Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:23

Сурияга кетаётган қирғизистонликлар сони озайган


Суриядаги қуролли жараёнларда иштирок этиш учун кетаётган қирғизистонликлар сони камайган, лекин тўхтамаган. Сурияга кетаётганларнинг аксарияти Ўш вилояти ва шаҳридандир. Бу ҳақда Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги мулозимлари жума куни Ўш шаҳрида экстремизмга қарши кураш бўйича ўтказилган анжуманда таъкидлашди.

“Жиноятчилик ва экстремизмга йўл йўқ” деб номланган анжуманнинг айнан Ўш шаҳрида ўтказилиши бежиз эмас.

Ички ишлар вазирлиги мулозимларига кўра, Сурияга Қирғизистондан 500дан ортиқ одам кетган бўлса уларнинг 70 фоизи Ўш вилояти ва шаҳри яшовчисидир.

Тадбир ташкилотчилари Сурияга кетган қирғизистонликларнинг аксарияти ўз эрки билан бўлсада у ерга алданиб кетганини айтишади:

- Кетганларнинг 90 фоизи ўз эрки билан, пул ишлаш мақсадида кетган. Саноқлисигина жиҳодга кетган. Иш излаб алданиб кетиб қолганларнинг кўпчилиги медицина училишасини тамомлаган қизлар экани тўғрисида маълумотлар бор, - дейди Ўш шаҳар Ички ишлар бошқармаси раҳбари Қилич Жолдошев.

Ўш вилоятидан расмий маълумотларга кўра, 283 одам Сурияга кетган. Кетаётганлар сони озайгани айтилсада тўхтамаяпти.

Сўнгги бир йилда 30га яқин одамнинг Сурияга кетгани айтилади. Қирғизистон куч тизимлари ва расмий диний идоралар ҳаракатига қарамай, жанг майдонларига кетаётганлар борлигини мамлакат Ички ишлар вазири ҳам тан олади.

- Жангарилар ҳам ҳам ўз идеологиясини кенгайтиряпти. Ростини айтганда озгина вақтдан ҳам ютқазиб қўйдик. Биз ғоявий курашга сўнгги 2-3 йилда эътиборни кучайтирдик. Бунгача ғоявий кураш шакилланиб келган. Унинг барчасини йўқ қилиб, изга солиш учун бугунгидай ишларни тез-тез ўтказиб туришимиз керак. Шунинг учун биз элдан ёрдам сўраяпмиз. Жангарилар билан курашга ёлғиз кучимиз етмайди, -дейди Қирғизистон Ички ишлар вазири Мелис Турғанбаев.

Айни пайтда диндорлар Сурияга кетаётганларнинг аксарияти диний билимга эга эмаслигини айтишади. Ўш шаҳар қозиси Убайдулло Сарибаевга кўра, шу сабабдан ҳам ҳар бир ота-она ўз фарзанди устидан назоратни кучайтириши керак.

- Боланинг ҳар бир қадамини, ўқиган намозини, борган масжидини, ўқитаётган устозини текшириш ота-оналик вазифаси эканини эсдан чиқармаслик керак, -дейди Убайдулло Сарибаев.

Қирғизистонликлар орасида Сурия ва Ироққа кетганларнинг аксарияти мамлакат жанубидаги Ўш, Боткен ва Жалолобод туманларидандир. Қирғизистон ИИВ раҳбарияти бу ҳудудларда, ҳатто мактабларда ички ишлар ходимлари кўргазмали машғулотлар уюштираган.

Қирғизистон ИИВнинг Террорга қарши кураш бошқармаси шу йилнинг 15 январь куни матбуот анжумани ўтказиб, 508 фуқародан 33 нафари ўлдирилгани, 40 нафари юртига қайтгани аниқланганини билдирган.

XS
SM
MD
LG