Линклар

Истанбулда русларнинг 100 йил аввал Туркистонда ўтказган қатлиоми ёдланди


Чор Россиясининг Туркистондаги қатлиомига бағишланиб Истанбулда ўтказилган анжумандан лавҳа.

Чор Россиясининг Туркистондаги қатлиомига бағишланиб Истанбулда ўтказилган анжумандан лавҳа.

17 март куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида 1916 йили Туркистонда Чор Россияси томонидан амалга оширилган ва тахминан 1,5 миллион туркистонликнинг ёстиғини қуритган қатлиом 100 йил тўлиши муносабати билан матбуот анжумани ўтказилди. Тадбир қароргоҳи Туркияда бўлган “Халқаро Туркистонликлар Ҳамкорлик Жамияти” ташаббуси билан уюштирилган.

Пайшанба куни Истанбулда Туркистондаги рус қатлиомининг 100 йиллигига бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида Халқаро Туркистонликлар Ҳамкорлик Жамияти раҳбарлари ва аъзоларидан ташқари Шарқий Туркистон “Маърифат” жамияти, Туркиянинг “МазлумДер”, ИХХ, Оқинчилар, Халқаро муҳожирлар жамияти ҳамда турк оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этганлар. Бу ҳақда Озодликка жамият раисининг ўринбосари Намоз Нормўмин маълум қилди.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, анжуманда Чор Россиясининг бундан роппа-роса бир аср муқаддам Туркистон ғарбида амалга оширган қатлиоми, мусулмон Туркистон халқининг Чор Россияси мустамлакачилик ва мардикорга олиш сиёсатига қарши исёни, бу исённинг асосий қайси шаҳарларда яққол кўрингани ҳақида тафсилотлар очиқланган ва бу маълумотлар йиғилганларда катта қизиқиш уйғотган.

- Бунинг аҳамияти албатта жуда муҳим. Чунки ҳар бир халқ ўз тарихини билиши керак. Бу йил Чор Россиясининг Туркистонда қилган қатлиомига 100 йил бўлди. Албатта бу жуда катта фожеали воқеа халқимиз тарихида. Шунинг учун ҳам биз буни эслаб, Туркиядаги жамоатчиликка, оммавий ахборот воситаларига бу ҳақдаги ўз фикримизни айтиб ўтдик, - дейди Намоз Нормўмин.

Суҳбатдошимизга кўра, кейинги йилларда Туркияда ҳам зиёлиларнинг, ҳам оддий одамларнинг Туркистонга, хусусан, Шарқий Туркистонга бўлган муносабати жуда ижобий томонга ўзгарган.

- Бу ерда бизнинг жуда кўп талабаларимиз бор. Балки Ўзбекистондан озроқ бўлиши мумкин, лекин Туркманистон, Қирғизистон ва Қозоғистондан жуда кўп талабалар бор. Жуда кўп марказлар бор, қозоқ, қирғиз, туркман марказлари. Ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий, ҳам маданий жиҳатдан алоқалар олдингидай эмас – жуда ривожланган, деб ўйлайман мен. Ва Туркияда оммавий ахборот воситалари эркин бўлгани учун ҳам Шарқий Туркистондан, ҳам Ғарбий Туркистондан доимий хабарлар олиб турамиз, - дейди Намоз Нормўмин.

“Совет Иттифоқи тарқаб кетганига чорак аср бўлган бўлса ҳам шу кунда Марказий Осиёдаги мамлакатларнинг Туркияга қараганда Россия билан алоқалари тиғизроқ. Нима учун 100 йил аввал қатлиом ўтказган Россия дини, тили, урф-одатлари бир бўлган Туркиядан кўра Туркистон ўлкаларига яқинроқ?” деган саволимизга суҳбатдошимиз: “Бунинг қатор сабаблари бор, биринчидан, геополитик манфаатлар, Россия ва Туркистон ўлкалари узоқ вақт бир мамлакат таркибида бўлгани, ундан ташқари, Путиннинг Евросиё иқтисодий иттифоқини тузгани”, дея жавоб бера бошлади.

- Иккинчидан, Туркия билан Туркистон, яъни Ўрта Осиё ўртасида жуда катта масофа бор. Буни ҳам тушуниш мумкин. Лекин агар аввалги замонларга қаралганда, СССР даври эмас, ҳатто мустақиллик йилларининг бошларига қараганда ҳам ҳозир алоқалар жуда кенгайганини кўраяпман мен. Чунки бу ерда жуда катта бир диаспора бор, Туркияда янги туркистонликлар бор, мен 200 минг деб тахмин қиламан буларнинг сонини, - дейди Намоз Нормўмин.

Айни пайтда, суҳбатдошимизнинг айтишича, туркиялик мунавварлар Туркистон билан алоқалар ҳали кўнгилдагидек эмас, деб ҳисоблайдилар ва бу алоқаларни янада юқорироқ савияга чиқариш орзусидалар, шу жумладан, 17 март куни Истанбулда ўтказилган матбуот анжумани иштирокчилари ҳам.

- “Биз уяламиз, биз яхши билмаймиз шу тарафларни (қатлиомни назарда тутмоқда – таҳр.), унутганмиз буларни” дейишди ва мен бундан таъсирландим. “Биз бу ишлар билан жиддий шуғулланишимиз керак. Доим айтамиз “Ота юрт”, “Она юрт”, “келганмиз у ёқдан минг йил олдин” деб, лекин ишга келган пайтда у ёққа кўп эътибор бермаймиз, парво қилмаймиз” деб, ўзларини танқид қилишди. Бу қатлиом масаласини баъзилари яхши билмаган. Мен буларнинг ҳаракатчанлигидан, “биз бу ишга албатта ўз ҳиссамизни қўшамиз” деб айтган гапларидан таъсирландим, - дейди Намоз Нормўмин.

Суҳбатдошимиз мансуб бўлган Халқаро Туркистонликлар Ҳамкорлик Жамияти турли сабабларга кўра Марказий Осиёдан бошқа ўлкаларга ҳижрат қилган муҳожирларга илмий, маърифий, ҳуқуқий ва ижтимоий ёрдам бериш билан шуғулланиб келади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG