Линклар

Фарғона вилояти Сўх туманида ИШИДга алоқадорлик гумони билан январь ойида ушланган 20га яқин йигитдан 12 нафарига Ўзбекистон ЖКнинг 159, 244-моддалари асосида айблов эълон қилинган эди. Орадан 15 кун - 1 ой ўтиб қўйиб юборилганлардан баъзиларига суд бўлиши, баъзиларига эса айблов олингани айтилган. Фарғоналик ҳуқуқ фаоллари бундай оғир айблов билан айбланганларнинг озод қилинишига илк бор гувоҳ бўлаётганини айтмоқда.

Фарғона вилояти Сўх туманидан боғланган Озодлик манбаси ҳибсдан қўйиб юборилган йигитлардан бири - Мажнунали Ҳ.нинг ота-онаси билан гаплашганини айтди:

"Мажнунали 15 кун ҳибсда сақланганидан кейин қўйиб юборилган экан, мен яқинда хабар топдим. Сўхдан бошқа жойга кетмасин, уйида юрсин, дейишибди. Судни кутишяпти очиқда. Бўлмаса, ИШИД гумонида ушланганларга ҳозир камида 3 йил шартли беришяпти", дейди исмини очиқлашни истамаган манба.

Ғазновлик яна бир манбанинг айтишича, Сўх туманининг Тул ва Ғазнов қишлоқларини алғов-далғов қилган ҳибсларда олиб кетилган йигитларнинг ҳаммаси уйларига қайтарилган.

"Лекин, яна ўнлаб йигитлар фақат сўроқ қилинган, паспортлари олинган ва қўйиб юборилган эди. Ҳозиргача паспортини беришмаяпти. Бу болалар баҳордан Россияга кетиши керак эди, ўтиришибди ҳозир", деди исмини очиқлашни истамаган ғазновлик йигит.

Озодлик Сўх туманида январь ойининг иккинчи ярмида бошланган қама-қамалар ҳақида бир неча бор хабар қилган. Туманнинг Қалъача, Тул, Ғазнов каби қишлоқларидан 20га яқин йигит бир неча кун ичида кетма-кет ҳибсга олингани ва яқинлари қаерга олиб кетилганидан бехабар юргани хабар қилинган эди.

Кейинчалик фарғоналик инсон ҳуқуқлари фаоли Абдусалом Эргашев ушланган йигитлардан 12 нафарига Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 159, 244-моддалари асосида айблов эълон қилиниб, тергов бошланганини хабар қилган.

Булардан 4 нафарининг шахси Озодликка маълум. Булар - 1984 - 1990 йилларда туғилган Мажнунали Ҳ., Иқболжон М., Шерзод Т., Асрор Х. исмли шахслардир.

Фарғоналик инсон ҳуқуқлари фаоли Абдусалом Эргашев йигитлар ўша заҳотиёқ айбини тан олганини айтган эди. Эндиликда адвокатлар билан боғланиб, қўшимча тафсилотларни аниқлаган фаол терговга ҳамкорлик шартини қабул қилган йигитларнинг ҳаммаси озод қилинганини тасдиқлади:

- Тергов тугаган ва адашганини тан олиб, терговга ҳамкорлик қилгани учун бу йигитларни судгача озодликка чиқаришга қарор қилинган. Ҳаммасининг иши судга ошдими ёки айримларини ҳозирча номаълум. Адвокатлар қамоқ жазоси берилмаслиги аниқ, деб туришибди. Лекин, бунақанги оғир айбловлар билан ҳибсга олинган йигитларнинг озод қилиниши жудаям кам учрайдиган ҳол. Кейинги йилларда шу ИШИДда айбланган йигитлар шунақа озод қилинаётгани, суд залидан ҳам шартли жазо билан озод қилинаётганига гувоҳ бўла бошладим, - дейди Абдусалом Эргашев.

Бу йигитларнинг бир вақтда ҳибсга олинишига сабаб бўлган сўхлик ака-ука Нозил ва Нусрат Т.лар тақдири ҳақида ҳам тасдиқланмаган маълумотлар бор.

Озодликка маълум бўлишича, Фарғона вилояти ИИВ ва МХХ тузилмалари ака-укалар Сурияга кетиб қолган, деган даъводалар ва бу ҳақда уларнинг оиласига маълум қилишган. Январда ҳибсга олинган 20га яқин сўхлик эса ака-укалар билан бир неча йил муқаддам Татаристон республикасида бирга ишлаган.

Ҳибслар ҳақидаги хабардан сўнг Озодликка Туркиядан боғланган ва исмини ошкор қилмаслигимизни сўраган сўхлик манба Нозил ва Нусрат Т.ларнинг Сурияга кетгани ҳақидаги куч ишлатар тузилмалари даъвоси ёлғон, деб иддао қилди.

Унинг мухбир билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, йигитлар қонуний йўллар билан араб давлатларидан бирига кетишган ва у ерда таълим олмоқда. "Улар умрида Сурияга ўтмаганини ҳужжатлар асосида исботлаб бериши мумкин", деди бу манба. Озодлик ака-укаларнинг ўзи билан ҳам боғланишга уринмоқда.

Сўх туманидаги ҳибслар ҳақида Фарғона вилояти ва Сўх тумани ИИБлари шу кунгача бирор расмий маълумот бергани йўқ.

Сўнгги пайтларда Ўзбекистонда хориждан бораётган фуқароларнинг сўроққа тутилаётгани, ҳибсга олинаётгани ҳақида маълумотлар кўпаймоқда.

Хусусан, 2015 йилнинг октябрь ва ноябрь ойларида Тошкент вилояти ҳамда шаҳрида 200дан ортиқ одамнинг ҳибсга олингани инсон ҳуқуқлари фаоллари томонидан хабар қилинган.

Бундан ташқари, яна ўнлаб одам Фарғона, Хоразм ва Наманган вилоятларида ҳибсга олингани ҳақида маълумотлар бор.

Ўзбекистон ИИВ фаоллар тарқатган бу хабарларни қисман тасдиқлаган, аммо бу борада аниқ рақамларни маълум қилмаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG