Линклар

Россия Суриядан яна бир неча самолётини олиб чиқди


Суриядан қайтарилган самолётлар орасида Ил-76 ҳарбий транспорт самолёти ҳам бор.

Суриядан қайтарилган самолётлар орасида Ил-76 ҳарбий транспорт самолёти ҳам бор.

Россия ҳарбий учоқларининг яна бир гуруҳи Сурияни тарк этгани тўғрисида Россия мудофаа вазирлиги хабар қилди.

Суриядан қайтарилаётган учоқлар орасида Ил-76 ҳарбий-транспорт самолёти ҳамда Су-25 ҳужумчи самолётлари бор.

Россия президенти Владимир Путин 14 март куни Суриядан рус қўшинлари олиб чиқиб кетилиши ҳақида кўрсатма берган эди.

Москва ўз иттифоқчиси бўлган президент Башар Ассадни қўллаш учун 5 ой муқаддам Сурияда мухолифатга қарши ҳарбий амалиётлар ўтказишни бошлаган эди.

Россия Суриядан ўз ҳарбийларини олиб чиқиб кетаётгани АҚШнинг мазкур мамлакатга нисбатан жорий этган санкциялари юмшатилишига ёки бекор қилинишига сабаб бўлмайди. Бу ҳақда сешанба куни Қўшма Штатлар Давлат котибининг ёрдамчиси Виктория Нуланд маълум қилди.

Нуланднинг айтишича, АҚШ Россиянинг Украинадаги ҳаракатларига қараб баҳо беради. “Россияга нисбатан санкциялар Украина воқеалари ортидан жорий этилгани маълум. Шунинг учун Суриядаги жараён Украина воқеаларига нисбатан қабул қилган қарорларимизнинг ўзгартирилишига таъсир қилмайди”, деди Нуланд.

Оқ уй расмийси Жош Эрнест сешанба кунги бирифинг пайтида Россия ҳақиқатан ҳам Суриядан ўз қўшинларини олиб чиқа бошлаганини тасдиқлади. Пентагон эса Россия Суриядан фақат бир нечта самолётини олиб чиқиб кетганини ва буни “Суриядан ҳарбийларнинг катта қисмини чиқариш”, деб атаб бўлмаслигини билдирди.

XS
SM
MD
LG