Линклар

Европа парламенти қозоқ расмийларини журналистларга нисбатан босимни тўхтатишга чақирди


Европарламент чақириғида жиноий таъқибга учраган Қозоғистон Журналистлар уюшмаси раиси Сейтқази Матаевнинг ҳам исми келтирилган.

Европарламент чақириғида жиноий таъқибга учраган Қозоғистон Журналистлар уюшмаси раиси Сейтқази Матаевнинг ҳам исми келтирилган.

Европа парламенти 10 март куни Қозоғистонда сўз эркинлиги бўйича резолюция ёйинлаб, унда қозоқ расмийларини журналистлар ва оммавий ахборот воситаларига нисбатан таъқибни тўхтатишга чақирди.

“Европа парламенти мустақил ва танқидий қарашдаги оммавий ахборот воситалари, журналистлар ва блогерларга нисбатан давом этаётган таъқибни, Қозоғистон расмийларининг сиёсий асосга эга бўлган айбловлардан фойдаланишини ва узоқ муддатли қамоқ таҳдиди остида сохта иқрорномалар олиш амалиётини қоралайди. Европа парламенти Сейтқази Матаев, Гўзал Байдалинова, Серикжан Мамбеталин ва бошқаларга нисбатан сиёсий сабабга эга бўлган аввалги ва ҳозирги маҳкама жараёнлари, ҳукмлар ва санкцияларни бекор қилишга чақиради”, дейилади Европарламент томонидан ёйинланган ҳужжатда.

Европа депутатлари Қозоғистон расмийларига оммавий ахборот воситалари учун ҳаддан зиёд оғир жазони кўзда тутган қонунчиликни ислоҳ қилиш талаби билан ҳам мурожаат қилганлар.

“Европарламент Қозоғистон расмийларини Европа Иттифоқи, БМТ ва ЕХҲТ томонидан тавсия этилгани каби қонунчиликда медиа-фаолият учун ҳаддан ташқари оғир маъмурий ва жиноий жазони бекор қилишни кўзда тутган ислоҳотларни зудлик билан бошлашга, хусусан, Жиноят кодексидан сўз эркинлигини чеклаш ва журналистларни айблаш учун фойдаланилаётган жазо моддаларини олиб ташлашга чақиради”, дея таъкидланади ҳужжатда.

Бундан ташқари, Европа парламенти Остонани журналистларнинг ишлари бўйича барча маҳкама жараёнлари очиқ тартибда ўтиши учун суд тизимини ўзгартиришга чақирган.

Маълумотларга кўра, мазкур резолюция Европа Иттифоқи кенгаши, комиссияси, вице-президенти, ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик бўйича вакили, ЕИга аъзо бўлган давлатлар ҳукуматлари ва парламентлари, Қозоғистон президенти, ҳукумати ва парламенти, Европа Кенгаши ва ЕХҲТ парламент ассамблеясига етказилади.

Президент Назарбоевнинг собиқ матбуот котиби ва Қозоғистон Журналистлар уюшмаси раиси Сейтқази Матаев бюджет маблағини ўмарганлик ва солиқ тўламаганликда гумонланиб, 24 февраль куни ҳибсга олинган. 3 март куни бўлиб ўтган апелляция суди адвокатларнинг Матаевни уй қамоғига чиқариш илтимосини қондирмаган. Шу тариқа Қозоғистон Журналистлар уюшмаси раиси тергов якунлангунича, яъни апрель ойи охирига қадар ҳибсхонада қоладиган бўлди.

Фуқаролик жамияти фаоллари Серикжан Мамбеталин ва Ермек Наримбаев Фейсбук ижтимоий тармоғидаги ўз саҳифаларида бошқа биров қалами мансуб матнни жойлаштирганлик учун январь ойи охирида 2 ва 3 йилга қамалганлар.

Ёлғон маълумот тарқатганликда айбланаётган Nakanune.kz мухолифат нашри муҳаррири Гўзал Байдалинова эса ўтган йилнинг декабридан бери Олмаота тергов ҳибсхонасида тутиб турилибди.

Исми саналган журналистлар ва фаоллар ўзларига қўйилаётган айбловларни тан олмаганлар. Айни пайтда бу журналистларнинг ҳамкасблари уларга нисбатан илгари сурилаётган айбловлар уйдирилгани ва сиёсий мотивга эгалигини айтмоқдалар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG