Линклар

Бугун (2016 йил 18 март жума куни) "Жўрабек" жоме масжидининг асосий биноси қурилиши бошланиб, биринчи ғишт қўйилди.

Ўтган йил апрел ойида рўй берган ёнғин оқибатида масжид биносининг 90 фоизи яроқсиз ҳолга келган эди.

Ўтган муддат давомида масжидни қайта тиклашни қўшни маҳаллада яшовчи тошкентлик "тадбиркор" Салим Абдувалиев ўз зиммасига олгани ҳақидаги миш-мишлар урчиб кетганди.

Салим Абдувалиев Тошкент шаҳарининг Яшнобод (собиқ Ҳамза) туманидаги “Жўрабек” масжидини таъмирлаш харажатларини ўз зиммасига олгани тўғрисида Uzmetronom.com нашри 6 май куни хабар қилди.

Бугунги масжид қурилишини бошлаш тадбирида Ўзбекистон муфтийси Усмонхон Алимов масжид пойдеворига дастлабки ғиштни қўйди.

Тадбирда Тошкент шаҳар бош имом хатиби Анвар қори Турсунов, шайх Абдулазиз Мансур, Тошкентдаги бир қатор масжидларнинг имомлари ва бошқа шаҳар расмийлари иштирок этди.

Анвар қори Турсунов масжид қурилишига кўмак кўрсатганларни дуо қилди

Анвар қори Турсунов масжид қурилишига кўмак кўрсатганларни дуо қилди

Салим Абдувалиевнинг ўзи тадбирда кўринмади.

Ўзбекистон Дин ишлари қўмитаси масжидни қуриш ишлари қайси маблағ эвазига амалга оширилишини аниқлаштирмаган.

Ўзбекистон Дин ишлари қўмитасининг Масжидлар бўлими бошлиғи Мухаммадбобур Йулдошев Озодлик билан суҳбатда ёнғиндан зиён кўрган “Жўрабек” масжиди Салим Абдувалиев пулига таъмирланиши ҳақидаги хабарларни на тасдиқлаган, на инкор қилган эди.

- Асосан ҳашар йўли билан қилинади,- дея гапни қисқа қилган эди Йўлдошев.

Пойтахтликлар орасида эса, Ўзбекистон Юнон-рим кураши федерацияси раиси ва халқ орасида Салимбой деган ном билан танилган 65 яшар тадбиркорнинг “Жўрабек” масжидини қайта тиклашга бел боғлагани мантиққа тўғри келишини айтишмоқда.

Чунки Салим Абдувалиев айнан шу масжид жойлашган маҳаллада яшайди.

2011 йилда WikiLeaks сайти эълон қилган АҚШ дипломатик ёзишмаларда ҳам Салим Абдувалиев "криминал авторитет" дея таърифланган эди.

"Ўзбекистон ҳукуматидаги юқори лавозимли мулозимларнинг "криминал авторитет", деб танилган Салим Абдувалиев билан яқин алоқалари бор", дейилади АҚШ махфий депешаларида.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG