Линклар

logo-print

30 минг сўмлик қотиллик, сертификат учун пора, отини бошқа қўйишни истамаган келин


Uzbekistan - Article from "Oila davrasida" newspaper

Uzbekistan - Article from "Oila davrasida" newspaper

Тошкентда 30 минг сўм эвазига қотиллик содир этилди. Актриса Шаҳзода Матчонова очиқ-cочиқ сурати туфайли мухлислардан балога қолди. Бухорода санэпидемстанция мудири пора билан ушланди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

Хоразмда ноқонуний юрган 3 нафар чет эллик мамлакатдан чиқариб юборилди

Хоразмда ўтказилаётган “Тозалаш-Антитеррор” тадбири давомида уч нафар чет эл фуқароси вилоят ҳудудида ноқонуний бўлгани аниқланди ва Ўзбекистонда яшаш ва транзит қоидаларини қўпол равишда бузгани учун мамлакат ҳудудидан чиқариб юборилди (“Постда”, 6 март). Бундан ташқари, тадбир давомида 2000 дан ортиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик аниқланиб, ўндан ортиқ жиноят қисқа фурсатда фош қилинган. Жиноят содир этиб тергов идораларидан қочиб юрган тўрт нафар шахс қўлга олинган.

Жиззахда газ идораси мансабдори 225 сўмлик газни аҳолига 5 минг сўмдан пуллаган

Жиззах вилояти “Дўстликтумангаз” филиали омбор мудири Адҳам Маматов суюлтирилган газ “операцияси” орқали каттагина маблағни талон-тарож қилган (“Ҳуқуқ”, 10 март). Молия вазирлиги тасдиқлаган тарифга кўра, суюлтирилган газнинг килограмми аҳолига 2012-2014 йилларда 225 сўмдан, 2014 йилдан 310 сўмдан сотилиши лозим эди. Аммо газ идораси мансабдори Маматов фуқароларни алдаб, белгиланган нархнинг устига ҳар бир газ баллони учун 2 мингдан 5 минг сўмгача ноқонуний пул йиғиб олган. Суюлтирилган газ савдосидан тушган маблағ 140 миллионга яқин экани ва судланувчига қонунда белгиланган чора кўрилгани хабар қилинган.

Тошкентда 30 минг сўм эвазига қотиллик содир этилди

Тошкент шаҳри Учтепа туманида “Нокиа-6233” телефони туфайли қотиллик жинояти содир этилди (“Ҳуқуқ оламида”, 10 март). Учтепа тумани ИИБ терговчиси Анвар Иботовнинг маълум қилишича, 1992-1993 йилларда туғилган Дониёр Шораҳимов ва Тўлқин Тўраев Чилонзор 24-мавзеси ҳудудида кечқурун икки нафар маст эркакни калтаклаб, улардан бирига тегишли “Нокиа-6233” телефонини олиб қочган. Талончиликка қўл урган йигитлар телефонни пуллаб, 30 минг сўмдан бўлишиб олишга келишган. Калтакланган эркаклардан бири шифохонада ўзига келмай вафот этган. “Ота-оналар томонидан тўғри тарбияланмаган йигитчалар энди қилмишлари учун панжара ортида жавоб беришга мажбурлар”, деб ёзади Учтепа тумани ИИБ терговчиси.

Ижтимоий тармоққа очиқ-сочиқ суратини жойлаган актриса Шаҳзода Матчонова мухлислардан балога қолди

Актриса Шаҳзода Матчонова ижтимоий тармоққа жуда калта кўйлакда тушган суратини жойладию мухлисларидан балога қолди (“Даракчи”, 10 март). Қайд этилишича, актриса аввал очиқ-cочиқ кийимда кўринмаган. “Мухлисларининг “Ролларингиздаги хокисорлик ҳаётингиздаги юриш-туришингизга сира тўғри келмас экан” деган эътирозлари актриса томонидан жавобсиз қолдирилди”, деб ёзади газета. Шоу бизнес нашрига кўра, очиқ кийингани учун кўп бора танқид қилинган хонанда Нилуфар Усмонова яна ўтган ҳафта интернетга арабча рақс тушаётган видеосини жойлаган.

Бухорода санэпидемстанция мудири пора билан ушланди

Бухоро вилояти давлат санитария ва эпидемиология маркази сертификат бериш бўлими мудири Ҳожи Сафаров пора билан ушланди. “Ҳуқуқ” газетаси хабарига кўра, воқеа 2015 йил март ойида рўй берган. Навоий вилоятида давлат рўйхатидан ўтган “Шамшод-Шаҳзод-Шаҳрина” хусусий корхонаси раҳбари Ўткир Қаюмов гигиеник хулоса сертификати олиш учун марказга мурожаат қилган. Мудир Ҳ.Сафаров эса сертификат эвазига 600 минг сўм пора талаб қилган. Қайд этилишича, мудир сўралган пулни олаётган вақтда қўлига темир ҳалқалар тақилиб, унга тегишли жазо берилган.

Келинининг исмини ёқтирмаган тошкентлик қайнона ундан исмини ўзгартиришни талаб қилмоқда

Тошкент шаҳрида яшовчи Ўрозгул Ҳайдаровадан қайнонаси исмини ўзгартиришни талаб қилмоқда. Бунинг боиси қайнонага келинининг исми ёқмаяпти (“Оила даврасида”, 10 март). Мазкур ҳолатда Ў.Ҳайдарова ўз исмимни қонунан ҳимоя қилсам бўладими, дея таҳририятга савол берган. Шайхонтоҳур туманида фаолият юритувчи нотариус Камола Жўрабоевага кўра, Фуқаролик кодексининг 20-моддасига мувофиқ, фуқаронинг ўз исми билан яшаш ҳуқуқига эътироз билдирилса, манфаати бузилаётган шахс бундай хатти-ҳаракатга чек қўйишни талаб қилиши мумкин. Бу ҳолатда маънавий зиён ҳам талаб этилиши кўзда тутилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG