Линклар

Петербургда ўлдирилган ўзбекистонлик тадбиркорнинг қотиллари қидирилмоқда


Зафаржон Ҳалилов "Макаров" тўппончасидан отиб кетилгани маълум

Зафаржон Ҳалилов "Макаров" тўппончасидан отиб кетилгани маълум

Санкт-Петербург полицияси жорий йилнинг 1 мартида уйи ёнида отиб кетилган асли ўзбекистонлик Зафаржон Ҳалилов қотилларини қидирмоқда. Намозхон экани айтилаётган бу тадбиркорнинг ўлими ортидан Петербургга Ўзбекистондан Миллий хавфсизлик хизматидан бир гуруҳ ходим келгани айтилаяпти.

Ўзбек тадбиркори қотиллари қидирилмоқда

2016 йилнинг 1 мартида соат 22.20ларда Санкт-Петербург шаҳрининг Вася Алексеев кўчаси 12 “А” уй ёнида қонга беланиб ётган шахс мурдаси топилди.

Россия Ички ишлар вазирлигининг Санкт-Петербург бўйича бошқармаси хабарига кўра, жасад бошидан ва кўкрагидан олган жароҳатлар туфайли жон таслим қилган.

2 март куни ўтказилган суд-тиббий экспетиза хулосасига кўра, бу шахс танасининг турли жойига отилган 6та ўқдан ўлган. Полиция бу шахсни ўлдиришга алоқадор бўлганларни қидирмоқда ва ҳодиса гувоҳларини Петенбургнинг Киров туман полиция бўлимига 8 (812) 573-13-10, 8 (812) 252-02-02 рақамлари бўйича қўнғироқ қилишларини сўрамоқда, дея хабар қилди шаҳар полицияси матбуот хизмати вакиласи.

Қотил ўлдирилган шахсни анча вақт кузатгани ва у ўзи яшайдиган иккинчи қаватдаги квартира эшиги олдига яқинлашганда “Макаров” тўппончаси билан орқасидан олти маротаба ўқ ўзгани айтилди. (“Макаров” пистолети собиқ Иттифоқда милиция, ҳарбий қисмлар ва бошқа ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қўлланилган – таҳр.)

Зафаржон – “оддий ишчан йигит" бўлган

Озодлик қўлга киритган дастлабки маълумотларга кўра, нобуд бўлган шахс – шаҳарнинг Адмиралтейский туманидаги ўзбек кафеларидан бирининг эгаси асли ўзбекистонлик, аммо Россия фуқаролигини олган 49 ёшли Зафаржон Ҳалиловдир.

У Питерда сўнгги ўн йил яшаб келгани, бир неча йил олдин Россия фуқаролиги олгани маълум бўлди. Зафаржон Ҳалилов аёли ва тўрт нафар фарзанди кўмагида шаҳарда майда тадбиркорлик билан шуғулланиб келган, деди Озодликка Санкт-Петербург ўзбеклар жамияти раҳбари Алижон ака Ҳайдаров.

- Диаспорага унинг алоқаси йўқ эди. У оддий савдогар эди. Бозорда хотини билан манти сотар эди. Уни кафе деб ҳам бўлмайди: кичкинагина дўкончада манти сотиларди. Ҳозирча нима учун ўлдирилгани номаълум. Мен уни танирдим – оддий нормал одам эди. Ҳеч нима ортиқча ишларни қилмасди, ҳеч қандай унақаларга кирмасди. Оддий ишчи бола эди. Ўзим ҳам билмайман кимга керак бўлиб қолди уни ўлдириш, деди Алижон Ҳайдаров.

Санкт-Петербург Тергов қўмитасида Озодлик сўровига ўзбекистонликнинг отиб кетилиши юзасидан Россия Федерацияси ЖК 105 моддаси 1- қисми (қотиллик) асосида жиноий иш қўзғатилгани маълум қилинди.

Тадбиркорни ўлдириш кимга керак?

Бу қотиллик тўғрисида суриштирув ўтказган “Фонтанка.ру” интернет газетаси водийлик экани айтилаётган Ҳалиловни қотиллик содир бўлган кун унинг ўғли машинасида уйи олдига олиб келиб, тушириб кетганини аниқлади. Терговчилар ҳодиса гувоҳи йўқлиги, яқин-атрофда яшовчилар фақат ўқ овозларини эшитганини очиқлади.

Питерлик журналистлар хабарига кўра, ҳодисадан роса икки ҳафта ўтиб Петербургга Тошкентдан Миллий хавфсизлик хизмат ходимлари етиб келган. 17 март куни улар маҳаллий касбдошлари билан Ҳалилов ўлдирилиши масаласида махсус йиғилиш ўтказган.

Матбуотга сиздирилган маълумотга кўра, ўзбек кучишлатар тизимларини Зафаржоннинг диндор экани қаттиқ қизиқтирган. Марҳум шахс кичик бизнесидан тушаётган даромаддан бир оз қисмини Санкт-Петербургнинг Апраксино бозоридаги мусулмонлар масжидига сарфлаб келган.

Айтиш жойизки, 2013 йилда Апраксино бозоридаги полиция облавасида кўплаб сабабсиз ҳибс этилган диндорлар орасида Зафаржон Ҳалилов ҳам бўлгани айтилди.

Шунингдек, айнан Зафаржон Ҳалилов Сенной майдонидаги масжиднинг очилиши ташаббусчиларидан бири бўлгани маълум қилинди.

- У жуда очиқкўнгил, тўғрисўз бўлган. Ўзбекистондаги муаммолар тўғрисида кўп сўзлашарди. У ердаги олиб борилаётган сиёсат унга ёқмасди. Унинг яқин қариндошларидан бири Ўзбекистонга экстремизм учун қамоққа тушган. Уни ўзини бир неча маротаба сўроқ қилиш учун чақиртиришган, аммо тушунарли сабабларга кўра у юртига бормади, деди “Фонтанка” журналистига ўлдирилган шахсни таниганлардан бири.

Унинг яқинлари ўлдирилишидан бир ойча олдин Зафаржон асабий бўлиб қолгани, унинг орқасидан биров кузатиб юргани тўғрисида сўзлагани ва кўп вақтини тоат-ибодатга сарфлай бошлаганини эслади.

Петербург мусулмонлар жамоасида бу қотилликка Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг алоқаси борлиги тўғрисида миш-мишлар юрган бўлса, бошқа кузатувчилар қотилликни унинг бизнеси ва ўз ҳамюртлари билан келиб чиққан келишмовчиликлар билан боғламоқда.

Ҳар ҳолда, ойига арзимаган 30 минг рубль даромад келтирадиган мантихонадан ташқари “Нексия” миниб юрадиган Зафаржон Ўзбекистондан мочалка олиб келиб сотгани маълум.

“Фонтанка”чи мухбирлар мурожаатига полиция бошқармасида ўзбек махфий хизмат ходимларининг ташрифини “тасодифий” деб атаб, “улар Москвага командировкага келгани ва йўл-йўлакай Петербургга кириб кетгани” тўғрисида жавоб олганларини ёздилар.

Ўз ўрнида, маҳаллий экспертлар ва терговчилар Зафаржон Ҳалиловнинг ўлдирилишини “исломчи”лар билан боғлиқлиги тўғрисидаги версияни ҳам кўриб чиқаётганини билдирган.

Имом Фуад Рустамхўжаев ҳам олтита ўқ билан ўлдириб кетилган

Имом Фуад Рустамхўжаев ҳам олтита ўқ билан ўлдириб кетилган

Россияда кейинги йиллар ичида бир нечта мусулмон жамоалари раҳбарлари ўлдириб кетилди.

2011 йилнинг 24 сентябрида Россиянинг Иваново шаҳрида Ўзбекистон Халқ Ҳаракати етакчиларидан бири Фуад Рустамхўжаев отиб кетилган эди. Қотил Россия фуқаролигида бўлган Рустамхўжаевга ҳам қарата олтита ўқ узилгани айтилган. Шаҳарда майда савдогарлик билан кун кечирган Фуад Рустамхўжаев кўп йиллардан буён Ивановодаги бош масжиднинг имом хатиби бўлган.

2010 йилнинг 10 октябрида уйига кетаётганида номаълум шахслар томонидан ўз машинасида отиб кетилган Янги Уренгой масжиди имоми Исомуддин Акбаров шулар жумласидандир. Асли Наманган вилоятининг Уйчи туманидан бўлган 51 ёшли Исомуддин Акбаров 90-йиллар ўрталаридан буён Янги Уренгой масжидида имомлик қилиб келган.

Исомуддин Акбаров ва Фуад Рустамхўжаевнинг қотиллари ҳам ҳанузгача аниқланмади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG