Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:53

Динозаврларга ем бўлмаган Одамзод ёки Қўрқув ҳақида битик


Ўқийдиганингизни ёзишни бошлай-бошлай деб турсам, Америкадан бир йигит қўнғироқ қилиб қолди. Сарвар акаю айтингу нимайчун Хамзани бекор қилишди Ўзбекистонда?

Билганимча айтган бўлдим. Сездимки, йигитнинг қўнғироқдан муроди - савол беришдан кўра, фикр билдирмоқ.

Фикрларингизни ёзинг, дедим. Биз сайтда чиқарайлик, дедим. Хўп, деди йигит. Фақат исмим сир қолсин, қўрқаман, деди Америкага етиб олган ўзбекистонлик йигит...

Қўрқув – ҳаётбахш туйғу.

Яна бир марта айтай: қўрқув – ҳаётбахш туйғу.

Жони ширин одамнинг. Моли ширин.

Молини йўқотишдан қўрқади одам. Баъзан, Жонини тикади Моли учун. Лекин сўнгги сонияда қўрқиб кетади: барибир Жони ширинроқ.

Қўрқув бирламчи туйғуларимиздан. Қўрқув инстинктдир.

Қўрқув ҳаммага хос.

Ботирлик хосларга хос.

Ҳамма қўрқади.

Ҳомиладор ҳомиласи тушиб кетишидан қўрқади.

Ўғли қайноқ чойни устига тўкворишидан қўрқади она.

Бола дарсда сўраб қолишларидан қўрқади.

Қизини эрга берган она қўрқиб ухлаёлмайди тонгни, хабарни кутиб.

Ўғлини уйлантирган она ҳам қўрқади, бир нарсаларни ўйлаб.

Қария, ҳатто тумов бўлишдан қўрқади. Тумов баҳона ўлиб қолишдан қўрқади.

Қариянинг тумовини даволаётган дўхтир ҳам қўрқади, дорини тўғри бердимми, деб...

Булар ҳаммаси табиий, натурал қўрқувлар – инстинктлар.

Мен ҳам қўрқаман. Лекин нимадан қўрқишимни айтмайман: матн меники, хоҳласам айтаман, хоҳламасам – йўқ.

Озодлик ҳам қўрқади. Ёлғон хабар бериб қўйишдан қўрқади.

Сунъий қўрқувлар ҳам бор.

Корхона, ташкилот, муассасалар раҳбарлари, фермерлар қўрқади туман ҳокимидан.

Туман ҳокими вилоят ҳокимидан қўрқади.

Вилоят ҳокими юқорига чақиб қўймасмикан, деб ўринбосаридан қўрқади.

Бош вазирдан қўрқади вилоят ҳокими яна.

Бош вазир Президентдан қўрқади.

Президент ҳам қўрқади. Қўрқиши кераклар қўрқмай қўйишидан қўрқади Президент.

Каттанинг бу қўрқуви –Тизимтузар Принципдир, Қўрқув Генераторидир.

Бу генератор кечаю кундуз тўхтамай ишлаб турибди. Ишлаб турганини ҳамма кўриб турибди. Ҳамма билиб турибди.

Бир неча қават қилиб терилган истиконларни кўрганмисиз кинода? Биринчи қаватда 20-30 истикон, иккинчисида озроқ, учинчисида янаям оз, энг устида битта истикон ва унга шампаншароб қуядилар ва тошган шароб пастдаги истиконларга қуйилаверади, қуйилаверади ва оқибатда, ҳамма истикон тўлади.

Жамият шуурига қўрқув ана шундай қуйилаяпти ва натижада, Сиз ҳатто қўшнингиз устидан арз қилсангиз ҳам "исмим сир қолсин", деяпсиз.

Хафа бўлманг, Сизнинг ўрнингизда мен бўлсам ботир бўла олармидим – жавоб аниқ эмас.

Лекин қўрқаман, деб ўтиравериш ҳам яхшимасда, тўғрими?

Унда нима қиламиз, нима қиласиз?

Нима қилардингиз?! Аноним бўлсангиз ҳам ёзинг Озодликка. Шерали исмингизни Мирвали, деб ёзинг. Ҳалима бўлсангиз Салима, деб ёзинг.

Фақат ҳалол ёзинг, борини ёзинг. Бировга туҳмат қилмай ёзинг. Фурсатдан фойдаланиб ўчимни олиб қолай, деманг. Барибир Озодлик текширади. Хабарингизда асос борлигига ишонч ҳосил қилса ёзади.

Ким ютади бундан? Сиз ютасиз, Жамият ютади.

Биз ҳам ютамиз. Журналистик бурчимизни бажарамиз. Иззат-нафсимиз ором олади. Миллатга фойдамиз тегаяпти, деб суюнамиз.

Ана, тунов куни Россияда маошини ололмаётган ўзбек йигитларнинг шикоятини ўрганиб у ёқ-бу ёққа қўнғироқ қилувдик кеча хабар келди. Раҳмат, Озодлик, ойлигимизни берадиган бўлишди, деган хабар келди.

Суюндик.

Қўрқманг.

Ҳеч йўқ, бир ҳаракат қилиб кўринг қўрқмасликка.

WhatsApp, Telegram + 420 724 971 539, + 420 602 612 713

VIBER + 420 602 612 713

SKYPE ozodskype, ozodlikonline, ozodovoz

Google Hangouts - ozodlikmail@gmail.com

FACEBOOK - https://www.facebook.com/ozodlikradiosi/

XS
SM
MD
LG