Линклар

Ростов-Донда қулаган учоқдаги ўзбекистонликнинг шахси маълум қилинди


Россиянинг Ростов-Дон шаҳрида қулаган учоқдаги 62 қурбон орасида бўлган 47 яшар ўзбекистонлик аёлнинг номи Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги сайтида эълон қилинди. 20 март куни Boeing 737-800 ҳалокати жойида қидирув-қутқарув ишлари якунланиб, жасадларни идентификация қилиш жараёни бошланди. Ўзбекистон президенти Каримов фожеа муносабати билан Россия президенти Путинга ҳамдардлик йўллади.

Учоқда бир ўзбекистонлик аёл бўлган

FlyDubai ширкатига қарашли самолёт 19 март куни тонгда Ростов-Дон аэропортига қўна бошлаган кезда ерга қулаб, парчаланиб кетди. Унинг бортидаги 62 кишининг ҳаммаси нобуд бўлди.

20 март куни Ростов-Дон шаҳрида мотам эълон қилинди.

Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги йўловчиларнинг асосий қисми Россия фуқаролари экани, бортда бошқа давлатлардан 17 фуқаро, хусусан Ўзбекистондан бир фуқаро борлигини маълум қилди.

Вазирлик эълон қилган рўйхатда бу фуқаронинг 47 яшар Аллен Лариса Юрьевна экани айтилган. Ҳозирча Ўзбекистоннинг Россия ва Дубайдаги элчихоналари бу маълумотни изоҳлагани йўқ.

Каримов Путинга ҳамдардлик йўллади

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Россиянинг Ростов-Дон шаҳрида ҳалокатга учраган Boeing-737-800 йўловчи ташувчи самолёт фожеаси юзасидан Россия президентига ҳамдардлик йўллади.

Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Қидирув-қутқарув ишлари тўхтатилди

Россия Транспорт вазири Максим Соколов 20 март куни қидирув-қутқарув ишлари тўхтатилгани, айни пайтда жасадларни идентификация қилиш ишлари бошланганини маълум қилди. Идентификация жараёни, об-ҳаво яхши бўлган тақдирда, икки ҳафтага чўзилиши мумкин.

20 март куни тарқатилган расмий маълумотга кўра, воқеа жойидан топилган қора қутиларга жиддий шикаст етган ва улардан бирор маълумот олишнинг қарийб имкони бўлмаслиги мумкин.

Россиялик терговчилар 19 март куни Ростов-Дон шаҳри аэропортида қулаган йўловчи самолёти фожеаси сабабларини ўрганмоқда.

Ҳозирда ҳалокат сабаби сифатида уч версия - ёмон об-ҳаво, техник носозлик ёки учувчининг хатоси кўрилмоқда.

FlyDubai авиаширкати ўз терговини олиб бормоқда

FlyDubai авиаширкати ўз Facebook саҳифаси орқали: “Дубайдан Ростов-Донга учган FZ981 рейси дуч келган ҳодисадан хабаримиз бор. Бу хусусда тергов олиб боряпмиз”, дея билдирди.

FlyDubai ширкатига кўра, лайнер бортида бир нафар Ўзбекистон фуқаросидан ташқари, 44 россиялик, 8 украиналик, икки нафардан ҳиндстонлик ва испаниялик ҳамда Қирғизистон, Колумбия, Сейшел оролларининг бир нафардан фуқароси бўлган.

Россия Президенти Владимир Путин Ростов вилояти губернатори Василий Голубев билан телефон орқали суҳбатлашиб, қурбонлар яқинларига ёрдам кўрсатишни буюрди.

Учоқ икки соат қўнишга уринган

Давлатга қарашли ТАСС агентлигининг хабар қилишича, Россия Тергов қўмитаси ўтказган дастлабки суриштирувда учоқ қўнаётган пайтда аэропорт қўниш йўлагига урилиб, парчаланиб кетгани аниқланган.

Шанба тонгда Ростов-Донда ёмғир, қаттиқ шамол бўлди.

Парвозлар кузатуви билан шуғулланувчи Flightradar24 вебсайтига кўра, учоқ қўнишга уринишдан аввал аэропорт устида икки соат айланиб юрган. Мазкур вебсайтган кўра, Аэрофлот ширкатига қарашли учоқ ҳам Ростов-Дон аэропортига бир неча марта қўнишга ҳаракат қилган, лекин бунинг уддасидан чиқа олмасдан, бошқа йўналиш бўйча учиб кетган.

Россиянинг LifeNews телеканали тарқатган хабарга кўра, учоқ қўниш йўлагига бир неч юз метр етмасдан ерга урилган. Учоқ об-ҳаво ёмонлиги боис иккинчи марта қўнишга ҳаракат қилаётган бўлган.

Телеканалнинг билдиришича, учоқ парчалари бир ярим километр майдонга сочилиб кетган. LifeNews-нинг яна хабар қилишича, ҳаво шароити ёмонлиги боис бошқа учоқлар Краснодар аэропортига жўнатилган.

FlyDubai обрўли ширкатлардан биридир

Бюджетли парвозларни амалга оширувчи FlyDubai ҳаво ширкати 2008 йилда ташкил этилган.

Ширкат хавфсизлик бўйича яхши обрўга эга ва учоқ парки ҳам нисбатан янги самолётлардан иборат.

Дубай-Ростов йўналиши бўйича парвозлар 2013 йилда йўлга қўйилган.

19 март куни ҳалокатга учраган учоқ сўнгги бор жорий йил январида кўрикдан ўтказилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG