Линклар

Қирғизистон ҳукумати Ўзбекистоннинг ўзбек-қирғиз чегарасидаги баҳсли ҳудудга ҳарбий техникаларни жойлаштириб, ўтиш пунктларини ёпганига норозилик билдириб, расмий Тошкентга нота жўнатди.

Бу ҳақда хабар қилган Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Дониёр Сидиковга кўра, расмий Бишкек Ўзбекистондан зудлик билан чегарага қўйилган блок-постларни олиб ташлашни талаб қилган.

Сидиковга кўра, ўзбек томони ўзининг ушбу ҳаракатлари билан чегараолди ҳудудидаги икки халқ ўртасида можаролар келиб чиқишига сабаб бўлишидан огоҳлантирилган.

Қирғиз расмийларига кўра, Ўзбекистон чегарачилари 18 март куни эрталаб Қирғизистон билан баҳсли бўлиб турган ҳудудга камида битта бронетронспортёр билан кириб келиб, чегара пости ўрнатган ва баҳсли ҳудуддан ўтган Карвон-Олабуқа йўлидан кетаётган йўловчиларнинг ҳужжатларини текшира бошлаган.

Бундан ташқари ўзбек томони ўзбек-қирғиз чегарасидаги бир қатор ўтказиш пунктларини ёпгани ҳам хабар қилинди.

Қирғизистон Чегара хизматининг билдиришича, баҳсли ҳудуддаги ўзбек ҳарбийлари сони 35-40 кишини ташкил қилади.

​Ўз навбатида Қирғизистон “Баймак-автойўл”, “Кенсой-автойўл” ва “Қадамжой-автойўл” чегара бекатларидан Ўзбекистон фуқароларининг кириб-чиқишини тақиқлаб қўйди.

Ўзбекистон расмийлари ҳозирча Қирғизистон билан чегарадаги бу ўзгаришларни изоҳлагани йўқ.

Ўзбекистон ҳукумати одатда "Наврўз" ва Мустақиллик" байрамлари арафасида мамлакат чегараларида назоратни кучайтиради. Мамлакатга кириш постларига қўшимча кучлар ташланиб, чегарага блок постлар ўрнатилиши кузатилади.

Айрим кузатувчилар Қирғизистон чегарасидаги бугунги вазиятни ҳам "Наврўз" байрами олдидан бўладиган одатий хавфсизлик чоралари сифатида баҳоламоқда.

XS
SM
MD
LG