Линклар

ЕИ электр тармоқларини янгилаш учун Ўзбекистонга 10 млн евро ажратади


Европа Иттифоқи Ўзбекистондаги электр узатиш тармоқлари модернизацияси учун мамлакат ҳукуматига 10 миллион евро миқдорида грант ажратади.

Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари Юрий Штерк podrobno.uz интернет нашрига мазкур лойиҳа бир неча босқичда амалга оширилиши ва қатор ҳудудлардаги тармоқларнинг янгиланишини кўзда тутишини билдирган.

ЕИ мулозимига кўра, лойиҳа Европа Иттифоқи томонидан тақдим этилган маблағ ҳисобидан Марказий Осиё учун инвестиция жамғармаси орқали молиялаштирилади. Штеркнинг айтишича, тармоқ ҳолатини баҳолаш ва сўнгра модернизациялаш ишларига франциялик мутахассисларни жалб қилиш кўзда тутилган.

2011 йил январида Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон энергетика соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолаган. Ҳужжатда Европа Иттифоқига аъзо мамлакатлар ширкатларининг Ўзбекистондаги ёнилғи-энергетик мажмуаси соҳаларини модернизациялаш, энергия тежайдиган технологияларни татбиқ қилиш ҳамда ҳудудлараро транспорт-алоқа ва транзит йўлакларини ривожлантириш ишларида иштирок этиши кўзда тутилган бўлса-да, шу пайтгача бу борада биронта бизнес-лойиҳа амалга оширилган эмас.

XS
SM
MD
LG