Линклар

АҚШ президенти лавозимига номзодликка Республикачилар партиясидан номзод Дональд Трамп ва Демократлар партиясидан номзод Хиллари Клинтон сешанба куни бўлиб ўтган бирламчи сайловларда камида уч штатда ғолибликни қўлга киритди.

Миллиардер Дональд Трамп Флорида штатида 46 фоиз овоз олиб, ортидан келаётган ҳарифи, 27 фоиз овоз олган сенатор Марко Рубиодан анча олдинга ўтиб кетди.

Трампга реал рақиб сифатида кўрилаётган Рубио Флоридадаги мағлубиятидан сўнг сайлов пойгасидан чиқишини эълон қилди.

Трамп, шунингдек, Иллинойс, Шимолий Каролина ҳамда дастлабки натижаларга қараганда, Миссурида ғалабани қўлга киритди.

Охайо штатида ўтказилган бирламчи сайловда шу штат губернатори Жон Кейсик ғалаба қозониб, кампанияда иштирок этишни давом эттириш ҳуқуқини қўлга киритди.

АҚШ президенти лавозимига номзодликка Демократлар партиясидан номзод Хиллари Клинтон Охайо, Флорида, Шимолий Каролинада ғолиб бўлди. Дастлабки натижаларга қарганда Иллинойс ҳам Клинтонники бўлди. Миссури бўйича ҳозирча сўнгги натижалар эълон қилинмади, бу штатда Клинтон Берни Сандерсга ютқизаётгани айтилди.

Сешанба кунги бирламчи сайловлар натижалари Хиллари Клинтоннинг Демократик партиядан АҚШ президенти лавозимига номзодликка номзод этиб кўрсатилиши муқаррар эканлигини кўрсатди.

Бироқ худди шундай гапни Дональд Трампга нисбатан айтиш ҳозирча қийин. Бунинг учун Трамп ўз партияси сайловчиларининг 1237 овозини олиши лозим.

XS
SM
MD
LG