Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:36

Путин ўз қўшинларига Сурияни тарк этишни буюрди


Россия президенти Владимир Путин мудофаа вазири Сергей Шойгу билан, Москва, 2016 йил 14 марти.
Россия президенти Владимир Путин мудофаа вазири Сергей Шойгу билан, Москва, 2016 йил 14 марти.

Россия президенти Владимир Путин Суриядаги ҳарбий амалиётлар ўз мақсадига етганини билдириб, рус ҳарбийларига 15 мартдан Суриядан чиқа бошлашни буюрди. Бу қарорни олқишлаган суриялик мухолифатчилар русларнинг Суриядан чиқиш аломатлари ҳозирча кўзга ташланмаётганини айтмоқдалар.

14 март куни Кремлда Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу ва ташқи ишлар вазири Сергей Лавровни қабул қилган президент Путин рус қўшинларининг асосий қисмини Суриядан олиб чиқиб кетиш сешанбадан бошланиши лозимлигини таъкидлади.

Шунингдек, у Суриядаги зиддиятга барҳам бериш учун Россия тинчлик жараёнида ўз ролини фаоллаштириши кераклигини уқтирди.

Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Россия президенти Москва қарорини етказиш учун суриялик ҳамкасби Башар Ассадга қўнғироқ қилганини, Ассад бу қарорни розилик билан қабул қилганини айтди.

Айни пайтда Путин Россиянинг Тартусдаги денгиз ва Хмеймимдаги ҳаво базалари аввалги тартибда ўз ишини давом эттиришини билдирди.

“Бу масканлар қуруқликдан, денгиздан ва ҳаводан яхши ҳимояланган бўлиши лозим”, деди Путин.

Россия президенти Сурияда қоладиган рус ҳарбийлари оташкесим тартибига риоя этилишини назорат қилиш билан шуғулланишини қўшимча қилди.

Сурия мухолифати мамнун, аммо...

Сурия мухолифатининг Швейцариядаги бош музокарачиси Муҳаммад Аллуш.
Сурия мухолифатининг Швейцариядаги бош музокарачиси Муҳаммад Аллуш.

Женевадаги тинчлик музокараларида Сурия мухолифатини тамсил этаётганлардан бири Муҳаммад Аллуш Россия қўшинларининг Суриядан ҳақиқатан чиқиб кетиши ижобий ҳодиса бўлишини билдирди, бироқ ҳозирча бундан дарак берадиган ҳеч қанақа аломат зоҳир бўлмаганини қайд этди.

- Агар Россия қўшинларининг олиб чиқиб кетилиши рост бўлса, бу бир маневр бўлмаса, мен буни олқишлайман, - деди “Жайшул-Исломий” гуруҳи раҳбари ва Швейцариядаги Сурия бўйича музокараларда мухолифатнинг бош музокарачиси бўлган Муҳаммад Аллуш.

Бироқ WhatsApp орқали йўллаган хабарида у “Бу иш амалга ошаётганининг ҳеч қанақа аломати йўқ” дея қўшимча қилди.

Бу орада россиялик ҳарбийлар Суриядан ўз ҳарбий техникасини олиб чиқишга киришгани айтилмоқда. Россия Мудофаа вазирлигининг бугунги баёнотида: “Ҳаво базаси техник ходимлари Россия аэродромларига учиш учун учоқларни тайёрлашга киришди”, дейилган. Баёнотда ҳарбийлар жиҳозлар ва моддий-техник воситаларни самолётларга ташиб, жойлаштираётгани ҳам қайд этилган.

Обама ва Путин Суриядаги вазиятни муҳокама қилди

Барак Обама ва Владимир Путин.
Барак Обама ва Владимир Путин.

АҚШ президенти Барак Обама душанба куни Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали Суриядаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишдаги қадамларни муҳокама қилди. Бу ҳақда Оқ уй матбуот хизмати хабар тарқатди.

Обама ва Путин Россия президентининг Суриядан рус қўшинларини қисман олиб чиқиб кетиш ҳақидаги баёнотини ҳамда бу мамлакатдаги зиддиятга барҳам бериш учун сиёсий музокаралар ўтказиш мақсадида жанговар ҳаракатларни тўла тўхтатиш учун зарур бўлган кейинги қадамларни муҳокама қилдилар.

АҚШ президенти россиялик ҳамкасби билан сўзлашув чоғида “сулҳ шартномаси кучга кирганидан кейин зўравонлик кўлами қисқаргани”ни олқишлади, бироқ Сурия режимининг ҳали ҳам давом этаётган ҳужумлари жанговар ҳаракатларни тўхтатиш ва БМТ ҳомийлиги остида ўтказилаётган зиддиятни сиёсий йўл билан ҳал қилиши жараёнини хатар остига қўяётганини таъкидлади.

Обама Сурияга инсонпарварлик ёрдами етказишда ҳам муайян ижобий ўзгаришлар кузатилаётганини қайд этди, бироқ Сурия президенти Башар Ассадга содиқ кучлар келишилган жойларга, хусусан, Дарайяга гуманитар ёрдам тўсиқсиз етказилишини таъминлаши лозимлигини урғулади.

АҚШ президенти сиёсий ўтиш даври Суриядаги зўравонликка чек қўйиши лозимлигини таъкидлади.

XS
SM
MD
LG