Линклар

Якшанба куни кечқурун Туркия пойтахти Анқарада содир этилган портлашда камида 34 одам ҳалок бўлди, 125 одам яраланди.

Туркия соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, воқеа жойида 30 киши, касалхонада 4 киши вафот этган.

Портлаш бир қатор ҳукумат идоралари жойлашган Гувенпарк мавзесида содир этилган.

Воқеа гувоҳларига кўра, Отатурк боғкўчасидаги вокзал ҳудудида бомба ўрнатилган машина автобусга келиб урилганидан сўнг портлаш юз берган. Айрим гувоҳлар портлашдан сўнг отишма бўлгани ҳақида ҳам хабар бермоқда. Ҳозирча портлаш учун масъулиятни ҳеч бир гуруҳ зиммасига олган эмас.

Reuters агентлигининг Туркия хавфсизлик хизмати ходимларига таяниб хабар беришича, Анқарадаги террор учун масъулият Курдистон ишчи партияси ёки мазкур партия билан боғлиқ бўлган гуруҳлар зиммасида бўлиши мумкин.

Хафсизлик хизмати ходимларидан бирининг айтишича, террор ҳаракатида қўлланилган автомашина Туркия жануби-шарқида курдлар истиқомат қилувчи Вираншеҳир шаҳрида рўйхатда турган.

Туркия ички ишлар вазири Эфкан Ала эса Анқарадаги терор билан боғлиқ дастлабки тергов муайян натижаларга эришгани ва жиддий хулосаларга келганини айтди.

“Террорчилик ҳаракати ортида турган ташкилотнинг аниқ номи барча натижалар анализи олинганидан сўнг эълон қилинади. Ўйлайманки, эртага тергов якунланади ва аниқ хулосалар шундан сўнг эълон қиланиди”, деди вазир.

Туркия бош вазири Ахмат Довутўғли воқедан сўнг шошилинч равишда вазирлар маҳкамаси йиғилишини ўтказди. Истанбулда иш сафарида юрган президент Режаб Тоййип Эрдўғон сафарини тўхтатиб Анқарага жўнаб кетган.

Президент Режаб Тоййип Эрдўғон Туркия террорчиликка қарши курашдан оғишмаслигини маълум қилди.

“Мазкур ҳужумлар бизнинг халқимиз бирдамлиги ва яҳлитлигига таҳдид солмоқда. Лекин бизнинг мақсадимиз террорчиликка қарши урушни тўхтатиш эмас, балкиунга қарши курашни кучайтиришдир”, деди Эрдўғон.

Туркия президенти Анқарада ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди.

Туркия ҳукумати воқеани 17 февралда Анқарада содир этилган террор ҳаракатига ўхшатмоқда. Анқара расмийлари мазкур террор ҳаракатини оммавий ахборот воситаларида ёртилишини чеклаб қўйди. Туркия Телерадио олий кенгашининг билдиришича, ҳукумат қўрсатмасига биноан воқеани жонли эфирда намойиш этиш, ҳалок бўлганлар ҳамда яраланганларни кўрсатиш тақиқланади.

Бундан ташқари Туркия пойтахтида Facebook ва Twitter каби ижтимоий тармоқлар ҳам очилмаётгани хабар қилинди.

Анқарада 17 февраль куни содир этилган портлашда 29 одам ҳалок бўлган, 60 одам яраланган эди. Ўшанда портлаш учун масъулиятни Суриядаги "Курдистон Ишчи партияси - ПКК"га алоқадор исёнчи гуруҳ зиммасига олган.

"Курдистон Озодлиги Қирғийлари" деб аталувчи гуруҳ бу портлашлар Туркия президенти Режап Таййиб Эрдўғоннинг сиёсатига жавоб экани ҳақда ўз саҳифасида баён қилган.

Гуруҳ жанггарилари айни пайтда Туркияда янги ҳужумларни амалга ошириш билан пўписа қилган эди.

Турк Қуролли кучлари курд исёнчиларига қарши ўтган йилнинг декабридан бери кенг миқёсли амалиётлар ўтказаётгани бунга сабаб ўлароқ кўрилмоқда.

Мазкур портлаш сўнгги бир неча ой ичида Анқарада содир этилган учинчи террор ҳаракати бўлди. Ўтган йилнинг октябрида Анқарада террорчилар қўлидан 102 фуқаро ҳалок бўлган эди. Ўшанда террорчилик ҳаракатини ИШИД содир этгани айтилган эди.

Январь ойида Истанбулнинг Султонаҳмет мавзесида худкуш ўзини портлатгани оқибатида 11 нафар германиялик сайёҳ ҳалок бўлган.. Ўтган йилнинг июлида эса Туркиянинг Сурия билан чегараси яқинидаги Суруч шаҳридаги террор ҳаракатида 30 одам ҳалок бўлган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG