Линклар

Савченкога Порошенко номидан юборилган хат сохта бўлиб чиқди


Украина президенти Петро Порошенконинг Россия қамоғида қолаётган украин учувчиси Надежда Савченкога очликни тўхтатишни сўраб ёзган хати сохта бўлиб чиқди. 3 мартдан бери очлик эълон қилган Савченко шу хатни олганидан сўнг 10 мартдан очликни тўхтатиб¸ суюқлик ича бошлади.

Украина президенти матбуот хизмати Надежда Савченкога президент Порошенко тарафидан ҳеч қанақа хат жўнатилмаганини билдирди.

- Президент ҳарбий хизматчи Савченкога қўллаб-қувватлов сўзларини унинг опаси ва онаси орқали йўллаган, лекин ҳеч қанақа хат жўнатмаган, - дейилади Украина президенти матбуот хизматининг 10 март кунги баёнотида.

Украина президенти Петро Порошенко номидан йўлланган сохта мактубда: “Бизга соғлом Савченко керак. Украина қаҳрамони, халқ депутати, озодлигимиз рамзи бўлган аёлнинг тез кунда уйида бўлишини истаймиз. Ҳукумат таркибида сизни куришни хоҳлаймиз”, - деган сўзлар ёзилган.

Айни пайтда “Лексус” рақабли россиялик пранкер Алексей Столяров украиналик учувчи Надежда Савченкога президент Порошенко номидан юборилган мактубни ўзи ёзганига иқрор бўлди.

Надеждани вакилларига Украина ҳукумати номидан чиқиб, у очликни тўхтатиши кераклигини айтдик. Надеждани алмаштиришга тайёрлигимиз, бунинг учун учувчи биринчи навбатда айбига иқрор бўлиши лозимлигини етказдик. Лекин унинг адвокатлари бунга рози бўлмади, - деди "Лексус" LifeNews мухбирига.

Украин учувчисининг адвокати Марк Фейгин сохта хат ўйинини Россия маҳсус хизматларининг Савченко ва Украина ҳукуматини обрўсизлантиришга қаратилган фитнаси, деб атади.

Украина президенти Петро Порошенко 9 март куни ҳақиқатан ҳам Надежда Савченкони ватанига қайтариш учун уни айирбошлашга тайëрлигини билдирди.

- Мен Украина президенти сифатида конституциявий ҳуқуқларимдан фойдаланган холда Надеждани тезроқ уйига қайтиши учун барча имкониятдан фойдаланишга тайёрман, - деди Проршенко

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Украина президентининг бу чақириғини кремлдагилар эшитгани, лекин вазият борасида изоҳ беролмаслигини айтди.

9 март куни Ростов вилояти Донецк шаҳар судида Надежда Савченко сўнгги чиқиш қилди.

У ўзига қўйилаётган айбловларни ҳам, Россия маҳкамасини ҳам ва бу маҳкама чиқарадиган ҳукмни ҳам тан олмаслигини айтди.

Маҳкама ҳукмининг 21-22 март куни эълон қилиниши кутилмоқда. Қотилликка алоқадорликда айбланаëтган Савченко 23 йилга озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

XS
SM
MD
LG