Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:04

Асака ҳокими Шоввозов "намунали уйларни" алдов йўли билан сотаётгани айтилмоқда


Президентнинг "намунали уйлари" сифати ўзбекистонликларни ўзига жалб эта олганича йўқ
Президентнинг "намунали уйлари" сифати ўзбекистонликларни ўзига жалб эта олганича йўқ

Андижон вилояти Асака тумани ҳокими Тоҳиржон Шоввозов туман ҳудудида қурилаётган намунали уйларни сотиб олувчиларга берган ваъдасидан тонмоқда. Сифати пастлиги учун давлат қураётган уйларни сота олмаган ҳоким бош вазирдан дакки эшитгандан кейин потенциал ҳаридорларга ер участкалари беришни ваъда қилган. Ҳоким ваъдаларига учиб, ҳали қурилмаган уй учун 50 миллион сўмдан аванс тўлаб қўйган асакалик тадбиркорларнинг Озодликка айтишича, ҳоким ҳозирда ўз ваъадаларни бажаришдан бўйин товламоқда. Шоввозов бу иддаоларни изоҳлашдан бош тортди.


Андижоннинг Асакасида ҳали қурилмаган “намунали уйлар” учун 50 миллион сўмдан (расмий курс бўйича тахминан 18 минг АҚШ доллари) аванс тўлаб қўйганлар номидан Озодликка мурожаат қилган асакаликнинг айтишича, ҳар бири 187 миллион сўмга тушадиган кўчмас мулк объектларининг ўзи ҳеч кимни қизиқтирмайди. Шу сабабдан Асака тумани ҳокими Тоҳиржон Шоввозов одамларни қизиқтириш учун давлат дастури доирасида қурилаётган уйларга ер участкалар қўшиб беришни ваъда қилган.

“Бу уйлар жуда сифатсиз, Андижоннинг собиқ ҳоким Аҳмаджон Усмонов даврида қурилган уйларнинг деворлари ўпирилиб тушган, ёрилиб кетганини ҳамма билади. Нафақат Асака, бутун Андижонда бу уйларни ҳеч ким олмайди, мажбурлаб сотишади. Шу уйларнинг сотилиши масаласида бош вазир Шавкат Мирзиеёв селектр ўтказган, Асака ҳокими Шоввозовни нега уйларни сотмаяпсан, деб роса сўккан. Кейин Шоввозов маҳаллий тадбиркор, фермерларга уй олсаларинг ер қўшиб бераман, теплица учун 30 сотих, уй-жой қуриш учун 8 сотих ер, фермер хўжалик ташкил қиламан, деганларга 5 гектардан 10 гектаргача ер ваъда қилди. Одамлар ана шу ерга қизиқиб, ҳали қурилмаган уйлар учун 50 миллион сўмдан тўлаб қўйишди. Уйлар 187 миллионга тушар экан, яқинда яна оралиқ тўлови бўларкан унга 10 миллион тўлашимиз керак экан. Қолганини кердит қилиб берамиз деяпти. Лекин пулни тўлатиб бўлиб, ҳоким энди ваъдасидан тоняпти. Ҳаммамиз сарсон”, дейди асакалик суҳбатдошимиз.

Унинг айтишича, ҳокимнинг ваъдаларига учиб, 50 миллион сўм аванс тўлаб қўйганлар 50 кишидан ошган. Улар орасида нафақат тадбиркор ва фермерлар, ер олишга қизиққан бошқа фуқаролар ҳам бор.

Президентнинг "намунали уйлари" жозибадорлик билан ажралиб турмайди
Президентнинг "намунали уйлари" жозибадорлик билан ажралиб турмайди

Асака ҳокимлигидаги Озодлик манбаси ҳоким бош вазирдан дакки эшитганидан кейин туман ҳудудида қурилаётган “намунали уйлар”га ҳаридор топиш учун ер қўшиб бериш ваъдаларидан ташқари, ҳокимлик тасарруфидаги ташкилотларга биттадан ҳаридор топиш топшириғини берганини тасдиқлади.

“Бош вазир Мирзиёев селектр пайтида Тоҳиржон акани роса сўкади. Бу ўтган йилнинг ёз ойларида бўлаётган гап. Нега намунали уйларга ҳаридор йўқ, деб онаси қолмайди, хотини қолмайди, ҳаммасини оғзига келган гап билан сўкади. Шундан кейин ҳоким нима қилиб бўлса ҳам, шу уйларга ҳаридор топиш керак, деб ҳар бир ташкилот – СЭС, почта, телеком, солиқ, молия, банклар, агропром, ҳокимятнинг ҳар бир бўлими бошлиқларига уйларга ҳаридор топишни топширади. Албатта, ҳаридорнинг ҳар бири ҳокимнинг олдига чақиртириллган, ҳоким шахсан суҳбатлашиб, ер беришни ваъда қилган. 50 миллион сўмни тўлаш учун ҳар бир ҳаридорга ҳокимият вакилини қўшиб жўнатган”, дейди Асака ҳокимлиги вакили.

Озодлик мухбири Асака тумани ҳокими “ёлғон ваъдалар билан бизга ҳеч ким олмайдиган давлат уйларини сотди”, деган шикоятчиларнинг бир неча нафари билан гаплашди. Уларнинг аксари ҳоким ўз ваъдалари устидан чиқишига ишончлари комил эмаслигини билдиришди. “Намунали уй” ҳаридорларидан бири эса ҳозирча ер ололмагани, лекин “ҳокимдан норози эмаслигини” таъкидлади. “Менда ҳеч қандай муаммо йўқ”, деди у.

Асака тумани ҳокими Тоҳиржон Насретдинович Шоввозовнинг ўзи билан ҳам боғландик. Ҳоким мухбирингиздан шикоятчилар шахсини очиқлашни талаб қилди. Бу талаб бажарилмагани боис, телефон гўшагини қўйиб қўйди.

- Ким шикоят қилди? Фамилиясини айтинг! Фамилиясини айтмасангиз, менга қўнғироқ қилманг, бўптими, - дея гапни қисқа қилди ҳоким.

Президент Ислом Каримов ғояси билан 2009 йилдан бери қуриладиган “намунали уйлар” билан боғлиқ муаммолар Озодлик тез-тез ёритадиган мавзуга айланган.

Қурилиш ишларининг сифатсизлиги, давлат дастурига ажратилган маблағларнинг жойларда талон-торож қилиниши, уйларни қуриш ишларига талаба ва ўқитувчилар каби малакасиз иш кучининг жалб этилиши, харажатлар ўқитувчи ва шифокорлар ҳисобидан қопланиши “намунали”, деб аталадиган бу объектларга ўзбекистонликлар қизиқиш орттираётгани йўқ.

Ҳукумат расмийлари мазкур лойиҳага оид камчиликлар, жумладан маблағларнинг мақсадсиз ўзлаштирилаётгани ва уйларнинг сифати пастлигини тан олинган.

XS
SM
MD
LG