Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:07

"Қулоқ" бўлишни истамаган ўзбек муҳожири босим остида қолди


ФМС ва полицияга "қулоқ" бўлишни истамаган ўзбекистонлик муҳожир Россиянинг Кемерово вилоятидан бадарға қилинди. Иккинчи фарзанди туғилишини кутаётган Расулжон ва Валентина Қаҳҳоровлар Федерал миграция хизмати идораси бедодлигидан арз-шикоят қилмаган жойи қолмаганини билдирди. Ўз ҳикоясини Озодликка гапириб берган Расулжон Қаҳҳоров ҳозирда Россияда ноқонуний ҳолатда маҳаллий идоралар босими остида қолаётганини гапирмоқда.

Россиянинг Кемерово вилояти Мариинск шаҳарчасида 9 йилдан буён яшаб, меҳнат қилаётган 31 яшар фарғоналик Расулжон Қаҳҳоров қарамоғида россиялик ҳомиладор рафиқаси ва 7 ёшдаги ўғилчаси борлигига қарамасдан мамлакатдан иккинчи маротаба чиқариб юборилди.

Расулжон Озодлик билан суҳбатда икки йилдан буён нолегал ҳолатда қолаётганини гапириб берди.

Расулжон янги туғилган тўнғич фарзанди ва рафиқаси билан
Расулжон янги туғилган тўнғич фарзанди ва рафиқаси билан

- 2006 йилнинг ярмида шу ерда уйланганман, ўғлим бу йил биринчи синфга боради, хотиним тўққиз ойлик иккиқат. Хуллас, пропискам тугамасдан олдин мени иккита штраф қилиб қўйишиб, “Чиқиб кет!” дейишди. Мен чиқиб кетадиган бўлсам таможнядан ортга қайтиб кираолмас эдим. Шу пайт мени ушлаб, судга олиб бориб, бола-чақани ҳисобга олмасдан “видворение” қилиб қўйди. Областнойга жалоба қилсак, у ерда ўзгаришсиз қолдирди. 2015 йилда Олий судга юбордик шикоят. У ердан жавоб келмасдан мени яна ушлаб, судга хотинимни ҳам киргизмасдан, судлашди. ФМСда “Нега чиқиб кетмадинг?” деб мени калтаклашди,- деди ФМС ходимлари дўқ-пўписадан очиқчасига жисмоний куч ишлатишга ўтганини билдирган ўзбек муҳожири.

Валентина Қаҳҳорова ўзбек йигити билан 2006 йилнинг 19 сентябрида танишгани, бир йил ўтиб улар турмуш қурганини гапиради.

Ҳозирда иккинчи фарзанди туғилишини кутаётган эр-хотин мурожаат қилмаган жойи қолмаганини айтади:

- Уни 2015 йилда биринчи маротаба мамлакатдан чиқариб юборишганда мен прокуратурага бордим. “Ҳеч қанақасига ёрдам бера олмаймиз, УФМСга боринг”, дейишди. ФМСдан ташқари шаҳримиз мэрига бордик ва ундан ФМСга боришимизни билдирди. Кейин губернаторимиз Аман Тулеевга мурожаат қилдик – “Мен нима қилиб бераман – прокуратурага боринг!”, деди. Энди ишимиз фақат судма-суд юриш бўлиб қолди. Аммо ҳамма судлар бири-бирини қўллаб, бизга рад жавобини беряпти. Мариинск шаҳар судяси Бородина менга қараб “Яхши қиз, ишга чиқинг. Ундан боланг борлиги уни бу ерда қолдиришга асос бўла олмайди!”, деган эди, деди Валентина.

Озодлик билан суҳбатда Расулжон Россия ҳукуматининг бундай жиддий босимини маҳаллий ФМС идорасининг ундан “қасди” борлиги билан изоҳлади.

Расулжон ва Валентина 9 йилдан буён бирга
Расулжон ва Валентина 9 йилдан буён бирга

Расулжон иддаосига кўра, ФМС идораси 2014 йилдан буён уни норасмий “маълумот ташувчи” ёки соддароқ қилиб айтганда “қулоқ” бўлишга мажбурлаб келмоқда:

- ФМС ҳамма жойга телефон қилиб, “Ўзгаришсиз қолдиринг”, деб ёпаяпти. Документларим тўғрилиги пайтида “Агар биз билан сотрудничать қилсанг, документларингни ҳам ўзимиз қиламиз, яхши бўлади”, дейишган эди. Мен уларга отказ қилган эдим. Қаерда нелегал юрган мигрантлар ҳақида информация беришим керак экан. “Мен бу ерга бола-чақа боқаман деб келганман, унақа нарсага бормайман”, дедим. Шу отказ қилган кунимдан бошлаб менга штрафлар кела бошлади. ФМСда мигрантлар билан ишлайдиган Елена Николаевна деган паспортист аёл бор – шу таклиф қилди, дея иддао қилади Расулжон Қаҳҳоров.

Муҳожир йигит айнан Мариинск шаҳри миграция масалалари бўйича ФМС бўлими ходимлари маҳаллий идора ва ҳатто судларга босим ўтказиб келаётгани, у мурожаат қилаётган назорат органлари эса “бу вазиятда ҳеч қандай ёрдам бера олмасликлари”ни гапириб келмоқда, деди.

Озодлик Расулжон ва Валентина Қаҳҳоровлар шикояти бўйича Кемерово вилоят ФМС бошқармасига юборган сўровномаси ўрганиб чиқилиши ва “яқин орада жавоб қайтарилиши” ваъда қилинди.

Мутахассислар хориж фуқароси бўлган оила аъзосини депортация қилиш (чиқариб юбориш) Европа Конвенциясининг 8- моддаси ҳамда Россия Федерацияси Оила Кодексининг 14-моддаси (Оилавий ҳаёт ҳуқуқи) ва бошқа қатор моддаларининг бузилишига олиб келишини таъкидламоқда.

Россия фуқаролари билан оила қурган, аммо маҳаллий миграция қоидалари носозлиги боис мамлакатдан чиқариб юборилган ёки шундай хавф остида яшаб келаётган бир қанча ўзбекистонликлар тўғрисида Озодлик ўз эфирларида гапириб келган.

Жумладан, 28 ёшли Музаффар Олтиев Россия фуқаросига уйлангани ва 2007 йилдан буён қонунларни бузмасдан Россия ҳудудида яшаб келаётганига қарамасдан чегарачилар томонидан пойтахтга киритилмади ва 4 кун Шереметьево аэропортида сақланган эди; 33 яшар фарғоналик Баҳодир Каримовга россиялик Татьяна Каримова билан қонуний никоҳда яшаб келишига қарамасдан, у охирги 10 йил яшаб келаётган Самарада на қочқинликка, на вақтинчалик яшашга рухсат берилди.

XS
SM
MD
LG