Линклар

Чеченистон раҳбарининг матбуот котиби Алви Каримов Россия Бош прокуратураси ва Тергов қўмитасига ПАРНАС раис ўринбосари, мухолифатчи Илья Яшин устидан жиноий иш қўзғашни сўраб мурожаат қилди.

Бу ҳақда Каримовнинг ўзи «Интерфакс» агентлигига маълум қилди.

Илья Яшин 23 февраль куни Москвада «Миллий хавфсизликка таҳдид» номли маъруза қилиб, унда Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировга оид бўлган маълумотларни келтирган эди.

Яшининг тўққиз бобдан иборат ҳисоботи Қодировнинг Чеченистонда авторитар ҳукмронлик ўрнатганидан тортиб, унинг шахсий ҳашамга берилгани ва федерал бюджет маблағларини ўзлаштириши хусусидаги иддаолари, Қодировнинг 30 минг жангчидар иборат “шахсий армияси”, унинг уюшган жиноятчилик билан алоқалари, мухолифатчи Борис Березовский ва журналист Анна Политковская қотилликларига алоқаси ҳамда хорижда террорчиларни молиялаши каби мавзуларни ўз ичига олади.

Алви Каримовга кўра, Яшиннинг ҳисоботида Қодиров шаънига бўҳтон, ҳақорат, асоссиз айбловлар, шунингдек, миллий ва диний адоватни қўзғовчи омиллар мавжуд.

Яшин Алви Каримовнинг айбловлари бўйича судда кўрсатма беришга тайёрлигини билдириб, ўз ҳисоботида тилга олинган маълумотларни асослашини таъкидлади.

XS
SM
MD
LG