Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:29

Ўзбекистон динозаврига Амир Темур шарафига Timurlengia номи берилди


Ўзбекистоннинг Қизилқум чўлида тираннозаврнинг аввал маълум бўлмаган турининг қолдиқлари топилди. Бу ҳақда халқаро ахборот агентликлари ҳамда илмий нашрлар хабар берди.

Қолдиқларни Эдинбург университети ходимлари АҚШ ва россиялик ҳамкасблари билан ҳамкорликда топган. Олимларнинг айтишича, топилган қолдиқлар тираннозавр қандай эволюция қилганини англашимизга кўмак беради.

Янги турни Амир Темур номи билан Timurlengia euotica деб аташди. Палеонтологлар асосий қолдиқ динозавр бош суягининг мияни ўраб турган қисми эканлигини билдиришди. Бундан ташқари, ҳудудда яна бир неча суяк қолдиқлари топилган. Компьютер томографияси ёрдамида янги турнинг мияси ундан кейин яшаган тираннозаврларникига ўхшаш эканлиги аниқланди.

Бундан тахминан 170 миллион йил аввал илк тираннозаврлар юзага келган ва ўнлаб миллион йил давомида уларнинг танаси нисбатан кичик бўлган. Ҳозиргача тираннозавридлар қандай эволюция қилгани тўлиқ маълум эмас эди. Орада 20 миллион йилдан ортиқ бўшлиқ юзага келган эди.

Тадқиқотга етакчилик қилган таниқли палеонтолог Стивен Брюсатт Би-Би-Сига берган интервьюсида: “Динозаврнинг бутунлай янги турини топдик. Бу тираннозаврнинг яқин қариндошларидан биридир. Лекин у анча кичик бўлиб, тахминан отдек бўлган. У бўр даврида тарқалган бўлган. Айнан шу давр бўйича қолдиқлар йўқ эди”, деди.

Ўзбекистон динозаврига Амир Темур шарафига Timurlengia номи берилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:37 0:00

Timurlengia euotica тахминан 90 миллион йил аввал яшагани, патлари бўлган ва бўйи кўпи билан 1,7 метр, вазни эса тахминан 250 кг бўлган. Солиштириш учун тираннозаврнинг бўйи 12 м, вазни эса 7 тонна бўлган. Timurlengia euoticaнинг оёқлари узун бўлган, жағида ўткир тишлари бўлган ва у тез чопа олган.

“Timurlengia euotica чаққон овчи бўлган. Гўштни кесиш учун узун, пичоқсимон тишлари бўлган. Тахминимизча, у йирик ўт-ўлан истеъмол қилувчи ҳайвонларни, айниқса, ўрдак тумшуқли динозаврларни еб кун кечирган”, деди Табиий тарих миллий музейи ходими Ҳанс Сюс.

Брюсатт оралиқдан аввал тираннозаврлар кичик бўлгани, кейин эса барчаси йирик бўлгани ҳайратланарли эканлигини айтди. Олимларга кўра, Ўзбекистон 20 миллион йиллик оралиқ давомида яшаган жонзотлар қолдиқларини топиш мумин бўлган жуда оз жойларнинг биридир.

Proceedings of the National Academy of Sciences журналида чоп этилган мақолада Timurlengia euoticaга батафсил тавсиф берилган.

XS
SM
MD
LG