Линклар

logo-print

Ўзбекистон яна чегараларини ёпди ва баҳсли ҳудудга ҳарбий техника киритди


Баҳсли ҳудудга пост ўрнатган ўзбекистонлик чегарачилар.

Баҳсли ҳудудга пост ўрнатган ўзбекистонлик чегарачилар.

Ўзбекистон чегарачилари 18 март куни эрталаб Қирғизистон билан баҳсли бўлиб турган ҳудудга камида битта бронетронспортёр билан кириб келиб, чегара пости ўрнатган ва баҳсли ҳудуддан ўтган Карвон-Олабуқа йўлидан кетаётган йўловчиларнинг ҳужжатларини текшира бошлаган. Бундан ташқари ўзбек томони ўзбек-қирғиз чегарасидаги бир қатор ўтказиш пунктларини ёпгани ҳам хабар қилинди.

Қирғизистонга қарашли Ахси тумани ҳокими Медет Айдаралиевнинг маълум қилишича, Ўзбекистон чегарачилари икки давлат ўртасида баҳсли бўлиб турган ҳудудга 18 март куни эрталабки соат етти яримларда БТР билан кириб келган:

-Ўзбекистон билан Қирғизистон чегарасида Чаласарт деган 38 гектарли ҳудуд бор. Бу ер икки давлат ўртасидаги баҳсли ҳудудир. Мана шу ҳудуддан 1 километр 800 метр масофада Карвон –Олабуқа йўли ўтган. Йигирмага яқин ўзбек чегарачилари эрталаб БТРда мана шу ҳудудга кириб келиб, Карвон-Олабуқа йўлини тўсиб қўйган. Бу йўлдан ўтаётган ҳар бир одамнинг ҳужжатларини текшириб, кейин ўткизишаяпти, -деди Ахси туман ҳокими Медет Айдаралиев.

Ҳокимнинг айтишича, айни пайтда маҳаллий ҳукумат расмийлари воқеа бўлган жойга бориб, ўзбек чегарачилари билан сўзлашувлар ўтказишга ҳаракат қилмоқда. Қирғиз расмийлари фикрича, ўзбек чегарачиларининг баҳсли ҳудуддга чегара пости ўрнатиб олишлари ноқонунийдир:

-Уларнинг бу ерга чегара ўрнатиб олишига ҳақлари йўқ. Чунки бу баҳсли ҳудуд ҳисобланади ва Совет Иттифоқи давридан бери бу ердан Қирғизистон фойдаланиб келган. Ҳозир воқеа жойида вазият тинч. Фақат аҳоли ўртасида "ўзбек чегарачилари бу ерга нега кириб олди", деган тушунмовчилик бор. Ҳозир ҳуқуқ-тартибот тузилмалари халқ орасида тушунтириш ишларини олиб бормоқда, - деди Медет Айдаралиев.

Қирғизистон Чегара хизмати эса ўзбек чегарачилари баҳсли ҳудудга 18 март куни соат 7 дан 40 дақиқа ўтганида иккита БТР ва 2 та КамАЗда кириб келгани ҳақида хабар берди. Чегара хизматининг билдиришича, баҳсли ҳудуддаги ўзбек ҳарбийлари сони 35-40 кишини ташкил қилади.

Баҳсли ҳудуддаги ўзбек БТРларидан бири.

Баҳсли ҳудуддаги ўзбек БТРларидан бири.

Чегара хизмати расмийси айни пайтда Ўзбекистон чегарачилари билан қирғиз расмийлари музокараларни бошлагани, қўшимча тафсилотлар музокаралар якунланганидан сўнг эълон қилинишини билдирди.

Айни пайтда Қирғизистон ахборот агентликлари 18 март куни эрталаб соат 8 да Ўзбекистон Қирғизистон билан чегарасидаги “Маданият-автойўл” чегара пунктни бир томонлама ёпиб қўйгани ҳақида хабар тарқатди.

Ўш ва Андижон чегарасидаги “Дўстлик-автойўл” чегара бекатидан эса Ўзбекистон Қирғизистон фуқароларининг ўтишига чеклов киритган. Хабарларга қараганда, Ўзбекистон ҳудудидан қирғиз фуқаролари Қирғизистонга ўтказилаяпти, аммо Ўзбекистонга киритилмаяпти. Ўзбекистон фуқароларининг кириб-чиқишига эса ҳеч қандай чеклов қўйилмаган.

Ўз навбатида Қирғизистон “Баймак-автойўл”, “Кенсой-автойўл” ва “Қадамжой-автойўл” чегара бекатларидан Ўзбекистон фуқароларининг кириб-чиқишини тақиқлаб қўйди.

Ўзбекистон расмийлари ҳозирча Қирғизистон билан чегарадаги бу ўзгаришлар юзасидан ҳеч қандай тушунтиришларни берган эмас.

Қирғизистон президенти 18 март куни Қирғизистон Чегара хизмати раисини қабул қилиб, чегарадаги вазиятни муҳокама қилди. Бу учрашув тафсилотлари матбуотга очиқланмади.

Ўзбекистон ҳукумати одатда "Наврўз" ва Мустақиллик" байрамлари арафасида мамлакат чегараларида назоратни кучайтиради. Мамлакатга кириш постларига қўшимча кучлар ташланиб, чегарага блок постлар ўрнатилиши кузатилади.

Айрим кузатувчилар Қирғизистон чегарасидаги бугунги вазиятни ҳам "Наврўз" байрами олдидан бўладиган одатий хавфсизлик чоралари сифатида баҳоламоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG