Линклар

АҚШ: Россия Суриядан ҳарбийларини чиқараётгани санкцияларга таъсир қилмайди


Сурияни тарк этаётган Россия ҳарбий самолётлари.

Сурияни тарк этаётган Россия ҳарбий самолётлари.

Россия Суриядан ўз ҳарбийларини олиб чиқиб кетаётгани АҚШнинг мазкур мамлакатга нисбатан жорий этган санкциялари юмшатилишига ёки бекор қилинишига сабаб бўлмайди. Бу ҳақда сешанба куни Қўшма Штатлар Давлат котибининг ёрдамчиси Виктория Нуланд маълум қилди.

Нуланднинг айтишича, АҚШ Россиянинг Украинадаги ҳаракатларига қараб баҳо беради. “Россияга нисбатан санкциялар Украина воқеалари ортидан жорий этилгани маълум. Шунинг учун Суриядаги жараён Украина воқеаларига нисбатан қабул қилган қарорларимизнинг ўзгартирилишига таъсир қилмайди”, деди Нуланд.

Оқ уй расмийси Жош Эрнест сешанба кунги бирифинг пайтида Россия ҳақиқатан ҳам Суриядан ўз қўшинларини олиб чиқа бошлаганини тасдиқлади. Пентагон эса Россия Суриядан фақат бир нечта самолётини олиб чиқиб кетганини ва буни “Суриядан ҳарбийларнинг катта қисмини чиқариш”, деб атаб бўлмаслигини билдирди.

Россия президенти Владимир Путин 14 март куни Суриядан рус қўшинлари олиб чиқиб кетилиши ҳақида кўрсатма берган эди.

Москва ўз иттифоқчиси бўлган президент Башар Ассадни қўллаш учун 5 ой муқаддам Сурияда мухолифатга қарши ҳарбий амалиётлар ўтказишни бошлаган эди.

XS
SM
MD
LG