Линклар

Путиннинг собиқ маслаҳатчиси Михаил Лесин бошига етказилган жароҳатдан ўлган


Михаил Лесин 2015 йил ноябрида Вашингтондаги меҳмонхонада ўлик ҳолда топилган

Михаил Лесин 2015 йил ноябрида Вашингтондаги меҳмонхонада ўлик ҳолда топилган

Озодликка маълум бўлишича, Россия собиқ матбуот вазири ва президент Путиннинг масалаҳатчиси Михаил Лесиннинг ўлимига, унинг бош қисмига тўмтоқ предмет билан етказилган жароҳат сабаб бўлган. Бу ҳақда Озодликка Вашингтон шаҳар суд-тиббий экспертиза бошқармаси тақдим этган хулосага кўра, Путиннинг собиқ маслаҳатчиси қотиллик қурбони бўлган бўлиши мумкин, деган тахминларни тасдиқлади.

Вашингтон шаҳар суд-тиббий экспертиза идораси 10 март куни Озодликка очиқлаган баённомага кўра, Лесиннинг ўлимига сабаб бўлган бошқа омиллар орасида унинг бўйин қисми, гавдаси ва қўл-оёқ қисмига “тўмтоқ предмет билан етказилган жароҳатлар” ҳам бор.

“The New York Times” газетаси шахси очиқлангмана расмийга таяниб, бу жароҳатлар Лесин Вашингтонда “Dupont Circle” меҳмонхонасига қайтиб келишидан олдин рўй берган “қандайдир жанжал” натижасида етказилган.

Суд-тиббий экспертиза идораси мазкур иш борасид текширув давом этаётгани ва бундан ортиқ тасфсилот очиқланмаслигини билдирди.

Вашингтон шаҳар полиция бошқармаси матбуот вакили Дастин Стернбек мазкур иш ҳамон фаол тергов босқичида эканини таъкидлади, лекин суд-тиббий экспертиза хулосаси жиноят содир этилганига ишора қиладими-йўқми, буни изоҳлашдан бош тортди.

“Биз ҳозирги босқичда ҳеч нарсани эҳтимолдан соқит қилмоқчи эмасмиз”, дея иқтибос келтирди Стернбек сўзларидан “Washington Post” газетаси.

АҚШ Федерал тергов бюроси ҳам суд-тиббий экспертиза хулосаларини ҳозирча изоҳламаслигини билдирди.

59 ёшлик Михаил Лесин 2015 йил 5 ноябрь куни Вашингтонда меҳмонхонада ўлик ҳолда топилган эди.

Бу ҳодиса содир бўлган пайтида Кремл-параст матбуот Лесиннинг оила аъзоларидан бирига таяниб, Путиннинг кўп йиллик маслаҳатчиси юрак ҳуружидан вафот этганини хабар қилган эди.

Расмийлар тиббий экспертиза хулосаларини очиқлашни пайсалга солиб келгани унинг ўлими сабабларига оид тахминларнинг урчишига сабаб бўлди.

Айни пайтда Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот вакили, дипломатик идора Лесиннинг ўлими хусусидаги тергов борасида маълумот беришни сўраб АҚШ расмийларига бир неча марта мурожаат қилганини баён қилди.

“Россия элчихонаси дипломатик каналлар орқали бир неча марта Россия фуқаросининг ўлими юзасидан олиб борилаётган тергов хусусида сўров юборган. АҚШ бизга аҳамиятга молик бирор маълумот бермади”, дея билдирди 11 март куни вазирлик матбуот вакили Мария Захарова ўз Facebook саҳифасида.

“Вашингтонда тушунтиришларини кутяпмиз. Агар бугун матбуотда эълон қилинган маълмот тасдиқланса, Россия расмийлари АҚШ томонига халқаро ҳуқуқий ёрдам сўраб мурожаат қилади”, дея ёзди Захарова.

1999-2004 йилларда Путин ҳукуматида матбуот вазири бўлган Лесин кейинги йилларда Кремль назоратидаги Газпром Медиа ширкатини бошқарди ва инглиз тилидаги Russia Today каналини ташкил этишда бош-қош бўлди.

2013 йида у давлатга қарашли Газпром Медиа Ҳолдин раҳбари этиб тайинланди. Лекин орадан бир йил ўтиб оилавий сабаблар важи билан истеъфога кетди.

2014 йилда АҚШ сенатори АҚШ Адлия вазирлигидан Лесин Лос Анжелесда бир нечта қимматбаҳо уйни сотиб олиш учун ноқонуний даромадни ишлатганига оид гумонларни текширишни сўрайди.

Расмий реестрларга кўра, Дастел номли корпорация 2011 йилда Лос Анжелеснинг ҳашаматли Беверли Ҳиллз мавзесида умумий майдони 1208 квадрат метр бўлган уйни 13,8 миллион долларга сотиб олган. 2012 йилда эса Брентвуд мавзесида 9 миллион долларга тенг 985 квадрат метрлик уйни сотиб олган.

Калифорния Олий судига топширилган ва Озодлик тасарруфида мавжуд ҳужатларга кўра, Лесин Калифорнияда 2011 йил июль ойида рўйхатга олинган Дастел ширкатининг ягона эгаси бўлган.

Дастел ширкатига қарашли Калифорниядаги телефон рақамига қилинган қўнғироқларга ҳеч ким жавоб бермади.

Очиқ манбалардаги бошқа ҳужжатларга кўра, Лос Анжелесдаги яна иккита қимматбаҳо кўчмас мулк Лесин оила аъзоларига тегишлидир.

XS
SM
MD
LG