Линклар

Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани Қумоқ қишлоғида яшовчи 43 яшар эркак сув муаммоси устидаги жанжал боис уч қўшнисига болта билан ҳужум қилди. Каттақўрғондан олинган маълумотга кўра, болтадан олган жароҳатлари боис 46 яшар аёл вафот этган, яна бир аёл ва эркак оғир аҳволда шифохонага ётқизилган.

29 февраль куни содир бўлган ушбу воқеа Озодликка 16 март куни маълум бўлди.

Каттақўрғоннинг Қумоқ қишлоғида яшовчи 43 яшар Комил С. Р. исмли шахс қўшниси 45 яшар Зебо Ражабовани болта билан чопиб ўлдирганликда айбланиб ҳибсга олинди.

Воқеа тафсилотларидан хабардор манбанинг Озодликка айтишича, 29 февраль куни Комил қўшниси Ражабовлар оиласи билан сув устида жанжаллашиб қолган ва жаҳл устида уларни болталаган:

“Комил билан қўшниси Ражабовлар уйи ўртасидан ариқ ўтган. Ўша куни ариқда сув кам бўлиб, Комилнинг томорқасига сув ўтмаган. Комил қўшнилари билан “атайлабдан сув бермаяпсан” деб жанжаллашган. Жанжал пайти томорқасида ётган болтани олиб уларга ташланган”, дейди тафсилотлардан хабардор манба.

Самарқанд вилоят ҳуқуқ-тартибот идораларидан олинган маълумотга кўра, сув жанжалида Комилнинг оиласи ва унинг уч қўшниси иштирок этган.

“1973 йилда туғилган фуқаро Комил С.Р. болта билан 1971 йилда туғилган Зебо Ражабовага ташланган. Бу аёл олган жароҳатлари натижасида ўлган. Комил яна икки қўшнисини ҳам чопган. Бир аёл ва бир эркак оғир аҳволда шифохонага ётқизилган. Комил ўша куннинг ўзида ҳибсга олинди. У дастлабки тергов пайтидаёқ айбини бўйнига олган”, деди ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манба.

Манбанинг айтишича, Комил С.Р. га нисбатан Жиноят кодексининг “одам ўлдириш” ва “баданга оғир ёки ўртача оғир шикаст етказиш” моддалари бўйича жиноят иши очилиб, тергов-суриштирув ишлари давом этаяпти.

Каттақўргон туман ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, касалхонага ётқизилган икки кишининг аҳволи ҳозирда яхшиланган. Ушбу воқеадан сўнг қишлоқ аҳолиси орасида тушунтириш ишлари ўтказилган.

Самарқандда кейинги 2-3 йил мобайнида сув етишмовчилиги кузатиляпти. Сув танқислиги боис нафақат оддий аҳоли балки фермерларга ҳам сувни навбати билан бериш тартиби жорий қилинган. Самарқандлик фермерлар сув танқислиги муаммоси борасида Озодликка бир неча бор мурожаат қилишган.

Сув тақчиллиги Самарқанддан ташқари Хоразм, Бухоро, Наманган, Андижон, Фарғона, Сирдарё, Жиззах, Бухоро, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида ҳам кузатилмоқда.

Жаҳон Банки экспертлари Ўзбекистонда иқлим ўзгариши ва ҳаво ҳароратининг кескин исиши оқибатида 2050 йилга бориб қишлоқ хўжалиги ҳосилдорлиги 30 фоизга камайиши ва мамлакат озиқ-овқат саноатига жиддий зиён етиши мумкинлигини башорат қилган.

Жаҳон банки мутахассисларига кўра, ҳаво ҳароратининг ошиши, ёғингарчиликнинг эса кескин камайиши сув заҳираси кўп бўлган ва аҳоли сони жадал ошиб бораётган Ўзбекистон учун фожиали бўлиши мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG