Линклар

logo-print

Андижон тиббиёт институти нақд пул тақчиллиги боис талабаларни имтиҳондан йиқитаётгани айтилмоқда


Бўлажак медиклар иддаосига кўра, стипендиядан тежаш мақсадида юзлаб талаба имтиҳондан ўтказилмаган

Бўлажак медиклар иддаосига кўра, стипендиядан тежаш мақсадида юзлаб талаба имтиҳондан ўтказилмаган

Ўзбекистон олийгоҳлари нақд пул тақчиллиги билан боғлиқ муаммонини ҳал этиш воситаси ўлароқ талабалар баҳоларини манипуляция қилишда давом этмоқда. Андижон Давлат тиббиёт институти талабалари Озодликка йўллаган хабарда айтилишича, шу кунларда якунланаётган имтиҳон мавсумида юзлаб талаба етарли балл ололмаган ва уларга қайтадан имтиҳон топшириш буюрилган. Сабаби, дея ёзилади мактубда, имтиҳонни қайта топширган талабага, қандай баҳо олишидан қатъий назар, икки ойлик стипендия берилмаслигидан ташқари, ўқув йилининг қолган қисмида "3" баҳонинг стипендияси берилади. Тиббиёт институти мулозимлари бу иддаоларни рад этишди. Озодлик нақд пул тақчиллиги талабалар стипендиясини еб қўяётгани тўғрисида аввал ҳам хабар қилган.

"Беш"га "уч"нинг стипендиясини бериш йўли топилди

Ўзбекистон олий ўқув юртларида нақд пул тақчиллигини ҳал қилиш учун шу пайтгача талабалар баҳоларини пасайтириш усулидан фойдаланиб келинаётган эди. Бу усул билан Олий таълим вазирлиги ойига миллиардлаб сўм пул иқтисод қилаётгани тўғрисида Озодлик хабар қилган.

Андижон Давлат тиббиёт институтида стипендиялардан тежаб қолишнинг прогрессивроқ йўлини топишди. Бунда талабанинг баҳосини пасайтириш шарт эмас, фақат биринчи уринишда талаба имтиҳондан ўтказилмаса бўлди. Иккинчи марта имтиҳон топширган талаба, ҳатто бешга топширса ҳам, унга уч баҳо олган талаба билан теппа-тенг стипендия берилади.

Озодликка олийгоҳ факультетларидан бирининг 3-босқич талабалари номидан келган мактубда ёзилишича, шу кунларда якунланган имтиҳон мавсумида 250ка яқин 3-босқич талабаси қайта имтиҳон топширишга жўнатилган.

“Ҳозир бизга янги ректор тайинланган, у яқинда 3-курс талабаларидан 249 болани “12А шаклига” (қайта имтиҳон топширадиганлар рўйхати-таҳр.) киритди. Лекин бу талабаларнинг барчаси имтиҳонни топширди. Бу нима гап, де домлаларга мурожаат қилсак, ректорга айтинглар, деяпти. Қайта имтиҳон топширганларга икки ой стипендия берилмайди”, дея шикоят қилишди бўлажак тиббиётчилар.

Андижон Давлат тиббиёт институти раҳбарияти вакили, Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда, талабалар иддаоларини рад қилди. Лекин 12А шаклига тушиб қолган талабалар кўпчилик бўлиши мумкинлигини тасдиқлади.

“Ҳар бир талаба ўқув режасидаги талабларга кўра, якуний назорат ва тест назоратларидан ўтиши шарт. Бу синовлардан стипендия бермаслик учун фойдаланилаётгани тўғрисидаги иддаоларда асос йўқ. Талабалар билимига кўра, баҳосини олади. Назоратларнинг бирорта туридан етарлича балл, яъни 100 баллдан йўқ деганда 55 балл ололмаган бўлса, 12А шаклига тушиб қолади. Лекин уларга қайтадан имтиҳон топшириш имкони берилади. Топширса билимига кўра, баҳоси қўйилади. Бунда қайта имтиҳон топширганларга энг паст стипендия берилиши рост”, дейди Андижон мединститути мулозими.

Унинг айтишича, олийгоҳ бакалавриатурасида жами 2800 нафарга яқин талаба ўқийди. Лекин уларнинг қанчаси имтиҳондан ўтиб, неча нафари қайта топшириши тўғрисидаги маълумотларни мулозим очиқлашни истамади. “Ҳозир бунга оид ҳисобот тайёрланмоқда”, деди у.

Андижон давлат тиббиёт институтида талабалар стипендияси Ўзбекистондаги бошқа ўқув юртлариникидан фарқ қилмайди. Ўзбекистон олий ўқув юртларида талабалар стипендияси аъло баҳо учун ўртача 440 минг сўм, яхши баҳо учун 330 минг сўм, қониқарли ўқиганлар учун эса 220 минг сўмни ташкил этади.

Беш қўймаслик тўғрисида кўрсатма бор

Нақд пул тақчиллиги вазиятидан чиқиш воситаси ўлароқ талабалар баҳосини пасайтириш тўғрисида оғзаки кўрсатма борлигини Ўзбекистон олий ўқув юртларидан бирининг ўқитувчиси Озодликка тасдиқлаган эди. Февраль ойидаги суҳбатда ўқитувчи талабаларга баҳо қўйишда “қаттиққўлроқ бўлиш” тўғрисида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг оғзаки кўрсатмаси борлигини билдирган эди.

“Беш баҳони имкон қадар қўймаслик тўғрисида махсус кўрсатма бор, бу рост. Бунга бир-икки йил бўлиб қолди. Сессия пайтида ўқитувчиларга алоҳида эслатилади бу ҳақда. Лекин барибир, бу аълочилар бўлмасин, дегани эмас. Бизнинг факультетда аълочилар бор, лекин уларнинг сони чекланган, саноқли”, деган эди университет домласи.

Ўзбекистондаги тиббиёт олийгоҳлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги таркибига киради ва молиявий масалалар Молия вазирлиги тасарруфидадир.

Ўзбекистонда олий ўқув юртлари талабаларига ортиқча стипендия тўламаслик мақсадида баҳоларни пасайтириш чораси сўнгги 4-5 йил давомида қўлланилаётгани кузатилмоқда.

Ўтган йили Ўзбекистон Молия вазирлиги мамлакатнинг еттита олийгоҳида талабаларга 200 миллион сўмдан зиёд стипендия пули ортиқча берилгани аниқлангани тўғрисида билдирган эди. Озодлик манбалари ўша пайтда, ушбу олийгоҳлар Олий ва ўрта махсус вазирлигининг “аълочи талабалар сонини қисқартириш талабини бажармаганликда айблангани” тўғрисида айтишган эди.

Талабалар стипендияси билан боғлиқ харажатларни қисқартириш уринишлари Ўзбекистон иқтисодида юзага келган нақд пул тақчиллиги муаммоси кун сайин кескинлашаётган пайтга тўғри келмоқда.

Ўзбекистон Марказий банки ўтган йили бош вазир Шавкат Мирзиёевни нақд пул тақчиллиги олдиндан айтиб бўлмайдиган ижтимоий қийинчиликларга олиб келишидан огоҳлантирган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG