Линклар

logo-print

Тошкентлик аёл: Умрани 3 йилдан бери кутяпман, Ҳажни 148 йил кутинг, дейишган


Самарқандликлар Ҳаж амалларини бажариш учун Маккага жўнаб кетишмоқда

Самарқандликлар Ҳаж амалларини бажариш учун Маккага жўнаб кетишмоқда

Шу кунда Ўзбекистонда 5 минг 500 кишини Умра зиёратига жўнатиш жараёни давом этмоқда. Республиканинг турли вилоятларидан гуруҳларга жамланган зиёратчиларнинг илк гуруҳи 15 февраль куни кетган, сўнггиси 26 март куни кузатилади. Бу йил зиёратга боришни умид қилгану, аммо боролмай қолган тингловчилардан Озодликка келаётган шикоятлар ҳам кўпаймоқда.

Расмий матбуотда берилган хабарларга кўра, бир ой давомида Умра зиёратига борадиган ўзбекистонликларга Саудия Арабистонида 8 ишчи гуруҳ, 8 ошпаз ва 27 нафар шифокор хизмат кўрсатмоқда.

Сафар 10 кун давом этади ва қайтган зиёратчилар ўрнига яна янги гуруҳ жўнатилади.

Тошкент шаҳри Учтепа туманида истиқомат қиладиган 61 яшар Шоира Содиқбекова 2013 йилдан буён Умра сафарига бориш учун навбатда турганини, аммо ҳануз боролмаганини айтмоқда.

Бу аёл Ҳаж зиёратига бориш учун 148 йил навбат кутиши айтилганида Озодликка шикоят қилган эди ва ўшанда мухбирлар Тошкент шаҳар ҳокимияти, Диний қўмита мулозимлари билан боғланган эди.

Расмийлар бу аёлнинг шикоятини кўриб чиқиши ва ижобий чора кўришини айтган. Аммо, орадан бир йил ўтиб боғланган мухбир ҳеч ўзгариш бўлмаганидан хабар топди.

- Ҳажга ҳали ҳам 148-навбатда турибман. Навбатингиз келса, борасиз, дейишяпти. Умрага эса бу йил навбатим келади, деб кутган эдим. Лекин, келмади, кейинги йилга қолди. Мен 25, ўғлим 26-навбатга маҳаллада ёзилганмиз. Уч йилдан бери Умрани кутамиз, - дейди Содиқбекова.

Унинг айтишича, Ҳаж ва Умра зиёратларига боришни истаган ўзбекистонликлар ҳам маҳалла қўмитасида рўйхатга туриши лозим. Ҳаж зиёратига ҳар маҳалладан йилига 1 ёки 2 киши бориши мумкин, Умра зиёратига эса 4 нафардан 6-7 нафарга қадар.

Гарчи Умра зиёратига борувчилар сони кўп бўлса-да, Тошкентнинг айрим маҳаллаларида навбатлар узайгани ҳақида Озодликка шикоятлар келмоқда.

Шоира Содиқбекова уч йилдан бери навбат кутаётганлардан бири эканини айтмоқда. Озодлик билан суҳбат асносида Содиқбекова, ҳатто, Умра зиёратига навбатлар узаяётгани сабабини коррупция ва таниш-билишчилик каби муаммоларга боғлади:

- Умра зиёрати 60-навбатга ёзилган қўшнимиз бориб келди ўтган йили. Ўзи айтди, қариндоши гаплашиб берганини. Ҳажга эса навбатим 148-ўринда. Йилига 1 тадан одам борса, 148 йил кутиш керак - умидимни узганман. Энди умрага ҳам боролмайманми, деб ўтирибман. Агар, пора берсам, бу йил кетардим. Аммо, мен ҳалол йўл билан кетишни истаганим учун юрибман йиллардан бери навбат кутиб, - деб даъво қилди Содиқбекова.

Қуйида Содиқбекова билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин:

Ўзбекистонда мусулмонларнинг Умра зиёрати ҳам давлат назоратига олинган ва ҳар йили фақат 5 минг - 5 минг 500 киши зиёратга бориши мумкин. Яна 5 минг-5 минг 250 киши ҳар йили Ҳаж зиёратига борган.

Аслида Саудия Ҳаж вазирлиги томонидан дунёнинг мусулмон давлатларидаги ҳар 1000 мусулмон учун 1 кишидан квота белгиланган.

Аҳолиси 31 миллиондан ошган ва аҳолисининг 93 фоиздан ортиғи мусулмон бўлган Ўзбекистон йилига 27-28 минг кишини Ҳаж зиёратига жўнатиши мумкин.

Саудия Арабистони Ҳаж вазирлиги мулозимларидан бири Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда: “Ўзбекистон ўз квотасини тўлиқ ишлатмаяпти. Бизга киритилган сўров асосида квота ажратилган”, деб маълумот берган эди.

Ўзбекистон Дин ишлари қўмитаси ва Мусулмонлари диний идораси мулозимлари эса мамлакатга Ҳажга боришни истовчилар сонидан келиб чиққан ҳолда 5 минг кишилик квота олингани, мавжуд эҳтиёж бундан ошмаслигини таъкидлаб келадилар.

Ваҳоланки, Ўзбекистонда эса Ҳаж зиёрати учун ҳукумат белгилаган ўта чекланган квота боис, Ҳажга бориш учун ўн йиллаб навбат пойлаётган мусулмонлар бор.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG