Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:50

Қозоғистонда бошланган "гиря васвасаси" Ўзбекистонга кўчди


Ўзбекистонликлар орасида 16 ва 32 килограммлик гиряларни қидириш васвасаси авж олмоқда. Бу васвасани авж олдираётган миш-мишлар оғиздан-оғизга кўчишдан ташқари ижтимоий тармоқларни ҳам кезиб юрибди. Кўпчиликни Ильф ва Петровнинг “Олтин бузоғи”даги Паниковский ва Балагановнинг аҳволига тушириб қўйган, белбоғининг орқасидан фирибгарларнинг қулоғи кўриниб турган полвонтошлар ўзбеклардан аввалроқ тожик ва қозоқларни ҳам чув туширган эди. Фирибгарликларни фош этиш билан шуғулланадиган мутахассислар бундай миш-мишларга учмасликдан огоҳлантирмоқда.


“Арралайверинг, Шура! Арралайверинг!”

Шу кунларда Telegram ва Whatsapp орқали тарқалаётган хабарларга ишонилса, собиқ СССРда ишлаб чиқарилган 16 ва 32 килограммлик гиряларни 100, 200, 1000 долларга сотиб оладиган харидор таппа-тайёр турибдию, ҳозироқ келиб, нақд пулни қўлингизга тутқазадида, тошларни кўтариб олиб чиқиб кетади.

“Яқинда бир хабар эшитиб қолдим, жуда қизиқ. Мендан бир танишим СССР даврида чиқарилган 32 килолик тош уйизда борми, деб сўраб қолди. Янгиси бўлмас экан, айнан СССР даврида ишлаб чиқарилгани керак экан. Ичида қандайдир қимматбаҳо металлми, бошқа нарсами бор экан. Тошни 1000 доллар ва ундан ошиққа сотиб олишар экан. Ўзбекистондан сотиб олишиб, Қозоғистонга олиб бориб сотишар экан”, дея ёзади муштарийлардан бири.

Айрим муштарийларимизни эскириб, занглаб ётган гиряни нега отнинг калласидай нархга сотиб олишаяпти, деган савол ҳам қизиқтираётганини кўриш мумкин.

Ўзингиз арралай кўрманг!

Озодлик мухбири гиря сотиб оламиз, деган эълондаги телефон рақамига қўнғироқ қилди. Ўзи ўзбекистонлик бўлишига қарамасдан, Россия номерини берган гиря харидори 1000 доллар эмас, нақ 2000 минг доллар беришга тайëрлигини билдирди.

“Агар биз айтаётган гиря бўлса, 2000 доллардан сотиб оламиз. Телефонингизни беринг, ҳозир сизга телефон қилишади. Мен ўзим ҳам ўзбекистонликман, шунчаки ҳозир Москвадаман шунга номерим Россияники. Лекин сизга қўнғироқ қилишади, текшириб кўрамиз, бизга тўғри келса бўлди”, деди “xаридор”.

Суҳбатдошдан: "Бунчалик қизиқишнинг сабаби нимада, гирянинг ичида олтини борми, ёриб кўрсаммикин?", деб сўрадик.

“Агар арраласангиз, сизга ростини айтаман, соғлиғингизга зарар етиши мумкин. Ундай қилмаганингиз маъқул”, дея маслаҳат қилди “харидор”, гиря ичида палладий, симоб ёки бошқа қимматбаҳо модда бор, деган миш-мишларга шама қилиб.

"Ўлган эшакнинг қулоғини Пушкиндан оласан"

Москвадаги адвокатлик фирмаларидан бирининг фирибгарликлар билан шуғулланувчи мутахассиси Озодлик билан қисқа суҳбатда бундай васваса “омадли жентельменларга” ҳаводан пул ясаш имкониятларини яратиб беради, дея тушунтирди.

“Ҳар бир мулоҳазали одам аввал совет даврида ишлаб чиқарилган гиря қандай қилиб даромад келтириши мумкин, деган саволни бериши керак. Менимча¸ замонавий гирялар анча қулайроқ. Бундай миш-мишлар ўтмишда ҳам тарқалган эди. Эсингизда бўлса, қайсидир йилда ишлаб чиқарилан копейка тангаларида олтин бор экан, ёки “Зингер” тикув машиналари ичида қимматбаҳо металлар бор экан деган гап-сўзлар қандай тез тарқаган бўлса, шунчалик тез унутилган эди. Лекин одамлар ҳатто квартираларини сотиб, тикув машиналарини сотиб олишди. Бундай вазият, яъни одамлар оммавий васвасага тушган муҳит олғирлар учун мўмай даромад манбаи бўлади. Васвасага тушган одам учун гирями ёки бошқа нарсами фикс ғояга айланади. Уни кейин сота оладими, йўқми иккиламчи мақсадга айланади. Муҳими қандай қилиб бўлмасин, айтилган гиряни топиши керак. Шунда гиря сотадиган “мурувватли” одамлар тездагина топилади”, дейди ҳуқуқшунос.

Россиялик онлайн фаоллар фирибгарлар гиря васвасасига тушганларни қандай қилиб чув туширишига мисолларни ҳам аниқлашди.

“Бунинг сири оддий. Сиздан 2000 долларга гиря сотиб оладиган одам, сиз билан бирор жойда учрашув тайинлайди. Сиз гиряни қўлтиқлаб, учиб борасиз. Учрашасизлар, харидор сизга “зўр мен истаган гиря экан, фақат экспертиза қилиб кўрамиз, ичида биз хоҳлаган металлар борлигини текшириб кўришимиз керак”, дейди. Экспертиза нархи 250-300 доллар бўлади. Бу харажатни сиз кўтарасиз, чунки гиря сизники ва уни 2000 долларга сотмоқчисиз. Сиз пулни чиқариб берасиз. Экспертиза ўтказилади. Қарабсизки, гирянгиз ичида харидор истаган қимматбаҳо металлар чиқмайди. У сиздан узр сўрайди. Сиз эса, 250-300 долларни аллақачон чиқариб бергансиз”, дея тушунтиради россиялик интернет-фаол.

Қозоғистонда ҳатто "уйимни гиряга алмаштираман", деган эълонлар пайдо бўлди
Қозоғистонда ҳатто "уйимни гиряга алмаштираман", деган эълонлар пайдо бўлди

Мутахассисга кўра¸ бу фирибгарлар ишлатадиган усуллардан бири холос.

Ўзбекистонлик полвонтош изловчиларни васвасага солаëтган гиря тошлар олди-бердиси бундан авваллроқ Тожикистон ва Қозоғистонда ҳам тарқалиб, бугунги кунда унутила бошлашга улгурди.

Тожикистонда ҳатто Физика ва техника институти олимларини овора қилишиб, гиряларни текширтириб кўришди. Олимлар бирорта гирядан пичоққа илинадиган нарса топа олмади.

Қозоғистонда эса ҳатто уйларини гиряга алмашишга тайёрлиги айтилган эълонлар пайдо бўлди.

Тарқатилган миш-мишлардан бирида ҳатто қозоғистонликнинг уйига ўғрилар тушиб, ҳеч нарсани олмасдан бир жуфт полвонтошни олиб чиқиб кетгани иддао қилинди.

Марказий Осиë аҳолиси орасида тарқалган гиря васвасаси эмикдош ёзувчилар Илья Ильф ва Евгений Петровнинг “Олтин бузоқ” романи қаҳрамонлари Михаил Самуэлевич Паниковский ва Шура Балагановлар қилиғини эсга солади.

Икковлон гўмма миллионер Александр Иванович Корейко миллионларига олтин сотиб олиб, полвонтош қуйдириб қўйган, дея чув тушишади.

XS
SM
MD
LG