Линклар

Ассалому алайкум, Озодлик радиоси.

Cизларга бу хатни ёзишимга бугун sayyod.com сайтида эълон қилинган видео сабаб бўлди. Видеода Ўзбекистон халқ артистлари Теша Мўминов, Мирза Азизов ва бошқа халқ зиёлилари қатнашишган ва бу мажлисдан мақсад бугунги кунда ўзбек ёшларининг ИШИД сафларига қўшилиб кетишининг олдини олиш, уларга тўғри йўлни кўрсатишдан иборат.

Менинг диққатимни тортган нарса бу Теша аканинг бир куйиниб, бир актёрлик маҳорати билан ғурурга тўлиб қилган нутқи бўлди. Теша ака ўз нутқларида Ислом дини ҳақида ва Ўзбекистондан етишиб чиққан уламолар ҳақида гапириб туриб, кутилмаганда бу инсонларнинг ўз ватанларига сиғмаганликларини ва қувғин қилиниб, бошқа юртларда хору-зор булиб яшашганини ва ўша ерларда ҳам ижод қилиб, Ўзбекистон халқига муносиб бўлишганлигини гапирди.

Бу инсонлар сафи ҳақиқатда жуда узун - Имом Ал-Бухорий, Фарғоний, Ибн Сино, Бобур, Беруний, Имом Мотурудий ҳазратлари ва бошқалардир. Шу гапларни эшита туриб, битта савол туғилади - шундай буюк алломаларимизни сургун қилиб, бадарға қилиб, нега бугун уларнинг номлари билан мақтанамиз, кўкрак керамиз?

Майли, бу ишлар қадимда, қачонлардир бўлгандир, аммо бугунги кунимизга бир қаранг - бу қора анъана бугун ҳам давом этмаяптими? Ўзбек халқининг қанчадан-қанча иқтидорлилари четда юрибди, шахсан мен биладиганим қанча...

Ўйлайсизки, “улар пул учун юрибди” деб, йўқ, адашасиз, улар Ўзбекистондаги бугунги шарт-шароитдан безиб, ўша ерларда юрибди. Иш тополмаган, пропискаси йўқ, милиция таъқиби ва таъмагирлиги бор ёки оддий мусулмончилигини қилиб, икки ракаат намоз ўқишга қўрқадиган мамлакатда қандай қилиб яшасин бу бечора?..

Теша ака ўз нутқида жуда чиройли актёрларча маҳорат билан Ислом дини, пайғамбаримиз ҳақида жуда кўп гапирдилар, аммо бугунги Ўзбекистонда туб, мусулмон бўлган аҳолининг нимага очиқча “намоз ўқийман” дея олмаслигию, ёшларнинг намоз ўқишига тўсқинлик қилинаётгани ва таъқибга учраётганлиги тўғрисида лом-мим демади.

Айтмоқчи булганим, бугунда ҳам Ўзбекистон халқининг жуда иқтидорли, ўқимишли фарзандлари четда юришибди. Агар улар бугунда Ватанда бўлиб, муносиб жойларда ишлаганларида эди, уларнинг Ватанга қанчадан-қанча фойдаси теккан бўларди.

Афсус, Теша ака айтганларидек, қадимдаги анъана бугун ҳам ўз кучида, Ватаннинг асл фарзандлар кетишга, мусофирчиликда истиқомат қилишга мажбур.

Шу мавзуда тарихчи олимлар ва сиёсатшунослар билан бир суҳбат уюштирсангизлар, фойдадан ҳоли бўлмасди, албатта. Саломат бўлинглар.

(Муштарий мактуби жузъий тузатишлар билан чоп қилинди)

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG