Линклар

logo-print

Бухоролик овчи дайди итни ўлдираман деб, қўшнисини отиб қўйди. Фарғона электр тармоқлари корхонаси мансабдори хориждан ушлаб келинди. АҚШ президенти Рузвельт дастурхонига Амударёдан тутилган балиқ тортилган. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

Статистика қўмитаси фуқароларни коррупция ҳолатларини фош қилишда фаол қатнашишга чақирди

Давлат статистика органлари жорий йилнинг 10 март-10 апрель кунлари коррупцияга қарши мониторинг доирасида кузатувлар ўтказади (“Даракчи”, 17 март). Шу муносабат билан қўмита фуқароларга мурожаат қилиб, коррупция ҳолатларини аниқлашда фаол иштирок этишга чақирган. Мурожаатда фуқаролар коррупция бўйича сўровномага виждонан ва самимий жавоб беришлари муҳимлиги таъкидланган. Сўровнома аноним ҳисобланиши, респондентнинг шахсига оид маълумотлар ҳеч қаерда кўрсатилмаслиги, жавоблар фақат умумлаштирилган ҳолда ишлатилиши, шунингдек, жавоблар иштирокчига ёки бошқа шахсга қарши ишлатилмаслиги кафолатлангани билдирилган.

Фуқаролардан тушаётган шикоятларнинг 58 фоизи коммунал хизматлардан

2015 йилда Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий органлари истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича 5141 та ариза ва шикоят келиб тушган (“Оила даврасида”, 17 март). Мурожаатларнинг 58 фоизи коммунал хизматларга тегишли бўлиб, аксар истеъмолчилар коммунал хизматлар ҳақини тўлашда юзага келаётган муаммолар, хизмат сифати ва қўшимча ҳақ ҳисоблаш каби ҳолатлардан арз қилган. Қайд этилишича, ёзма аризаларнинг 92,5 фоизи, “ишонч телефони” орқали тушган мурожаатларнинг 61,9 фоизи истеъмолчи фойдасига ҳал қилинган.

Фарғона электр тармоқлари корхонаси мансабдори хориждан ушлаб келинди

Жиноий жавобгарликдан қочиб, чет элга қочиб кетган “Фарғона электр тармоқлари ҳудудий корхонаси” собиқ бўлим бошлиғи Сайдолим Буважамбоев хориждан ушлаб келинди (“Ҳуқуқ”, 17 март). С.Буважамбоев корхонанинг электр тақсимоти ва истеъмолни назорат қилиш бўлими бошлиғи сифатида бутун Фарғона вилояти, қўшни давлатлар ҳамда вилоятларга электр энергияси узатилишини назорат қилган. У икки ярим йил мобайнида (2009 йилдан 2011 йил биринчи ярмига қадар) ҳудудларга узатилган электр энергияси миқдорини камайтириб кўрсатиш орқали 539,5 миллион сўм маблағни талон-тарож қилган. Хабарга кўра, судланувчи зарарни қоплагани сабабли унга ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлади. Шунингдек, С.Буважамбоевни хориждан этап қилиб олиб келиш харажати ҳам ундан ундирилган.

Бухоролик овчи дайди итни ўлдираман деб, қўшнисини отиб қўйди

Бухоро вилоятининг шу номли туманида ов қуроллари билан боғлиқ икки нохуш ҳолат қайд этилди (“Постда”, 12 март). Бухоро тумани Деҳимиёна қишлоғида яшовчи Н.Т. ўғлининг номида бўлган “ИЖ-27” русумли 16 калибрли ов қуроли билан фуқаро Р.Саломовнинг юзига отиб, жароҳат етказган. Бунга эса ўзаро келишмовчилик сабаб бўлган. Мазкур ҳолат юзасидан Н.Т.га нисбатан жиноий иш қўзғатилган.

Шу туманнинг Сўфикоргар қишлоғида яшовчи Р.Б. кўчада дайди итларни отиш вақтида қўшниси С.Йўлдошевга жароҳат етказган. Мўлжални аниқ олмаган овчи қонуний жазосини олгани маълум қилинган.

“Дизайн”жон, “Дизайн”, қулоғингдан чўзайин!

“Даракчи” нашри “Дизайн” ҳажвий гуруҳининг сўнгги концертини фельетон қилди. “Ёзувчиларимиздан бири аскияни гўнг устида очилган гулга, яна бири эркаклар ҳаммомига ўхшатган экан. “Дизайн”чиларнинг юз қизартирадиган аскияларни топишга жа усталигини тан олиш керак. Лекин бунақа қочириқларни қоидасига кўра тўрт-беш минг кишининг олдида, ким-кимлар ўтмаган табаррук саҳнада эмас, чойхонада, жа бўлмаса, ўша машҳур ёзувчимиз айтганидек ҳаммомда айтишлари керак-да”, деб ёзади муаллиф. Ёзилишича, “Дизайн”чиларнинг концерти диск ва интернетда тарқалиб улгурмасидан ҳали “она сути оғзидан кетмаган” болалар ҳам уларнинг қочиримларини ишлатиб юрибди.

Бухоролик солиқ идораси расмийси 1100 доллар пора билан ушланди

Бухоро вилояти Қоровулбозор тумани давлат солиқ идораси текширувлар шўъбаси бошлиғи Шавкат Камолов пора билан ушланди. “Ҳуқуқ” газетасига кўра, солиқ мансабдори тумандаги “Сарбон-Сардоба люкс” масъулияти чекланган жамиятида текширув ўтказгач, солиқ тўлови бўйича камчиликлардан кўз юмиш эвазига 1100 АҚШ доллари миқдорида пора талаб қилган. Шўъба бошлиғи Ш.Камолов 2015 йил 4 март куни пора олаётган пайтда ушланган. Қайд этилишича, мисқоллаб йиққан обрўсидан айрилган Камолов 4 йилга озодликдан маҳрум этилган.

АҚШ президенти Рузвельт дастурхонига Амударёдан тутилган балиқ тортилган

1945 йилнинг февралида бўлиб ўтган Ялта конференцияси пайти СССР раҳбари Сталин мезбон сифатида АҚШ президенти Франклин Делано Рузвельтдан ҳол сўрайди (“Ҳуррият”, 16 март). АҚШ раҳбари “ҳаммаси яхши-ю, лекин нонуштада скафирингус балиғи қўйилмагани чатоқ бўлди, чунки у фақат Миссисипи дарёсида учрайди” деган мазмунда жавоб қилади. Меҳмон ҳузуридан чиққан Сталин махсус хизмат вакилини қабулига чорлаб, балиқни зудлик билан топишни буюради. Орадан бир неча соат ўтиб, скафирингус балиғи Амударёнинг Термиз шаҳри яқинидаги соҳилидан тутилади ҳамда тезучар самолётда Ялтага етказилади. Янаги кун Рузвельтнинг дастурхонига скафирингус тортилади.

Қайд этилишича, осётр балиқлари оиласига мансуб скафирингус (ўзбекча муқобили қилқуйруқ, куракбурун) кейинги 50 йил ичида қарийб йўқолган деб ҳисобланиб, Қизил китобга киритилган. Кейинги йилларда Термиз яқинида икки бора қилқуйруқ учраган. Мазкур балиқ Ер шарининг Миссисипи ва Аму дарёларида тарқалган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG