Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:23

Афғон уруши фахрийси Йўлдошвой 24 йилдан кейин топилди


Йўлдошвой Бозоров жияни Искандар билан
Йўлдошвой Бозоров жияни Искандар билан

Қирғизистонлик Йўлдошвой Бозоровни 24 йил қидирган оиласи, ниҳоят Новокузнецк шаҳар шифохонасидан топди. Новокузнецк телевидениеси эфирга узатган лавҳада эсини йўқотган Йўлдошвойни афғон уруши қатнашчиси Андрей Мясоедов таниб қолгани ва яқинларини топишга ҳисса қўшгани айтилди. Собиқ афғон жангчиси ўз ҳамхизматини қўлига урилган татуировкадан таниб қолган.

Хотирасини йўқотган жангчи

Новокузнецк шифохонасида хотирасини йўқотиб қўйган қирғизистонлик ўзбек топилди.

Маҳаллий ТВН телеканали хабар қилишича, 2015 йилнинг октябрида Новокузнецк шаҳар шифохонасига бош суягидан жиддий жароҳат олган шахс келтирилган.

“Ҳушига келганида бу одам мутлақо хотираси йўқолгани аниқланди, шифокорлар унга “ретроград амнезияси” ташҳисини қўйди”, дейди бу одам тўғрисида лавҳа тайёрлаган ТВН телеканали журналисти Наталья Горбуль Озодлик билан суҳбатда:

- 2015 йилнинг 18 октябрида уни бизнинг шифохонамизга олиб келишган, 29 октябрда уни жарроҳлик операциясидан ўтказишган. Бошидан олган травма туфайли у ҳеч нарсани эслай олмаган. Ҳар ёмоннинг бир яхшиси бор, деганларидек шу жароҳат уни анчадан буён қидириб юрган оиласини топишига ёрдам берди. Шифокорлар унинг кимлигини миграция базасидаги бармоқ изларидан аниқлади. Шу вақт шифохонага қизини кўргани келган Андрей Мясоедов исмли новокузнецклик фуқаро унинг елкаси ва кўкрагидаги “наколка”дан Афғонистонда хизмат қилганини аниқлаган, деди Наталья Горбуль.

Бозоров ўзининг ким экани, яқинларини эслай олмайди. Аммо, афғон уруши тўғрисидаги маълумотлар чала-чулпа хотирасида қолганини айтади:

- Ўтган ҳаётимни эслай олмайман.

- Афғонистонда урушганингизни эслайсизми?

- Ҳа! Буниси эсимда, буниси эсимда...

Йўлдошвойни шифохона йўлагида кўриб қолган Андрей Мясоедов 80 йиллар охирларида афғон урушида бўлиб қайтган. У “афғон жангчилари ўз сафдошларини ташлаб кетмайди”, дейди:

- У шифокорни кутиб, гавдасининг тепа қисми яланғоч ўтирганини кўриб қолдим. Елкаси ва кўкрагида афғон татуировкасини кўзим тушди. Қирғизистонда афғон ҳамхизматларим ёрдам берди, бир ҳафтача яқинларини қидирдик. Кейин интернетда ҳамма Бозоровларга хабар юбора бошладим. Ниҳоят, уни жияни чиқди алоқага, деди Андрей.

"Уни топишдан умидни узгандик..."

Маълум бўлишича, Йўлдошвой Бозоров Қирғизистоннинг Ўш шаҳридан. Уни 23 йилдан бери қидираётган яқинлари 2000 йилларда, ҳатто, “Жди меня” теледастурига мурожаат қилишган.

Новокузнецк шаҳри шифохонасидан Йўлдошвой акани олиб кетгани унинг келинойиси Гулавза ва жияни Искандар борди.

Гулавза Бозорова уруш фахрийси бўлган Йўлдошвой акани топишга ҳеч қандай ишонч қолмаганида ундан хабар келганини айтади.

Озодлик билан суҳбатда сюжетимиз қаҳрамони Йўлдошвой Бозоровнинг жияни Искандар фахрий Ўшга етиб борганини сўзлаб берди:

- Яхши етиб келди. Аҳволи бирмунча дуруст. Хотира дарров бўлмаса ҳам озгина-озгина қайтяпти. Амаким Афғонистонда 80 йиллар охирларида хизмат қилган. Унинг оила-боласи йўқ. Афғонда хизмат қилиб келдию,Ўш шаҳрида 3-4 йил ишлаб юрди. 1991 йилдан Новокузнецк шаҳрига қатнаб, ишлай бошлади. 2-3 йилда бир келиб кетди ва кейин дом-дараксиз йўқолди. “Жди меня”га ҳам ёздик – жавоб келмади. Мен катта акасининг ўғли бўламан. Биз уни 23-24 йил қидирдик. 24 йилда қўққисдан тирик экани тўғрисида хабар келди, деди Искандар Бозоров.

Искандар Бозоров билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:54 0:00
Бевосита линк

Искандарнинг айтишича, Йўлдошвойнинг 5 ака-укаси ва 2 опа-синглиси бўлган: улардан ҳозирда фақат иккиси ҳаёт. Ўшлик ветеран муҳожиратда юрган вақтларида унинг ота-онаси ҳам оламдан кўз юмгани маълум бўлди.

Йўлдошвой Бозоров биринчи бўлиб эслаган шахс ҳам онаси бўлди:

- Бу менинг онам. Бу Жума, менинг акам Жума.

Россияда хотирасиз ва ҳужжатсиз юрган Бозоровнинг юртига чиқиб кетишига маҳаллий Афғон жангчилари жамияти ва Новокузнецк шаҳар маъмурияти кўмаклашди.

"Наколка" - шунчаки безак эмас..."

Афғон уруши ветеранининг топилишига унинг елкасидаги оддий “наколка” - татуировка сабаб бўлди.

Озодлик Қирғизистон республикаси Афғон жангчилари жамияти раҳбари Тинишбек Қодировдан нима учун жангчилар танасига татуировка уришини сўради:

- Уни бизнинг ҳамхизматимиз наколкасидан таниб қолган бўлса, у Афғонистонда хизмат қилганига ишончим комил, чунки Афғонистонда қилинган наколкаларни биз бир кўришда аниқлаймиз. Агар уни биров ҳозир сохталаштирса ҳам осонлик билан ажратиб оламиз. Чунки у ердаги наколка уриш қоидалари ва спецификаси ўзгача бўлган, наколка урилган материаллар бошқа бўлган. Одатда ўқ ва қон гуруҳи кўкракка чизилади: яраланган жангчининг қон гуруҳини аниқлашга вақт кўп кетади. Кейин ким десантурада, ким мотоўқчи ёки бошқа қисмларда бўлгани, бу қисмлар рақамлари акс этади. Ундан кейин, ким қаерда хизмат қилгани ҳам ёзилади, масалан “Қандаҳор”. Кўпинча “Афғонистон” ёзуви остида хизмат қилган йиллари ҳам ёзилади, дейди татуировканинг нафақат жанговар ҳаракатларда, балки оддий турмушда ҳам фойдаси бўлиши мумкинлигини таъкидлаган Тинишбек Қодиров.

XS
SM
MD
LG