У киши 2015 йилнинг 10 мартида Тошкентда юрак хуружидан вафот этди.

63 ёш - пайғамбар ёшида вафот этган Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларига Тошкент шаҳрининг Кўкча даҳаси, “Шайх Зайниддин” жомеъ масжидида жаноза ўқилди ва бу маросимда республика тарихида кузатилмаган миқдорда кўп одам - 200 минг киши келди.

Мунозарали мерос

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳммад Юсуф 37 ёшида - 1989-йилда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси этиб тайинланган.

1989-йилда шу лавозимни қабул қилганидан кейинги фаолияти орадан икки йил ўтиб мустақил бўлган Ўзбекистоннинг янги тарихида шубҳасиз чуқур из қолдирди ва бу давр ҳақида бугун билдирилаётган муносабатлар жуда зиддиятлидир.

Озодлик бу борада қатор махсус дастурлар тайёрлади.

Қуйида шайхдан қолган меросга билдирилган баъзи муносабатлар билан танишишингиз мумкин:

- С.Рафитдинов: Шайх умрини халққа шариатни тушунтиришга сарфлади;

- А.Мўминов: Шайхдан мусулмонлар орасига нифоқ солувчи мерос қолди;

- М.Нур: Ҳазрат сўнгги 500 йилда чиққан энг катта уламо;

- М. Обутов: Шайх мазҳабпарастликни тирилтирди;

- Пўлат Охунов: Шайх СССР депутати сифатида ўзбекларни ҳимоя қилган эди;

- Абдулазиз Мансур: Шайх алғов-далғов даврда мусулмонларга бош бўлган эди.

XS
SM
MD
LG