Линклар

logo-print

Совет афсонаси уйдирма эканини фош этган Россия давлат архиви директори ишдан олинди


Сергей Мироненко

Сергей Мироненко

Том Балмфорт

Россия давлат архивининг узоқ йиллардан бери фаолият юритиб келаётган директори Иккинчи жаҳон уруши даврида юзага келган машҳур совет афсонаси уйдирма эканлигини исботлаб, юқори лавозимли расмийларни совет “мифларига” қарши курашишга чақирганидан кейин бир йил ўтмай ўз лавозимидан четлатилди.

Давлат архивига 1992 йилдан бери раҳбарлик қилиб келган Сергей Мироненко архивнинг тадқиқотлар бўлими етакчиси этиб тайинланди.

Озодлик радиоси рус хизматига 16 март куни берган интервьюсида Мироненко бу “умумий қарор” натижаси эканлигини, ўзи ва рус расмийлари, жумладан, маданият вазири Владимир Мединский ўртасида 2015 йил рўй берган тўқнашув асосий омил бўлмаганини айтди.

Аммо “Московский комсомолец” кундалик газетасининг хабар беришича, архивдаги манбалар Мироненкони барча ҳамкасблари жуда ҳурмат қилишини, унинг тўқнашувлари кутилмаганда ўз лавозимидан бўшатилишига сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини айтган. Мироненконинг ўринбосари Лариса Роговая амалдаги директор этиб тайинланган.

Мироненко Совет Иттифоқи парчаланиб кетганидан кейинги очиқ-ойдинлик пайтида асос солинган давлат архивига чорак аср давомида етакчилик қилган.

Мироненко 2015 йилнинг июлида 1948 йил юқори табақали совет расмийлари бир-бирига юборган, аввал ўта махфий бўлган ҳужжатларни чоп этди. Ҳужжатлар ҳозиргача машҳур бўлиб келаётган, Панфиловнинг 28 гвардиячиси ўлароқ маълум бўлган совет аскарлари ҳақидаги афсона ёлғон эканлигини фош қилди. Мироненконинг бу қадами Владимир Путин ҳукуматига маъқул келмади.

Афсона генерал-майор Иван Панфилов бошчилигида совет аскарлари ҳақидадир. Унга кўра, бу аскарлар 1941-42 йилларнинг қишида Москва четида немис танклари билан курашиб ҳалок бўлган. Шу сабаб бу аскарлар миллий жасорат рамзига айланган, уларга ўлимларидан кейин турли унвонлар берилган. Ҳозиргача “Панфиловчилар” деб аталувчи кўчалар бор. Россия маданият вазирлиги қўллови билан олинган, панфиловчиларнинг қаҳрамонлигини олқишловчи бадиий фильм май ойида катта экранга чиқарилиши кутилмоқда. Фильмнинг трейлери аллақачон чиқарилган:

Аммо давлат архиви эълон қилган ҳужжатда совет расмийлари ҳалок бўлгани айтилган аскарларнинг айримлари аслида тирик эканлиги аниқланганидан кейин бу афсона уйдирма эканлигини тан олгани кўрсатилган.

Ўтган йилнинг 20 июлида Мироненко Озодликнинг рус хизмати ташкиллаштирган жонли дастурида иштирок этиб, Панфилов афсонаси нафақат миф, балки атайин яратилган уйдирма эканлигини айтди.

Давлат архиви каби расмий институтнинг совет афсонаси уйдирма эканлигини исботлаши президент Путин ўзининг учинчи муддатида олиб бораётган консерватизм сиёсати, Иккинчи жаҳон урушида Совет Иттифоқи эришган ғалабанинг ғоявий аҳамияти ҳамда ҳозирги кунда совет даврига бўлган соғинч руҳига зиддир.

Ҳужжатларнинг чоп этилиши маданият вазири Владимир Мединскийнинг ғазабини келтирди. Мединский Мироненкони вазмин архивчи сифатида ишлаш ўрнига ҳужжатларга баҳо беришда айблади. Россия архиви директори “ёзувчи, журналист, тарихий уйдирмаларга қарши курашувчи эмас. Агар ишини алмаштирмоқчи бўлса, буни тушунса бўлади”, деган эди Мединский.

Мироненко аввал ҳам расмийлар ғазабини келтирган. 2015 йилнинг июнида у Россия матбуотининг конгрессида чиқиш қилиб, совет мифларига қарши курашиш ҳақида сўзлаган. Конгресс иштирокчилари орасида Дума спикери Сергей Наришкин ҳамда президент маъмурияти бошлиғи Сергей Ивановлар бўлган.

Мироненко ўшанда Панфилов афсонаси уйдирма эканлигини фош этиб, совет диктатори Иосиф Сталинни танқид қилган, Шарқий Европани фашистлар Германияси ҳамда Совет Иттифоқига бўлиб берган Молотов-Риббентроп пакти аслида Гитлер-Сталин пакти деб номланиши керкалигини айтган эди.

Мединскийнинг ўзи эса ўринбосарларидан бири бўлмиш Григорий Пирумов 15 март куни коррупцияда айбланиб Федерал хавфсизлик хизмати томонидан қўлга олинганидан бери сиёсий босим остида қолмоқда.

XS
SM
MD
LG